Дунёнинг энг бахтли давлатлари

16:00 - 26.05.2021

82

«World Happiness Report 2019» рейтингида Финляндия етакчи. Россия сўнгги уч йилда 27 поғона қуйилади. Россияликлар ўзларини бахтли ҳис қилишларига юқори даражадаги коррупция ва эркинликларнинг чекланиши халақит бермоқда.

Финляндия дунёда энг бахтли инсонлар яшайдиган давлатлар рўйхатини бошқариб келмоқда. БМТ буюртмасига кўра Канада, Буюкбритания ва АҚШлик мустақил олимлар гуруҳи томонидан тайёрланиб, 20 март куни эълон қилинган «World Happiness Report 2019»нинг тадқиқотида шундай хулоса қилинган.

Рўйхатга ҳаммаси бўлиб 156 мамлакат кирган. Финляндия билан бирга кучли ўнликдан Дания, Норвегия, Исландия, Нидерландия, Швейцария, Швеция, Янги Зеландия, Канада ва Австрия жой олган. Буюкбритания рейтингда 15, АҚШ эса 19-ўринни банд этди. Россия бир йил олдинги 59-ўриндан 66-ўринга тушди. БРИКСга аъзо давлатлар ичида энг юқори ўрин Бразилияга тегишли (32-ўрин). СССР таркибида бўлган давлатлар орасида бахт даражаси бўйича Ўзбекистон (41), Литва (42), Латвия (53), Эстония (55) ва Қозоғистон (60) Россиядан олдинда.

Молдова (71), Тожикистон (74), Беларус (81), Қирғизистон (86), Туркманистон (87), Озарбайжон (90), Арманистон (116), Гуржистон (119) ва Украина (133) Россиядан қуйи ўринлардан жой олди. Афғонистон (154), Марказий Африка Республикаси (155) ва Жанубий Судан (156) энг бахтсиз давлатлар деб тан олинди. Бу дунё миқёсидаги бахт ҳақидаги еттинчи доклад бўлиб (биринчиси 2012 йил апрелида эълон қилинган), унда 2016 йилдан 2018 йилгача бўлган маълумотлар ҳисобга олинган. Бу давр мобайнида Бенин, Никарагуа ва Болгария кўпроқ бахтга эришган. Бахт фожиали тарзда етишмайдиган давлатлар учлиги эса Ботсвана, Сурия ва Венесуэла.

Тадқиқот муаллифлари рейтингни тузишда олтита факторни ҳисобга олишган, жумладан, жон бошига ЯИМ, умр узунлиги, ижтимоий қўлловни ҳис қилиш (сўров натижаларига кўра «Агар муаммога дуч келсангиз, қариндошлар ёки дўстларингиз ёрдамига кўз тика оласизми?»), саховат (ойлик эҳсонларнинг бир ой давомида аҳоли жон бошига кўра ЯИМга мувофиқлиги), муҳим ҳаётий қарорларни қабул қилишда эркинлик ва коррупция таъсири. Бу кўрсаткичларнинг ҳар бири ўн балли шкалада баҳоланди ва баллар йиғиндиси мамлакатнинг рейтингдаги ўрнини белгилаб берди. «Forbes» галереясига 2019 йили сайёрамизда энг бахтли деб топилган 5 давлат, Россия, собиқ социалистик лагер давлатлари ва СССР республикалари орасида бу кўрсаткич бўйича етакчи ва аутсайдерлар ҳамда охирги тўққиз йилда бахт даражаси энг драматик равишда қулаган давлат киритилди.

ФИНЛЯНДИЯ
иккинчи йилдирки дунёдаги энг бахтли давлатлар рейтингида етакчилик қилмоқда. 2012 йили тузилган биринчи рўйхатда у 2-ўринни олган эди. Аммо 2014 йилдан буён мунтазам ўз позициясини яхшилаб бормоқда ҳамда бугун кучли ўнликдаги бошқа давлатларни сезиларли равишда ортда қолдирган. Ривожланган ижтимоий ҳимоя (ушбу кўрсаткич бўйича 2-ўрин), муҳим ҳаётий қарорларни қабул қилишда юқори даражада эркинлик (5), коррупция даражаси пастлиги (4). Саховат бўйича эса финлар рейтингдаги давлатлар орасида борйўғи 47-ўринни олган.

ДАНИЯ
2012 йилги илк рейтингдан бошлаб бу мамлакат етакчилар сафидан мустаҳкам ўрин олиб келяпти. У пайти 1-ўринда эди, ҳозир эса иккинчи. Данларнинг бахтиёрлиги юқори даражадаги аҳоли жон бошига ЯИМ (14), коррупция камлиги (3) ҳамда яқинлари ва дўстлари
қўлловига ишончга асосланган.

НОРВЕГИЯ
етти йил аввал рейтингда 3-ўринни олган эди ва шундан буён мунтазам етакчилар сафида. Мамлакат жон бошига ЯИМ бўйича 7-ўринда ҳамда яқинлар қўллови (3) ва фаолият эркинлиги (3) кўрсаткичлари бўйича яхши позицияда.

ИСЛАНДИЯ
2012 йили 20-ўринда эди. Ҳозир ижтимоий ҳимоя (1-ўрин), атрофдагиларга саховат (3) бўйича етакчи, бироқ коррупция таъсири бўйича (45) рақобатчиларига жиддий равишда ён бермоқда.

НИДЕРЛАНДИЯ
мунтазам рейтинг етакчилари сафида. 2012 йили тўртинчи, айни пайтда бешинчи ўринда. Аҳоли жон бошига ЯИМ юқорилиги (12), умр
узунлиги (19) ва эзгу ишларга шайлик (7) етакчилар орасида бўлишни таъминлаяпти.

ЧЕХИЯ
2012 йили рейтингда 36-ўринда бўлган. Ҳозир 20-ўрин – собиқ соцалистик лагер давлатлари ичида энг яхши. Аҳоли жон бошига ЯИМ юқорилиги (32), умр узунлиги (31) бунга сабаб бўлди. Коррупция таъсири (121) ва саховат кўрсаткичи бўйича (117-ўрин) юқори даражада эканлиги янада юқоридан жой олишига халақит бермоқда.

ЎЗБЕКИСТОН
рейтингда собиқ СССРнинг бошқа республикаларидан юқори ўринни олди. Аҳоли жон бошига ЯИМ кўрсаткичи паст бўлиши (104-ўрин) ва умр узунлиги даражаси пастлигига (83) қарамай қарор қабул қилиш эркинлиги (1-ўрин) ва атрофдагиларнинг юқори даражада қўллови (11) кўрсаткичлари бўйича Ўзбекистон етакчи дея тан олинган.

РОССИЯ
2012 йили рейтингда 74-ўринда эди, икки йил олдин 49, ўтган йили эса 59-ўринни олди. Мамлакат аҳоли жон бошига ЯИМ бўйича натижаси ёмон бўлмаса-да (45), коррупция (127), муҳим ҳаётий қарорларни қабул қилиш эркинлиги (107) ва эзгу ишларга шайлик (101) бўйича рақобатчиларига ютқазмоқда.

Ҳасан НИШОНОВ таржимаси