Боғчадан фундамент қолди…

10:30 - 01.06.2021

9

Қўнғирот тумани Хоразм овулида яшовчи И.Утебаев «Samurad» нодавлат таълим муассасаси раҳбари лавозимида ишлаб жиноятга қўл урди. И.Утебаев дастлаб туман ҳокимлиги балансида бўлган «Белқум шойинши» ММТП(муқобил машина трактор парки)нинг эски маъмурий биносидан инвестиция киритиш шарти билан мактабгача таълим муассасаси сифатида фойдаланишни мақсад қилади. Бинони таъмирлаш учун туман ҳокимлигининг қарори асосида рухсат олади.

Шундан сўнг Мактабгача таълим вазирлиги, «Samurad» нодавлат таълим муассасаси ва Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши ўртасида шартнома тузилади ва 75 ўринли муассаса қурилишига 1 млрд. 35 млн. 200 минг сўм пул ажратилиб, мазкур бино хусусий шерикка эгалик ҳуқуқисиз бепул берилади. Лекин И.Утебаев шартномани бажармайди. Аксинча, 198 млн. 372 минг 594 сўмлик мазкур иморатни ўн-ўн бешта ишчини ёллаган ҳолда бузади. Бинодан олинган қурилиш материалларини эса терговда кимлигини аниқлаш имкони бўлмаган фуқароларга бир неча миллион сӯм пулга сотиб юборади.

Шундай қилиб, талон-торож оқибатида йўқ бўлиб қолган бинонинг ўрни текислангач, бу ерда номигагина уч-тўртта хонага мўлжалланган бетон пойдеворни қуйиб қўяди. Аслида қурилишга ажратилган жуда кўп миқдордаги пулни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборади.

Албатта, ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди. И.Утебаев ҳам жинояти учун қонун олдида жавоб берди ва жазога тортилди. Шунингдек, ундан давлатга етказилган моддий зарар ундирилди.