Икки ва уч хонали уйлар — эҳтиёжмандларга

16:00 - 27.05.2021

11

Данғара туманидаги 2-секторда 355 нафар хотин-қиз “аёллар дафтари”га киритилган. Бугунга қадар улардан 346 нафарига ёрдам кўрсатилди: 18 таси давлат корхона ва муассасаларига ишга, 13 нафари ҳунар ўрганишга жалб этилди. 17 тасига кредит ажратилди, 8 нафарининг томорқачилик орқали бандлиги таъминланди.

Боқувчисини йўқотган 36 нафар, ижтимоий ёрдамга муҳтож 17 нафар, қарамоғида ногирон фарзанди бор 6 нафар ёлғиз аёлга жами 38 млн. 350 минг сўм пул берилди.

Камбағал аёлларнинг саломатлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 16 нафари тиббий кўрикдан ўтказилиб, бепул дори-дармон билан таъминланди. 145 тасига Қўқон педагогига институтидан малакали ўқитувчилар жалб этилиб, психологик маслаҳат ва ёрдам кўрсатилди. Қоракўрпа маҳалласида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Ҳадияхон Бойматованинг уйи таъмирлаб берилди.

Манғит маҳалласида турадиган Сожидахон Ашуровага ҳомийлар ёрдамида икки хонали уй қуриб берилди. Бундан ташқари, Каттаганжиравон маҳалласида яшовчи Иродахон Турдалиевага тикувчиликни йўлга қўйиши учун 15 млн. сўм имтиёзли кредит ажратилди.

«Ёшлар дафтари»га киритилган 854 кишининг 710 нафари турли соҳаларда банд қилинди. Жумладан, 84 таси давлат корхона ва ташкилотларига ишга жойлаштирилди. 27 нафари ободонлаштириш ишларига жалб этилди. 33 таси ҳунарга, 52 нафари тадбиркорликка ўқитилиб, ўз ишини йўлга қўйишни хоҳлаган 35 тасига 728 млн. сўм кредит ажратилган бўлса, қолган 426 нафари бошқа соҳаларда иш билан таъминланди. Масалан, Телеминг маҳалласида яшовчи Одинахон Холматова 5-мактабгача таълим муассасасига ишга жойлаштирилди. Манғитлик Маҳлиё  Жўраевага 15 млн. 400 минг сўм, Ҳилолахон Умаровага 21 млн. 300 минг сўм кредит эвазига тикув машиналари олиб берилиб, 10 та иш ўрни яратилди.

Шароитини ўрганган ҳолда бошқа жойга бориб ишлашга имкони бўлмаган 20 нафар ёшга иссиқхона қуриб берилди, маиший техника топширилди. Хусусан, ишсизлиги ва оилавий шароитидан келиб чиқиб, Шопўлат маҳалласида яшовчи Ҳотамжон Умаровга субсидия асосида трактор, Фаррух Каримовга эса мотороллер олиб берилди. Қоракўрпалик Муртазо Ваҳобовга, сойшилдирлик Сарвар Қурбоновга субсидия асосида иссиқхона қуриб берилди. Чинобод маҳалласида яшовчи Шоҳистахон Қўчқоровага ҳомийлар маблағига уч хонали уй қуриб топширилди.