“Биров билмасин деб, устларидан сабзи экиб юбордим…”

14:30 - 27.05.2021

20

Бир йил аввал чол-кампир Баҳрихон ва Ўрмон Пўлатовлар Жалолободга бориб келамиз, деб чиқиб кетишганча қайтиб келишмаган. Аммо улар Жалолободга боришмаган. Чол-кампирнинг ўғли Ҳосил ота-онасини қидириб топишни сўраб, ички ишлар бўлимига ариза берган. Ишга киришган терговчи Ойбек Каримовда уларни Ҳосилнинг ўзи ўлдирмаганмикан деган шубҳа пайдо бўлди.

…Терговчи холислар иштирокида Пўлатовлар хонадонига кириб келганда айвонда макка сўталарини қопга жойлаётган Ҳосил ўрнидан турди-ю, тошдай қотиб қолди. “Уйингизда тинтув ўтказамиз”, деган гапдан кейин эса унинг ранги докадай оқарди.

            Дастлаб чол-кампир яшайдиган хона кўздан кечирилди. Хонада сандиқ, унинг устида уч-тўртта кўрпа, ёстиқлар, ерга шолча солинган. Бошқа ҳеч нарса йўқ. Ойбек шолчани олиб ташлаб, полни диққат билан кўздан кечирди. Ниҳоят уйнинг бурчагида тирноқдек қорамтир нарсага кўзи тушди. Ахир бу қотиб қолган қон-ку!

            – Бу нима? – қотган нарсани қоғозга солиб муҳрлар экан, сўради терговчи.

            – Буми? Бу… ҳалиги…. мушук шу жойда сичқон ушлаб еган бўлса, қони қолгандир-да, — деди Ҳосил.

            – Довдирамасдан, ўйлаб жавоб беринг! – деди эшик тагида боласини кўтариб турган хотини Меҳмоной, — мушугимизнинг ўлганига бир йил бўлди!

            «Демак, хотини иштирокчи эмас», дея кўнглидан ўтказди терговчи.

            – Эртага соат учда прокуратурага борасиз! Тушунарлими?

            Ҳосил қўрғоннинг ўртасига, сабзи экилган жойга тикилиб туриб зўрға: «Бораман» – деди, холос.

***

Терговчи Ойбек Каримов гумондор Ҳосил Пўлатовни сўроқ қилишга пухта тайёрланди. Тўғри, далиллар етарли бўлмаса-да, уни сўроққа тутишдан олдин ўзи ўйлаб қўйган психологик усулини қўллади. Ҳосилнинг отаси Ўрмонбек билан онаси Баҳри аяларнинг никоҳ тўйларида тушган суратини стол устига тахланган китобларга суяб қўйди. Ҳосил кириб келиб терговчи кўрсатган стулга – расмнинг рўпарасига ўтирди ва расмга бирпас қараб туриб, ўпкаси тўлиб йиғлашга тушди. Ойбек унга таскин бермади. Юпатмади.

            – Отажон, онажон, қайдасизлар, юрагим эзилиб кетди-ку!

            – Ота-онангизнинг қайдалигини ўзингиз биласиз. Бизни ҳам қийнамай тўғрисини айтинг, енгил тортасиз.

            – Мен қайдан билай, ўша куни Жалолободга…

            – Бас қилинг, Пўлатов! Бу чўпчакни юз марталаб такрорлаб, ҳамманинг бошини қотириб келганингиз етарли! Агар виждонингиздан заррача қолган бўлса, ота-онангизнинг руҳи олдида рост гапиринг! Айтиб қўяй, уйингиздан топилган қон отангиз билан онангизга тегишли бўлиб чиқди. Жасадларни қаерга кўмгансиз?

Ҳосил қўлга тушганини аниқ билди, энди алдашнинг иложи йўқ эди.

– Қўрғоннинг тагига кўмиб юборганман. Устига сабзи экиб қўйган эдим.

Икки соат давомида ёзиб битказилган кўргазмани терговчи диққат билан ўқиб чиқди. Унда қуйидагилар баён этилган эди:

– Мен аввал Зубайда исмли аёлга уйланиб, ундан 3 нафар болали бўлдим. Аммо онам билан хотиним муроса қилишолмади. Онамнинг тазйиқи туфайли Зубайдани 3 боласи билан ҳайдаб юбордим, Меҳмоной деган қизга уйландим. Ундан 2 та болам бор. Меҳмоной билан ҳам онамнинг муросаси келишмади. 1997 йили онам билан Меҳмоной бир-бирини уришаётгани устидан чиқиб, хотинимга шапалоқ урганман. Аммо онамни урмаганман. Мен бирон жойда ишламасам ҳам, ёзда тоғдан тош кўчириб яхшигина пул топиб, онамга келтириб берганман. Ўшанда 13 март куни ҳам бир бош новвосимни сотиб, бари пулни онамга келтириб берганман. Шундай бўлса-да, онам доим мени: «Бирон жойда ишламайсан, топганингни ичаяпсан», – деб койиди. Менинг аччиғим чиққани — онам  пулларни синглим Қаноатхоннинг бешик тўйига сарфламоқчи бўлиб, 14 март куни Жалолободга бормоқчи бўлди. Ундан ташқари онам: «Уйдаги сервантни ҳам синглингга берасан!» – деди. Онам билан тортишувдан сиқилиб кўчага чиқдим ва ошналарим билан кечаси соат бирга қадар ароқ ичдик. Сўнг уйга қайтиб, ўз-ўзимдан қаттиқ хафа бўлдим ва қўлимга болтани олиб ота-онам ётган хонага кирдим. Дастлаб отамнинг бўйнига болта урдим, сўнг онамнинг бошини чопдим болта уриб, ҳар иккаласини ўлдирдим. Сўнгра уларнинг қон бўлган тўшакларини ўраб, ташқарига олиб чиқдим. Бўйим баробар ерни ковлаб, ҳар иккисини кўмиб юбордим. Қон бўлган шолча ва тўшакларни ҳам бирга кўмдим. Сўнгра биров билмасин, деб кўмилган жойни текислаб, сабзи экиб қўйдим. Энди буларга пулнинг кераги йўқ, деб уйга кириб новвоснинг пулини олдим».

Пўлатовлар жасадини ковлаш учун ҳовлига эксковатор олиб кирилди. Ҳосил кўрсатиб берган жой жуда эҳтиёткорлик билан ковланди. Ниҳоят, қонга беланган тўшак илиниб чиққач, ковлаш тўхтатилди. Терговчи Ҳосилнинг қўлига белкуракни бериб, ғазаб билан буюрди:

– Ўзинг кўмгансан, ўзинг ковлаб ол!

Қора терга ботиб, ота-онасининг чириган жасадларини кўтариб чиққан Ҳосилни кўрган холислар ва бошқа иштирокчилар бундай ёвузлик олдида қотиб қолдилар.

            Терговчи Ойбек эса кўз ёшларини биров кўриб қолмаслиги учун тескари ўгирилиб олди.