Чилангар билан газчининг “ҳамкорлиги”

10:30 - 02.06.2021

10

Бекободлик Шавкат Бобохонов ўз қишлоғида нонвойхона очган. Шунинг ортидан даромад қилиб, оиласини боқиб келарди. Январь ойида «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамиятининг АКТ маркази Бекобод туманлараро газ таъминоти участкаси оператори бўлиб ишлаган Д.О.нинг гапи уни ўйлантириб қўйди. Нима эмиш, нонвойхонанинг газдан 22 млн. сўм қарзи бор эмиш. Ҳар ой газ учун пул тўлайдиган Ш.Бобохонов бу қарз қаердан пайдо бўлганини билмай боши қотди.

Д.О. бамайлихотир «ишонмасангиз компьютер базасидан кўрсатаман» деб қўлидаги телефонни унга тутқазди. Ш.Бобохонов ростдан ҳам унинг ҳисобида 22 млн. қарзи борлигига гувоҳ бўлди. Аслида бу Д.О. билан «Газсервис дизайн» унитар корхонасининг Бекобод туманидаги лабораторияси чилангар-метрологи Ғ.Х.нинг найранги эди. Улар ваколатидан фойдаланиб Ш.Бобохоновни «қарздор» қилиб қўйишганди.

Фирибгарлар тушкунликка тушган нонвойга далда бериб, 5 млн. сўм берса, компьютер базасидан 22 млн. сўм қарзни чиқариб ташлашини айтишди. Ноилож қолган Ш.Бобохонов уларнинг талабига рози бўлди. Аммо кейинроқ ўзига келди. Газ учун пул тўлангани ҳақидаги квитанцияларни олиб, туман газ идорасига борди. Ҳисоб-китоб қилдирса, қарз эмас, аксинча, 624 минг сўм ортиқча маблағи бор экан. Шундан сўнг газчиларнинг фирибгарлиги ҳақида тегишли жойга ариза билан мурожаат қилади.

Департаментнинг Бекобод тумани бўлими ходимлари ўтказган тадбирда Д.О. ва Ғ.Х. Ш.Бобохоновдан фирибгарлик билан 5 млн. сўм пул олаётган пайтида ушланди.

Жиноят ишлари бўйича Бекобод тумани судида айбдорларга нисбатан ҳукм ўқилди. Унга кўра судланувчилар базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баробари миқдорида жаримага тортилиб, бир йил моддий жавобгарлик билан боғлиқ вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.