Интерпол марказига мурожаат тушди

12:30 - 31.05.2021

9

Кибержиноятчилар мақсадга етишда фойдаланадиган яна бир найранг борки, ундан ҳам фуқаролар  жабрланмоқда. Яъни киберҳужумчилар ўзларини ишончли шахс сифатида кўрсатиб, инсонлар билан ёзишмалар, сўзлашувлар олиб боради ёки шахснинг қандайдир маълумотларидан фойдаланган ҳолда дастлабки ҳужум векторини яратади. Улар сиздан пул ёки махфий маълумотларга киришни таъминлашингизни сўрашлари мумкин. Ёлғон электрон хабарлар юбориб, фуқароларнинг маблағ билан боғлиқ сирларига эга бўлишади. Қисқача айтганда бу фирибгарликнинг мақсади банк карта рақамлари бўйича махфий маълумотларни ўғирлашдир. Бу киберҳужумларнинг энг кенг тарқалган тури. Масалан, 2020 йил апрель ойида сирдарёлик К.А. ИИВ Интерпол марказига ариза билан мурожаат қилади. Унда Сирдарё туманидаги «P.S.CH» МЧЖ 2020 йил 16 март куни Туркиядаги компаниялардан бири билан электрон почта орқали умумий нархи 53900 АҚШ доллари бўлган 33 хил кимёвий маҳсулот етказиб бериш тўғрисида шартнома расмийлаштирганини, унинг Польшадаги ҳисобрақамига 53900 доллар ўтказиб берганини, бу пулни эса бегоналар ечиб олиб, талон-торож қилганини маълум қилади. Мазкур ҳолатда кибержиноятчилар К.А.ни алдаб, унга Туркиядан маҳсулот етказиб беришни ваъда қилиб 53900 долларни ўзларига тегишли ҳисобрақамга ўтказдириб ечиб олишган ва ғойиб бўлишган. Мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, пул ўтказилган хорижий банк билан алоқа ўрнатилган ҳолда суриштирув олиб борилмоқда.