Мафияни тиз чўктирган Жо

10:30 - 27.05.2021

8

Давоми.

Тўдабошининг ўлими

Мафиячилар каби Брасконинг ҳам иши жойида эди. Аммо 1979 йил июль ойида кутилмаганда Кармин Галантенинг ўлдирилиши барчани довдиратиб қўйди. Бу энди гангстерлар орасида Брасконинг қиладиган иши қолмаганини англатарди. Тўдабошининг ўлими жиноят оламига боғланган оиланинг кейинги ҳаётига жиддий ўзгартириш киритиши муқаррар эди. Маълумотга кўра Галанте 1979 йил 12 июлда Бруклинда, у яхши кўрадиган «Жо ва Мэри» ресторанининг орқа томонидаги саройда отиб ўлдирилган. Узилган ўқлардан бири тўппа-тўғри чап кўзига теккан.

Фаразларга қараганда, наркотиклар савдосидан тушган барча даромадни фақат ўзиники қилиш истагидан воз кечмагани учун
Галанте бошқа мафия гуруҳлари томонидан ўлимга буюрилган. Ҳукмни эса шахсий тансоқчилари ижро этишган.

Мафиячи сигаретни тишлаган ҳолда жон берганди. Шумхабар нафақат жиноят оламига, балки чор атрофга зумда тарқалди.

«Обрў пиллапояси»нинг янги саҳифалари

Мафия тўдабошисининг ўлдирилиши бутун Америка бўйлаб оғиздан-оғизга кўчиб юрди. Яширин паноҳи қаноти остида ҳаракатланиш энди Жо Пистон учун иложсиздек туюларди. Аммо аслида бу мафиячилар тарихида ном қозониши учун янги саҳифаларнинг бошланиши эди. Мафия ҳукмдори ва тўда етакчисига айланиш учун курашишни хоҳловчилар эса анча кўп эди.

Бу курашда Энтони Мирра ва Сони Блэк лақабли Доминик Наполитано яққол устунлик қилишарди. Кейинчалик айнан у Браскони Бонанно тўдасига олиб келганди. Бундай қалтис қадам Бонанно учун жуда қимматга тушди. Блэк Браскони ўзининг энг яхши дўсти деб ҳисобларди. Бизнес юритиш ва мафия оламида тож-тахтни
эгаллаш мақсади икковини бирлаштирди.

Галантенинг тахтини мўлжаллаганлар бисёр эди. Ҳатто бошқа мафия тўдалари ҳам Бонанно бизнесини бўйсундириш ниятида уларнинг ҳудудини тақсимлаб олганди. ФТБ ходимлари Жо Пистоне туфайли
уларнинг бу ишидан яхшигина хабардор эди. Энди ҳамма гап ким етакчи бўлади ва у бизнесни қай тартибда бошқаради деган масала ечимида қолганди.

Флоридада клуб очилиши

Ҳаёт-мамот жанги етилиб келар, бу жангда Браскога алоҳида ўрин ажратилганди. 1979 йили мафиячилар Флоридада клуб очиш вазифасини Браскога топширишди. Клуб бошқа жиноий гуруҳлар учун учрашув марказига айланиши лозим эди.

Махфий агент учун бунга эришиш ҳарқалай ёмон натижа эмас.
Маълумотда келтирилишича, «The King`s Court Bottle Club»дан Бонанно оиласининг Флоридадаги филиали сифатида фойдаланилиши шарт бўлган. Бу гуруҳ фаолиятини кенгайтириш имконини берар, мафия амалдорлари эса таъқиб бошланиб қолгудек бўлса шу жойда яшириниши мумкин бўларди.

Шуниси қизиқки, клубни ташкил этиш NIGOH ва очиш билан боғлиқ барча юмуш ва харажатларни Браско ўз зиммасига олди. Пул кўчириш, одамларни бошқариш, хизмат кўрсатувчи компаниялар билан шартнома тузиш унга ишониб топширилди. Бунақа вазиятнинг туғилиши Браскога гангстерларга садоқатини намойиш этиш, мафияни қармоққа илинтириш учун ажойиб имконият эди. Чунки клуб очишнинг уддасидан чиқилса, федералчилар италия-америка мафиясининг қоқ киндигида жойлашган «кўз-қулоқ»қа эга бўлишарди.

