Бизда МИБ. Швецияда-чи?

12:00 - 28.05.2021

54

Бош прокуратура академияси ва Лунд университети (Швеция) ўртасидаги ҳамкорлик доирасида тажриба алмашишга йўналтирилган «Erasmus+» грантининг «International Credit Mobility» дастурига мувофиқ академия магистратурасининг иккинчи семестрини шведлар диёрида давом эттираяпман. Университет бугунги кунда таълим сифати бўйича Британиянинг «Times Higher Education» нашри талқинига кўра дунёнинг энг яхши 100 та университети сирасига киради.

Маълумки, аҳоли фаровонлиги бўйича Скандинавия давлатлари дунёда етакчи ўринларда туради. Фуқаролар ҳар қандай ҳолатда, ҳатто қарз муносабатларида ҳам давлатнинг кўмагига таянади. Илмий фаолиятим суд қарорларининг ижросига тааллуқли бўлгани боис мазкур соҳада Швеция тажрибасини ўргандим. Швециянинг Ижро органи (Kronofogden) Молия вазирлиги ҳузуридаги мустақил давлат органи бўлиб, ҳукуматга бўйсунади. Ушбу органнинг асосий вазифалари қарздорликнинг олдини олиш, ўзаро мажбуриятларни бажариш борасида жамиятда юқори ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, тўлов қобилиятига эга бўлмаган қарздорларга ушбу вазиятдан чиқиш ва нормал турмуш тарзига қайтиш бўйича тавсиялар беришдан иборат.

Унинг асосий иши Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси фаолиятига ўхшайди. Ушбу органнинг вазифалари билан танишганимда уларда миллий қонунчилигимизга имплементация қилиниши мумкин бўлган айрим жиҳатлар борлигига гувоҳ бўлдим.

Ушбу функциялардан бири айрим ижро ҳужжатлари бўйича қарзни ундиришда қарздорнинг иқтисодий ҳолати барқарор қолишини таъминлаган ҳолда қарзни беш йил давомида қисман тўлаб бориш ёки ундан умуман озод қилишдан иборат. Бу ижро ҳужжати бўйича катта миқдордаги қарзи бўлиб, узоқ йиллар давомида уни тўлай олмаётган фуқароларга нисбатан қўлланади. Яъни қарзни ундириш ҳаракати фойда бермаганда ўша фуқаро ижро органининг қарори билан тўловга ноқобил деб топилади. Шундан сўнг мазкур орган томонидан қарзни қисман тўлаб боришнинг беш йиллик режаси тузилади. Бундай таклиф дастлаб қарздор билан келишилиб, кейин ундирувчига тақдим этилади. Мазкур ҳолатда ундирувчи норози бўлса ҳам ижро органи жараённи амалга ошириши, ундирувчи эса ушбу қарор устидан судга шикоят қилиши мумкин. Ушбу тартиб амал қилиб турган беш йил давомида қарздор ўзининг ойлик харажатларидан ортган қисмини қарзни узиш учун йўналтириб бориши талаб этилади. Агар қарздор шунга ҳам қодир бўлмаса, беш йиллик муддат ўтганидан сўнг қарздан тўлиқ озод қилиниши мумкин. Бироқ ушбу муддат давомида режада кўрсатилган шартларни бузмаслиги талаб этилади. Яъни бу даврда ушбу қарздорга нисбатан бошқа, янги ижро ҳужжати Ижро органига келиб тушмаслиги лозим. Масалан, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидасини бузганлик учун белгиланган жаримани ундириш каби. Бундай ҳолатда қарздор учун берилган имтиёз бекор қилинади ва қайтадан қарзни мажбурий тартибда ундиришга киришилади.

Мазкур тартиб фуқаролар ижро органларига қарзни қонуний чораларни қўллаган ҳолда ундирадиган ташкилот эмас, балки ундирувчилар учун қарзни тезроқ ундиришга, қарздорлар учун эса тезроқ ва энг қулай усуллар билан қарздан қутулишга ёрдам берадиган орган сифатида қарашига хизмат қилади.

Зеро, ҳар қандай шахс қарзи умуман тўланмай қолгандан кўра узоқ муддатда ва бўлиб-бўлиб бўлса-да ундирилишини маъқул кўради.

Азизбек Ҳамидов,

Бош прокуратура академияси магистратураси тингловчиси. Лунд, Швеция.