Рестораннинг алоҳида хонасида…

17:30 - 01.06.2021

12

Адиз Ҳамроев (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) ва Санжар Тўраев тил бириктиришди. Бир танишининг тўйида учрашиб қолган шерикларни нафс жиноят кўчасига етаклади.

– Сизбоп зўр бир иш бор, – деди С.Тўраев.– Вобкентлик бир танишим Ромитанда “дом” қурмоқчи. 50 минг доллари борлигини айтди. Шунга бир ёрдам берсак…

С.Тўраев «Карвонбозор»да танишиб қолган Қ.Зафаровни назарда тутганди.

– Ҳа, ҳозир кўп қаватли уй қуриш ҳам бизнес бўлиб кетди… Кўрамиз. Бу масалада бошқа куни гаплаша қолайлик, – деди А.Ҳамроев «балки бир ҳаракат қилиб кўрсам, бировдан олган 15 минг доллар қарзимни ҳам узармидим» деган ўйда.

Бу орада С.Тўраевга Қ.Зафаров қўнғироқ қилиб режаси ўзгарганини, ўрнига М.Матёқубов деган таниши ер олишини ва бориб учрашишини айтди. Эртасига М.Матёқубов билан учрашишга келишилди. У билан Ромитан  тумани Муҳаммад Самосий кўчасида учрашишди. 12 сотих ер 45 минг доллар келтириб берса, уники бўлишини тушунтиришди.

– Майли, мен розиман. Фақат уйдагилар билан бир маслаҳатлашиб олай, – деди суҳбат якунида М.Матёқубов.

– Корхонангизнинг ҳужжатлари билан келишганимизнинг ярми – 22500 долларни олиб келасиз, ишингиз битади, худо хоҳласа, – деди А.Ҳамроев. – Бу иш учун менга ҳам, Санжарга ҳам бир тийинингиз керак эмас.

2020 йил 10 ноябрь куни соат 16:30 ларда бу машмашага бош-қош бўлган С.Тўраев унга қўнғироқ қилиб, М.Матёқубов ҳисобчиси билан бирга Ромитан туманига келганини, у айтган жойни кўрганини, М.Матёқубов у билан кўришмоқчи бўлганини айтганда А.Ҳамроев «иш битадиган шекилли» деган хаёлга ҳам борди. Ромитан тумани ҳокимлиги биноси олдида М.Матёқубов билан учрашганда у ер олиш учун келишилган пулни олиб келолмаганини, шу куни кечаси Тошкентга кетаётганини айтди.

– Ҳеч бўлмаса 10 минг долларни бериб кетинг. У ерга сиздан бошқа харидорлар ҳам бор. Қўлдан кетиб қолмасин дейман-да. Кейин мендан хафа бўлиб ўтирманг, – деди бироз кайфияти тушиб уни ишонтириш учун. Аммо бу иши билан обрўси қўлдан кетишини хаёлига келтирмасди.

– Албатта ҳаракат қиламан.

15 дақиқа ўтиб телефон қилган М.Матёқубов пулни пайшанба куни етказишини айтди.

2020 йил 12 ноябрь куни С.Тўраев телефон қилиб, Бухоро шаҳридаги «Парранда» ресторанида учрашишни, М.Матёқубов пулни олиб келишини айтди.

Рестораннинг алоҳида хонасида М.Матёқубовга тегишли МЧЖнинг ҳужжатлари ва 22500 АҚШ долларини жиноятчилар ердан топсанг ҳам санаб ол деганларидек шиқиллатиб санаб олишди…

Зукко ўқувчи оқибат нима бўлганини англаб етди. Чунки жиноятга жазо муқаррар. Судланувчилар айбдор деб топилиб, қилмишларига яраша жазога тортилди. А.Ҳамроевга 4 йилу 9 ой, С.Тўраевга 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.