Прокуратура — дунё тажрибасида

15:00 - 28.05.2021

125

Прокурор мустақиллиги тамойили бугунги кунда чет давлатларда турлича тартибга солинган. Прокуратура органлари фаолияти бутун дунёда бир нечта модел билан тавсифланади. Шу билан бирга, моделдан қатъи назар, прокуратура мустақиллиги ва унинг ҳар қандай босим ёки аралашувдан холи бўлиши муҳим масала ҳисобланади.

Илмий адабиётларда прокуратура давлат бошқаруви тизимидаги ўрни, ташкилий бўйсунуви, давлатнинг қайси органи таркибига кириши мезонларига кўра тўрт гуруҳга ажратилган.

Биринчи гуруҳ – прокуратура Адлия вазирлигининг таркибига кирувчи мамлакатлар. Уларга Польша, АҚШ, Франция, Бельгия, Нидерландия, Дания, Руминия, Италия, Исроил, Германия, Япония, Эстония, Сурия ва бошқалар киради. Юқоридаги мамлакатларнинг аксариятида прокуратура судларда фаолият юритади.

Иккинчи гуруҳга прокуратура суд тизимининг тўлиқ таркибий қисми бўлган ва судларга бириктирилган ёки суд тизимидаги маъмурий мухториятга эга бўлган давлатлар, яъни Испания, Колумбия, Болгария ва Латвия киради.

Учинчи гуруҳ – Хитой, Вьетнам, Куба ва Корея халқ демократик республикаси прокуратуралари.

Тўртинчи гуруҳга прокуратура ё унинг аналоги умуман бўлмаган мамлакатларни киритиш мумкин. Бундай давлатнинг ёрқин намунаси Буюк Британиядир, бу ерда аслида прокуратура йўқ, лекин унинг ўрнини аналог модел эгаллайди, яъни назорат ваколатлари топширилган алоҳида вакиллар ва давлат хизматчилари.