Хомуш келганлар, хурсанд қайтди

10:30 - 28.05.2021

5

Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Исламов раҳбарлигидаги республика гуруҳи таркибида Бош прокурор ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокурори Шухрат Узаков Хоразм вилоятининг Тупроққалъа, Қўшкўпир, Боғот ва Урганч туманларида сайёр қабул ўтказди, уларда вилоятнинг барча туманлари аҳолиси қамраб олинди.

Қабулларда аҳолининг мурожаатларини ҳал этиш чоралари кўрилди, мурожаатчиларнинг аксарияти муаммосига ечим топганидан хурсанд бўлди.

Жумладан, 19-21 май кунлари ўтказилган қабулларда 180 та мурожаатнинг 35 таси жойида ҳал қилинди, 34 таси юзасидан қонун талаблари бўйича тушунтириш берилди, муддат талаб қиладиган 111 та мурожаатни ҳал қилиш юзасидан идора ва ташкилот раҳбарларига топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Масалан, Янгибозор туманида яшовчи А.Ф.нинг тадбиркорликни бошлаш учун кредит олишда ёрдам сўраб қилган мурожаати қаноатлантирилиб, унга 30 млн. сўм кредит ажратилиши таъминланди. 

Фуқаро Ў.У. суд қарори асосида унга 4,5 млн. сўм пул ундириб бериш белгиланган бўлса-да, қарор ҳозирги кунга қадар бажарилмаётганидан шикоят қилди. Унинг мурожаати қаноатлантирилиб, қарзи тўлиқ ундириб берилди. 

Таъкидлаш лозимки, қабулнинг дастлабки кунларидан бошлаб ногиронлар ва уларнинг қариндошларининг мурожаати асосида уларга аравача ва бошқа реабилитация воситалари тақдим этилиши таъминланди. Бу эзгу ишлар аҳолининг бугунги кундан рози бўлиб яшашига хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.