Гаджетларга қирон келтирувчи 350 мингта дастур бор

18:00 - 28.05.2021

5

Дунёда кибержиноятчиликка қарши кураш қизғин. Бироқ йил сайин интернетдаги жиноятларнинг тури ва кўлами кенгайиши уларга қарши курашнинг замонавий усулларини яратишни тақозо этмоқда.

Касперский лабораториясининг маълумот беришича, ҳар куни халқаро интернет тармоғида тахминан 350 мингта зарарланган дастурий вируслар тарқатилар экан. 2000-йилларда ушбу кўрсаткич атиги 1400 та бўлган.

Республикамизда ҳам рақамлашув жараёни жадал кечмоқда. Рақамли иқтисодиёт вужудга келди. Рақамли технологиялар жорий қилинаётган ҳозирги вақтда маълумотларни узатиш тармоқлари, ахборот тизимлари ва мобиль қурилмаларнинг ишончли ва хавфсиз ишлаши давлат ва жамият барқарорлигини сақлашнинг муҳим шарти бўлиб қолмоқда.

Одатда кибержиноятчилар мақсадига эришиш учун бир қатор зарарли дастурий таъминотларни қўллайди. Жумладан, улар турли вируслар (тизим файлларини зарарловчи дастурий кодлар), троянлар (ҳақиқий дастурий таъминотлар ниқоби остида яширинча фаолият кўрсатувчи зарарли дастурий таъминотлар) тарқатиб, фойдаланувчиларни уларни юклашга мажбурлайди. Қурилмага юкланган вирус ва троянлар эса фойдаланувчининг файл ва маълумотларини шифрлайди. Шундан сўнг жиноятчилар маълумотларни тиклаб беришни таклиф қилиб ёки йўқ қилиш таҳдиди билан пул талаб қилишади. Масалан, наманганлик Ж.М. «Telegram» ижтимоий тармоғида «Uydagi_yulduzlar», «Fan club miz – uyda qoling» деб номланган канал очади ва унга «Net nomer aniqlovchi.apk» файл дастурини юклайди. «Киберхавфсизлик маркази» давлат унитар корхонасининг хулосасига кўра каналга жойланган мазкур файл зарарли дастурий таъминот ҳисобланар экан. Ушбу дастур «Android» қурилмаларнинг экранини қулфлаш учун мўлжалланган бўлиб, уни юклаб олган шахснинг мобил қурилмаси экрани блокланиб, фойдаланувчидан қандайдир парол киритишини талаб қилавераркан. Шундан сўнг Ж.М. қурилма эгаси билан алоқага чиқиб маълум бир ҳақ эвазига паролни беришини айтган. Қурилмалари блокланиб қолган фуқаролар пайнет орқали Ж.М. талаб қилган пулни у айтган манзилга ўтказиб беришган. Аммо пулни олган Ж.М. паролни бермасдан улар билан алоқани узаверган. Жабрланувчилардан тушган аризалар бўйича олиб борилган қидирув жараёнида кибержиноятчи қўлга олиниб, жавобгарликка тортилди. Шунингдек, кибержиноятчиларнинг реклама хабарларига зарарли дастурларни юклаб тарқатиш ҳолатлари ҳам кўпайган.