Ерфурушлар ер чизишди

10:30 - 25.05.2021

6

Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан 2021 йилнинг 4 ойи давомида 222 та ҳуқуқбузарлик аниқланган бўлиб, 91 та жиноят иши қўзғатилган, 126 та маъмурий ҳуқуқбузарликка доир иш юритилган.

Масалан, департаментнинг Ҳазорасп ва Тупроққалъа тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тадбирда ҳазорасплик фуқаролар танишига туман ҳокимлиги захирасидаги 600 кв. метр ерни туман ҳокимлиги ва кадастр бўлимидаги танишлари орқали ажратилишини таъминлаб, эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи қарорни чиқариб беришни ваъда қилиб, эвазига 5000 доллар пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Ҳозир мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, қонуний чора кўрилди.

Шунингдек, Гурлан туманида яшовчи фуқаро укасининг номига онлайн аукционда ютиб олинган 0,05 гектар ерни ҳамда унга қўшиб Гурлан тумани захирасида бўлган 0,19 гектар ерни шу туманда яшовчи фуқароларга сотишни ваъда қилади. Кейинчалик Гурлан тумани ҳокимлиги, нотариус ва кадастр идорасида ишловчи танишлари орқали ҳужжатлаштириб беришини айтиб, эвазига 50 минг доллар талаб қилади.

Департаментнинг Гурлан тумани бўлими ўтказган тадбирда фуқаро келишилган пулдан 20 минг долларини олган вақтида ушланди. Ҳозир мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилаяпти.