Судланган судьялар

13:30 - 28.05.2021

32

Жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани судининг залидаги темир панжара ортида ўтирган 13 киши нафси ақлидан устун келганлар. Улар орасида 3 нафари судья эди. Жумладан, Д.Ш. жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг судьяси, З.И. Яшнобод тумани маъмурий судининг раиси ва У.М. Яшнобод тумани маъмурий судининг судьяси бўлган. Яна 3 нафари судья ёрдамчиси бўлган. А.С. жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида судьянинг катта ёрдамчиси, Б.Т. ва З.М. Яшнобод тумани маъмурий судида судья ёрдамчиси вазифасида ишлаган. Шунингдек, судланувчиларнинг 7 нафари – И.Х., А.Т., Ш.М., Б.А., Т.Ҳ., У.С. ва Д.Х. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маъмурий амалиёт бўлими инспектори лавозимида хизмат қилишган.

2013 йилнинг май ойидан 2017 йил ноябрига қадар улар жиноий мақсадда бир гуруҳга бирлашадилар. Ўзларига мақбул йўл билан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ маъмурий амалиёт бўлимининг Юнусобод, Чилонзор, Миробод ва Олмазор тумани бўлимига келиб тушган маъмурий қоидабузарлик тўғрисидаги баённомалар бўйича фуқаролар тўлаган жарималарни бўлиб олаверишган. Қандай қилиб деган савол туғилиши табиий.

Йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳайдовчига нисбатан баённома расмийлаштирилгач, жаримани тўламасликдан бошқа илож йўқ. Хуллас, қоидабузар ҳайдовчилар бўйнидаги қарздан қутулиш учун пойтахтдаги ИИББ ЙҲХБ маъмурий амалиёт бўлимларига келиб, жарималарни ўша ердаги ғазнага тўлашган ёки «Менга ташлаб кетаверинг, ўзим тўлаб қўяман» деган инспекторнинг қўлига бериб кетишган. Жарима учун тўланган пул қаерга тушишини ҳамма яхши билса керак. ЙҲХБ инспекторлари жаримага тўланган барча пулни талон-торож қилган дея олмаймиз. Чунки электрон пулни киссага уришнинг иложи йўқ-да. Шунинг учун ҳам улар фақат нақд пулда тўланган жарималарни ўзлаштиришган.

Маъмурий амалиёт бўлимидаги инспекторларга МЖТКнинг 3081-моддаси (Ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги сабабли ҳуқуқбузарни маъмурий жавобгарликдан озод қилиш тўғрисидаги ёки енгилроқ маъмурий жазо чорасини қўллаш ҳақидаги масалани ҳал этиш тартиби) қўл келади. Агар иш шу тартибда судга олиб чиқилса, қоидабузарга нисбатан МЖТКнинг 21- ва 33-моддалари бўйича жазони енгиллаштириш лозим деб топилса, мазкур кодекснинг 310-моддасига асосан иш тугатилади ёки жарима енгиллаштирилади.

Буни яхши билган инспекторлар ғазнадаги нақд пулни банкка кирим қилишга шошилишмайди. Ўзларига тегишли қисмини олиб қолиб, қолганини конвертга жойлаб, судга боришади. Бу орада белгиланган жаримани тўлиқ тўлаб кетган ҳайдовчиларга нисбатан МЖТКнинг 3081-моддасига асосан маъмурий жавобгарликдан озод қилиш тўғрисида ёки енгилроқ жазо чорасини қўллаш ҳақида судга сохта тақдимнома киритишади. Суд идорасида ўтирганлар ҳам оми эмас, инспекторларнинг найрангини дарҳол фаҳмлайди. Шунинг учун ҳам ўртада жиноий келишувга эришилади. Эвазига конвертларга жойланган пуллар шу ишларни кўриб чиқадиган судьялар ва судья ёрдамчиларига тақдим қилинади.

Ҳаром пулга шерик бўлган судьялар ва судья ёрдамчилари эса қоидабузарларни судга чақирмасдан, суд мажлиси баёнларида мазкур қоидабузарлар суд мажлисида қатнашгани, йўл ҳаракати қоидасини ҳақиқатан ҳам бузгани, қилмишидан пушаймонлиги, оилавий шароити оғирлиги, ягона боқувчилиги, жаримани тўлашга имконияти йўқлиги ҳақида маълум қилишгани тўғрисида сохта ёзувлар киритиб қўйишади. Шу билан бирга, мазкур сохта баённомалар ва маъмурий қоидабузарлик тўғрисидаги баёнлар ҳамда сохта тақдимномаларга асосан фуқароларга қоидабузарлиги учун МЖТКдаги санкциялар доирасида белгиланган жаримадан ҳам камроқ жарима солиш ёки бирон-бир жазо чорасини қўлламасдан огоҳлантириш билан кифояланиш ҳақида сохта қарорлар чиқаришади. Уларнинг ҳаққонийлигига бошқаларни ишонтириш мақсадида қарорларни ўзларига бириктирилган суднинг гербли думалоқ муҳри билан тасдиқлашади.

Шунингдек, мазкур жиноятларнинг фош бўлиб қолмаслигини таъминлаш мақсадида ЙҲХБнинг марказлашган электрон маълумотлар базасида қоидабузарларга нисбатан судлар томонидан қарорлар чиқарилганини акс эттиришади. Қатъий ҳисобда турувчи маъмурий қоидабузарлик тўғрисидаги баён ва қарорларни эса йўқ қилишади.

Дастлабки терговда аниқланишича, жиноий гуруҳ аъзолари 2013 йилнинг май ойидан 2017 йил ноябрига қадар 3 млрд. 350 млн. сўмдан ортиқ пулни ўзлаштириб, давлатга жуда кўп миқдорда моддий зарар етказишган. Тергов жараёнида судланувчиларнинг қилмишлари гувоҳларнинг кўрсатмалари, Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг судга оид хатшунослик экспертизасининг хулосаси ҳамда бошқа далиллар билан тўлиқ исботланди. Суд ҳукмига кўра судланувчилар Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмининг «а», «в» бандлари (бировнинг жуда кўп миқдордаги мулкини гуруҳга уюшган ҳолда ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш), 209-моддаси 2-қисмининг «а», «б» бандлари (мансаб сохтакорлиги) ва 227-моддаси 2-қисмининг «а» банди (ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжатларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) билан айбли деб топилди ва жазоланди. Жазо тайинлашда судланувчиларнинг етказилган зарарни тўлиқ қоплагани инобатга олинди.