Қозоғистон прокуратураси кимга ҳисобдор?

16:30 - 28.05.2021

22

Давлатчилик институтлари тобора ривожланиши билан прокуратура мустақиллиги тамойилининг аҳамияти бутун дунёда ортиб бормоқда. Бунга Қозоғистон ва Грузияни ҳам мисол сифатида келтириш мумкин.

Қозоғистоннинг 2017 йил 30 июндаги «Прокуратура тўғрисида»ги қонуни 3-моддасида «Прокуратура ўз ваколатларини қонунийлик, бошқа давлат органларидан, мансабдор шахслардан мустақиллик ва фақат Қозоғистон Республикаси президенти олдида ҳисобдорлик тамойиллари асосида амалга оширади. Прокуратура фаолиятига уларнинг функциялари ва ваколатларини амалга оширишда аралашиш тақиқланади» деб кўрсатилган. 

Грузиянинг 2018 йил 30 ноябрдаги «Прокуратура тўғрисида»ги қонуни 5-моддасига кўра қонунийлик ва адолатлилик, холислик ва оғишмаслик, профессионаллик ва лаёқатлилик, барча қуйи турувчи прокурорлар ва прокуратуранинг бошқа ходимларининг бош прокурорга бўйсуниши, бирлиги ва марказлашганлиги, шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек, шаъни ва қадр-қимматининг дахлсизлигини ҳимоя қилиш, сиёсий бетарафлик прокуратура фаолиятининг тамойиллари ҳисобланади.

Шунингдек, ушбу қонунга мувофиқ Грузия прокуратураси фақат қонунга бўйсунувчи ва ўз фаолиятида мустақил ягона, марказлашган тизимдир. Прокуратура фаолиятига аралашиш, шунингдек, унинг мустақиллигига тажовуз қилиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракат тақиқланади.

Грузия конституцияси ва «Прокуратура тўғрисида»ги қонунида тўғридан-тўғри кўрсатилмаган бўлса, прокуратура фаолияти билан боғлиқ ҳисоботни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Бундан кўриниб турибдики, мустақиллик тамойили ушбу мамлакатлар прокуратура органлари фаолиятининг асосий мезонидир. Прокуратура фаолиятини такомиллаштирмасдан туриб жамиятда қонунийликни мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, шунингдек, давлат бошқарувида самарали тартибни ўрнатиш, коррупцияга қарши кураш борасида кўзланган натижаларга эришиш мумкин эмас. Шу боис прокуратуранинг мустақиллигини таъминлаш, бу борадаги халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани чуқур ўрганиш, миллий давлатчилик хусусиятларини инобатга олган ҳолда уларни босқичма-босқич жорий этиб бориш мақсадга мувофиқ бўлади.