“Логин” ва “парол” норасмий раҳбарда эди…

13:00 - 25.05.2021

7

Тадбиркорлар қўллаб-қувватланмоқда. Бирон сабабга кўра ўз вақтида солиқ тўлай олмаган ишбилармонга имконият берилмоқда. Учкўприк туманида рўйхатдан ўтказилган С.К. раҳбарлигидаги «Imperial green hiII» масъулияти чекланган жамиятига солиқ инспекцияси юборган талабнома бажарилмайди, солиқ қарзи тўланмайди.

Солиқ тўлашдан бўйин товлаган жамият раҳбарларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши Учкўприк тумани прокуратураси томонидан тергов қилина бошлайди. Прокуратура талаби билан жамият фаолиятини Фарғона вилояти солиқ бошқармаси ва департамент мутахассислари тафтиш қилишганида бойваччанинг бошқа кирдикорлари қалқиб чиқди. Тергов ва тафтишда аниқланишича, икки марта судланган, Қўқон шаҳрида яшовчи М.А. 2020 йилнинг январь ойида 1 млн. сўм иш ҳақи олиб туришига кўндириб, Учкўприк туманида С.К. номига «Imperial green hiII» МЧЖни рўйхатдан ўтказдиради. М.А. янги фирманинг муҳр ва штампини ва ДСИга ҳисобот топшириш электрон калитини С.К.дан (у суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтамоқда) сўраб олади. «Ипотекабанк»нинг Қўқон филиалида ҳисобрақам очишади. С.К.нинг телефонига «мобил банкинг» дастурини ўрнаттириб, логин ва паролни олишади. Юқоридагидай йўсинда Фарғона шаҳридаги «Инфинбанк» филиалида С.К. номига иккиламчи ҳисобрақам очишади. Унинг номига  «мобил банкинг» хизматини улатишади. С.К.нинг банк мобил хизматларига уланган телефони орқали барча савдо ишларини норасмий раҳбар М.А.нинг ўзи юритади. «Мобил банкинг» орқали пул ўтказиб улгуржи харид қилинган товарларнинг бир қисмини нақд пулга сотади. Салкам 8 млрд. сўм товар айланмасини амалга оширгани ҳолда солиқ инспекциясига ҳисоботида савдо айланмасини 3 млрд. 34 млн. сўм камайтириб кўрсатиб, 503 млн. 192 минг сўм солиқни тўламайди.

Шунингдек, М.А. 2020 йилнинг январь-март ойларида 3 млрд. 854 млн. 306 минг сўмлик харидоргир маҳсулотларни нақд пулга сотиб, пулини банкка топширмаган. Унинг айби тўлиқ иқрорлигидан ташқари фуқаровий даъвогар, Учкўприк туман солиқ инспекцияси бош юрист консультанти, МЧЖ фаолиятини тафтиш қилган вилоят солиқ бошқармаси катта инспектори, «Ипотекабанк» Қўқон филиали бош хисобчиси ва бошқа гувоҳларнинг кўрсатмалари, ҳужжатли далиллар билан исботланди.  Натижада такроран жиноятга қўл урган М.А. 4 йилга озодликдан маҳрум этилди.