Оғуфуруш бот

12:00 - 01.06.2021

4

1983 йилда туғилган Руфат Ғайнуллин (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2020 йил декабрь ойида телефонини титкилаб ўтириб, тўсатдан кўзлари порлаб кетди. «Бўларкан-ку! Тамаки деб қўйибдими? Номини ҳам топибди, биров билади, биров билмайди. Биз эса жуда яхши биламиз… Хўш, нархи… 150 минг сўм. Жуда яхши…».

У шундай хаёллар оғушида шу заҳоти эълон берган маъмур билан боғланди. Кўрсатилган ҳисобрақамга пайнет орқали айтилган пулни ўтказди. Кўп ўтмай шу саҳифадан телефонига маҳсулот яширилган жой кўрсатилган харита жўнатилди. Унга асосан Мирзо Улуғбек туманига етиб борган Руфат бир четдаги тошни кўтариб, елим пакетни олди ва оғуни минг сўмлик купюрага ўраб, чўнтагига солиб қўйди. Кечки пайт бирга ишлайдиган йигитлар билан учрашиш мақсадида уларникига йўл олди. Бироз суҳбатлашиб ўтирганидан кейин чўнтагидан пакетни олиб, тумба устига қўйди, ўзи эса ташқарига чиқиб кетди. Шу заҳоти уйга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари кириб келишди.

Улар тумба устидаги купюрага ўралган пакетни олиб, холислар иштирокида ҳужжатлаштиришди. Руфат пакет ўзиники экани, истеъмол қилиш учун олиб юрганини маълум қилди.

Ҳужжатлар расмийлаштирилгач, пакетдаги мазкур модда экспертизага юборилди. Суд-кимёвий экспертизаси хулосасига кўра, унинг соф вазни 0,67 граммлиги, кимёвий тузилиши бўйича аминоалкилиндазоллар гуруҳига кирувчи синтетик каннабиноидлардан экани қайд этилган.

Мазкур турдаги жиноятга қўл урганлардан яна бири Руфатдан ўн ёш кичик бўлса-да, икки марта судланишга улгурган Шавкат Назиров бўлади. У ҳам ижтимоий тармоқдаги «Кукиуз» телеграм ботига кириб, ушбу ботга тегишли электрон ҳамёнга банкомат орқали 530 минг сўм ташлайди. Кўп ўтмай «Узботсмарт» боти орқали маҳсулот яширилган жой ҳақидаги маълумот ва унинг суратини телеграм орқали қабул қилиб олади. Вақтни ўтказмай суратдаги жойни излаб бориб, бетон тагидан маҳсулотни олади. Бир-икки марта чекиб кўради. Орадан бир ойча муддат ўтгач, таксида ЙПХ постидан ўтаётганида автомашина тўхтатилиб, текширилади. Текширув жараёнида Шавкатнинг чўнтагидан иккита капсула кўринишидаги дори ва елим пакетга солинган кукунсимон модда топилиб, холислар иштирокида расмийлаштириб олинади.

ИИВ ЭКМнинг экспертиза хулосасига кўра Ш.Назировдан олинган модда а-пирролидиновалерофенон (PVP) эканлиги аниқланган.

Суд томонидан интернет тармоқлари орқали психотроп моддалар харид қилган кашандаларга нисбатан қилмишларига яраша тегишли жазо тайинланди.

Ажал уруғини сотган кимсаларни эса ҳозирча аниқлашнинг иложи бўлмади. Судланувчилар уларни кўришмаган ҳам, кимлигини билишмайди ҳам…