Белигача яланғочланганди…

11:00 - 26.05.2021

9

Безорилик, муштумзўрлик қилиб уч-тўрт марта судланган, ўттиз ёшдан ошиб қирқ ёшни қоралаганида ҳам эсини йиғиб олмаган учкўприклик Бойтўра (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ва Хонкелди, қўқонлик Иномжон такроран жиноят содир этишди. 2020 йилнинг 3 сентябрь куни соат 15 ларда Бойтўра маҳалладоши Хонкелди ва унинг ўртоғи Иномжон билан Саланг қишлоғидаги ошхонада кўришиб, пиво ичишади. Сўнг киракаш Сайфулланинг машинасида Қўқонга равона бўлишади.

Йўлда бораётганларида қўнғироқ қилган таниши Иномжонни шаҳардаги «Боулинг» ресторанига таклиф қилади. Иномжон шериклари билан ўша ерга боради. Алибек ва Зиёдуллага Иномжон шерикларини таништиради. Бешовлон ароқ ичишни бошлашади. Кайфи ошган Хонкелди қизиб кетиб кўйлагини ечиб, белигача яланғоч бўлиб, ўртага чиқиб ўйнайди. Алибекка бу ёқмай, уни тартибга чақиради. Иккаласининг ўртасида гап қочади. Бойтўра маҳалладошининг тарафини олгани Алибекка ёқмай уларни ташқарига судрайди. Ўртада муштлашув бошланиб, Хонкелди билан Иномжон ўрнидан тураётган Алибекни боши, юзи, оёғига тепиб ҳушдан кеткизишади. Зиёдулла ҳам обдон калтакланади. Бирига ўртача, бирига енгил жароҳат етказган муштумзўрларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тилхат орқали очиқда қолдирилади.

Рецидивист деб топилган Бойтўра уч йилга озодликдан маҳрум этилиб, суд залида қамоққа олинди. Унинг шериклари Хонкелди ва Иномжонга эса озодликни чеклаш жазоси тайинланди.