Нью-Йоркда етакчилик Бонанно тўдаси қўлида бўлган бўлса, Флоридада Санто Траффиканте ҳаммани ётқизиб турғизарди. ФТБ ходимлари унга анчадан буён тиш қайраб юришар, лекин тузоққа туширишнинг иложи топилмаётганди. Ниҳоят клуб очилиши баҳонасида Доминик Наполитано пул масаласини келишиш учун Траффиканте ҳузурига йўл олди. Тўғри, бу ишда битта чигаллик бор: АҚШ ҳудуди таъсир доираси кенг мафия оилалари ўртасида бўлиб олинганди. Бу ҳудудлардан бирортасига кириб, бизнесни бош лаш учун аввал улар билан муроса-ю мадорага келиш, хўжайинлари қанча сўраса, топилган фойданинг ўшанча фоизини бериш керак бўларди. Борди-ю рад этишса, туёқни шиқиллатишдан бошқа илож йўқ.

Доминик келишувни уддалади, клубни очиш учун яшил чироқ ёқилди. Дони Браско тақдим этган далилларга кўра бу ҳолат Флорида гуруҳи етакчисини мафия клуби очилишига алоқадорлиги учун суд қилиш мумкинлигини англатарди. Аслида ҳам шундай бўлди.

Бироқ пора масаласи аралашиб, Траффиканте жазодан қутулиб қолди. Бу машмашаларнинг барини Пистоне Доминик Наполитанонинг қўли билан ағдар-тўнтар қилиб юборди. Клуб 1980 йилда очилди. Доминик Наполитано клубни мафиячиларга кўз-кўз қилишдан олдин барча ишлар силлиқ кетаётганига амин бўлиш мақсадида келди.

Агент учун буюртма

Суратларга видеокузатув камералари, деворларига эшитиш аппаратлари ўрнатилган клуб ниҳоят иш бошлади. Мафиячиларнинг айш-ишрати, ишларнинг қизғин муҳокамаси – барини ФТБ кўриб-эшитиб турарди. Буларнинг барчаси: одамларнинг қиёфалари, телефон рақамлари, наркотиклар тасвирга олинарди.

Бу вақтда ўлдирилган тўдабоши Кармин Галанте ўрнини Филипп Растелли эгаллаганди. Тўғри, у турма қафасидан чиққан гуруҳга бошчилик қиларди, холос. Гарчи федералчилар у ҳақида ахборотга эга бўлишса-да, Растелли ўзини ағдаришни режалаштирган мафиянинг уч нафар юқори мартабали амалдорини асфаласофилинга жўнатишга буйруқ берганидан бехабар эдилар.

Бу маълумотни қўлга киритишда Брасконинг хизмати асқотди, чунки Наполитано қотиллик ҳақида тинмай сайрагани-сайраган эди. Аммо унинг олдини олишга муваффақ бўлинмади. 1981 йилда мафиячилар уч нафар исёнчини бирёқлик қилишди. Ҳуқуқ ҳимоячилари эса жиноят олами ишига аралашишни исташмади. Итлар барибир бир-бирини ғажиб ташлайди деган гапга амал қилишди. Ҳатто исёнчиларнинг ўлдирилиши ҳам мафия оиласи ичкарисида бошқа қон тўкилишига тўсиқ бўла олмади. Бонанно ҳукмронликни қўлга олиш учун кенг кўламли урушга тадорик кўрар, бу тадбирда Браскога алоҳида ўрин ажратганди. Бироқ бунинг учун аввал яширин паноҳдаги агентни сафларига қўшиб олиш зарур эди.

Наполитано уни мафия боссига таништирди, унинг таърифига оғиз жуфтлади. «У биз билан бир неча йилдан бери бирга ишлаяпти, ўзини яхши томондан кўрсатди, пул топиб фойда келтираяпти, бизнесимизни ҳам юритади, энди шугинани ўзимизнинг қаторга қўшиб олсак» деди. Номзод маъқул келди, бу – Дони билан келишув тузилади дегани эди.

– Наполитано менга қотилликка буюртма берганида нима қилишни билмай қолдим. Рад этишга ҳаққинг йўқ, уни ижро этишинг шарт. Мафия сафига шунақа шарт асосида қабул қилишади. Агар бош тортсанг, ўзинг нишонга айланасан, – дея изоҳлайди Жо Пистоне.
«Омадим бор экан, мен ўлдиришим керак бўлган одам бундан хабар топиб, қочиб қолибди. Уни излашимга тўғри келганди», – дея қўшимча қилди у.

