Тўрт қаватли уйни заҳарлашга қодир лампалар

17:30 - 31.05.2021

12

Шу пайтгача корхона ва ташкилотлар, хонадонларни ёритишда энергия тежовчи люминацион лампалардан фойдаланиб келинди. Чунки чўғланма лампалардан уларнинг афзалликлари кўп. Улар электр энергиясини тежаб, иқтисодий фойда келтиради. Шунингдек, узоқ вақт хизмат қилиши туфайли истеъмолчи учун ҳам қулай. Шу боис симобли, бошқача айтганда, люминесцентли лампалар чўғланма лампаларни истеъмолдан сиқиб чиқарди. Бироқ люминацион лампаларнинг инсон соғлиғи учун зарарли жиҳатлари ҳақида ҳамма ҳам билавермайди. Ушбу лампалар таркибида уларнинг узун ёки қисқалигига қараб 60 миллиграммдан 120 миллиграммгача симоб бор. Физик хоссасига кўра суюқ металл бўлган симоб ўтказувчанликни яхшилаб, нурнинг бир хил тарқалишини таъминлайди.

Бу яхши. Бироқ у  инсон учун ўта зарарли моддалардан бири бўлиб, асосан нафас йўли ва тери орқали организмга таъсир кўрсатади. Мутахассисларнинг фикрича, битта симобли лампа синса, тўрт қаватли уйни симоб буғи билан заҳарлайди. Ютилган симобнинг 80 фоизи ўпкада қолади. Инсон симобдан заҳарланганда аввало мия, жигар, ошқозон ва ичак ишдан чиқади, буйраклар ҳам жиддий шикастланади. Энг ёмони, бу металл организмдан чиқиб кетмай, тўқималарда йиғилиб, асаб тизими ва мия фаолиятига салбий таъсир қилади. Симоб осон буғланади ва унинг буғи бошқа органик моддалар билан бирикиши натижасида салбий таъсири янада ортади ва оғир генетик оқибатларга олиб келиши мумкин. Бош оғриғи, ҳолсизланиш, оғиз бўшлиғининг яллиғланиши, қўл-оёқларнинг қалтираши симобдан заҳарланишнинг асосий белгилари ҳисобланади.

Ишдан чиққан чўғланма лампаларни бемалол чиқиндихоналарга ташлашга одатланганмиз. Лекин бу одатни яроқсиз ҳолга келган симобли лампаларга нисбатан қўллаб бўлмайди. Агар битта шундай лампа синса, муайян вақт ўтгач, симоб буғи концентрациясининг инсон организмига зарарли таъсири йигирма баробар ортади ва саломатлигимизга жиддий хавф туғдиради. Шу боис мабодо симобли лампа синса, зудлик билан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ёки унинг шаҳар ва туман бўлимларига мурожаат қилиш керак.

Жисмоний ва юридик шахслар таркибида симоб бўлган лампаларнинг ишлатиб бўлинган ресурсларини низомда белгиланган тартибда утилизация қилишга топширишлари шарт. Жойлардаги экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари, давлат санитария-эпидемиологик  осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати марказлари ва табиатни муҳофаза қилиш қўмиталарига эса уларни назорат қилиш вазифаси юклатилган. Симобли лампалар ишдан чиққанида махсус хизматлар томонидан алмаштирилиши ва қайта ишлаш жойларига топширилиши лозим.

– Илгари вилоятимизда симобли лампаларни зарарсизлантириш билан шуғулланадиган «Экобаланс» МЧЖ бор эди, – дейди Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўлими бошлиғи Мақсуд Қамбаралиев. – Бундан икки йил аввал рухсатнома муддати тугагани туфайли мазкур ташкилот фаолият юритмай қўйган. Ҳозир Андижон, Фарғона, Самарқанд ва Сурхондарёда шундай ташкилот мавжуд. Вилоятимиздаги катта-катта корхона ва ташкилотлар юқорида қайд этилган вилоятлардаги симобли лампаларни зарарсизлантирадиган ташкилотлар билан шартнома тузади ва яроқсиз лампаларни топширади. Масалан, Муборак газни қайта ишлаш ва газ қазиб чиқариш корхоналари Термиз шаҳридаги «Биотехэко» МЧЖга 4500 та яроқсиз лампани топширган. «Шўртангазкимё» МЧЖ 7000 та, «Шўртаннефтгаз» бошқармаси эса 3600 та яроқсиз лампани Фарғона шаҳридаги «Экотозаҳаво» МЧЖга зарарсизлантириш учун топширди. Вилоят «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонаси аҳолидан чиқадиган яроқсиз лампа ва батареялар учун 110 литрлик контейнерлар ёнига қўшимча контейнерчалар ўрнатган экан. Лекин у ҳақда неча киши билади? Хонадон эгалари яроқсиз симобли лампаларни нима қилиш кераклигини билмаслиги аниқ. Кўп қаватли уйлар, маҳаллалардаги чиқиндихоналарда кўпинча яроқсиз ёки синиб ётган симобли лампаларга кўзингиз тушади. Бу эса юртдошларимизнинг симобли лампалардан фойдаланиш маданиятини шакллантиришда тарғиботга эҳтиёж борлигини кўрсатади.