Операциянинг тугатилиши

Ушбу воқеалар ФТБ ўйинга киришидан сал олдин Донининг нафас ростлашига имкон берди. Шу нарса аён эдики, Жо Пистоненинг паноҳдаги иши чинакам жиноий обрў томон юксалиб бораётганди. ФТБ уни топшириқдан мосуво қилмоқчи бўлиб бир қарорга келди, аммо Пистоненинг ўзи ўйиндан чиқишни истамасди.

Бир томондан олиб қаралса, паноҳ остида ишлашни давом эттириш учун қотилликка қўл уриш кераклигини у яхши тушунарди. Бошқа йўл йўқ. Бошқа томондан эса борди-ю бирор тарафга қочиб, изсиз ғойиб бўлса, мафиячилар унинг боши учун мўмайгина пул ваъда қилишади.

Ана шундан кейин осойишта ҳаёт кечириб бўладими? Ишни охирига етказиш лозим бўлган бир пайтда ФТБ бошқача қарор қилиб ўтирибди. Донини чақириб олиб, самолётга ўтирғизишди-ю, Американинг бошқа бир чеккасига жўнатиб юборишди – мафиядан узоқда юради. Бу вақтга келиб Сони Блэкнинг бошига ташвиш ёғилди.
– Биз Наполитанонинг уйига бордик.

Тушлик дастурхони ёнида ўтирар эканмиз, Жо Пистоне ҳақиқатан ҳам ФТБ агенти эканини тушунтирдик. У нимани билган бўлса, биз ҳам шу нарсадан хабардор эдик, – дейди ФТБ агенти Жеймс Кинни воқеаларни эслаб.

«Биз унга ҳаёти хавф остида эканини ҳам тушунтирдик. Негаки Донини тўдага у бошлаб келган, уни тўдабоши Траффикантега таништирган эди», – дея қўшимча қилди у.

Наполитано буни жуда яхши англаб турарди. Шу боис қочиб яширинишига тўғри келди. Лекин у Жо Пистонега нисбатан қалбида кек сақламади. Наполитано уни оқкўнгил дўст сифатида билгани учун ҳам ҳар бир ишда ёрдамини аямасди.

Жо Пистоне тўплаган маълумотлар 200 та айблов ҳужжатига асос бўлди, юздан зиёд мафиячининг ҳибсга олинишини таъминлади. Улар орасида нафақат мафиянинг оддий аъзолари, балки қўмондонлари ва ҳатто етакчиларнинг маслаҳатчилари ҳам бор эди.

Аммо мафиянинг каттакон китларини ушлашнинг иложи бўлмади. Улар сув тубигача яшириниб, Браскони тўдага олиб келганларни таъқиб қилишни бошлашди. Қурбонлардан бири Доминик Наполитано эди. Унинг танаси август ойида бўлакланган ҳолда топилди. Қотиллик барча гангстерлар учун қисматга ишора қилувчи шумхабар бўлиб қолди.

Паноҳдаги олти йиллик фаолияти учун Дони ойлик маошига 500 доллар устама олди. Бу миқдор ҳаминқадар бўлса ҳам, ҳарқалай, ўша кезларда болаларнинг таълимига тўлаш учун етарди.

Дони Браско операцияси 1981 йили якун топди. Жо Пистоне ҳамон яшириниб юрар, эҳтиёткорроқ бўлиб қолганди. Шунга қарамай беш йилдан сўнг судларнинг янги жараёнлари бошланиб кетди. Энди у мафиядан яширинмасдан гувоҳ сифатида судга келди, номини ҳам, тураржойини ҳам, шахсини ҳам ошкор қилди.

ФТБ ходимлари бундай йўл тутиш жуда хавфли эканини айтиб, уни огоҳлантиришди. Бироқ Жо кўрсатувлари ярамасларни қамоққа тиқишда қўл келишини ботбот такрорларди. Бироқ унинг айтганлари
амалга ошмади. Тўдабоши Траффикантени симтўрлар ортига жўнатишни барибир уддалаб бўлмади.

Шунга қарамай Жо Пистоне бугун ҳам орамизда яшамоқда. Ҳозирча бу ишда ФТБ ходимлари бўш келмадими ёки унинг мафия билан қандайдир махсус келишуви бўлганми деган саволларнинг жавобини ҳеч ким билмайди.

Бахтиёр НАЗАРОВ таржимаси