Қашқадарёдаги савдо Нукусда ғавғога айланди

18:00 - 24.05.2021

6

Чироқчилик Отабек Нормаматов шундоқ ҳам жинояти учун бир йилга озодликдан маҳрум этилган ва жазони ўтаб келаётган эди. Бироқ орадан икки ой ҳам ўтмасдан яна бир қинғирлиги ошкор бўли, суд қаршисида қилмиши учун такрор жавоб беришига тўғри келди…

Апрель ойининг бошида жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани судида Отабек Нормаматовнинг жиноят иши кўрилди. Қайд этилишича, судланувчи 1990 йилда туғилган. Маълумоти ўрта, ишламайди. Оилали, икки фарзанди бор. Чироқчи тумани Мирзатўп қишлоғида яшаган. Юқорида айтганимиздай, 2021 йилнинг январь ойида судланиб, жазони ўтаётган эди. Бироқ…

Отабек ўтган йилнинг ноябрь ойи бошларида чироқчилик таниши Жасурбек Бобоқуловнинг туман марказида жойлашган нон цехига келиб, унга мақтанди:

– Қамаши туманидаги бир танишимда 170 қоп уним бор. Ўзим бу уннинг ҳар бир қопини 180 минг сўмдан сотиб олганман. Ҳозир бозорда бир қоп ун 230 минг сўмдан сотилаяпти…

Шундан сўнг ўзича танишига «марҳамат кўрсатган» бўлди:

– Менга кўп ёрдам қилганинг учун сенга ҳар бир қопини 200 минг сўмдан сотаман. Фақат менга олдиндан пул беришинг керак…

Шу тариқа у аслида йўқ бўлган ун учун Жасурбекдан 13 миллион сўм олиб, жиғилдонига урди. Орадан кўп вақт ўтмай навбатдаги фирибгарликка қўл урди.

Ўшанда Нукусда айланиб юрган эди. Жасурбек ундан пулини ёки унни сўрайвериб ҳоли жонига қўймади. Уни алдаб, келса пулини беришини айтиб, Нукусга чақириб олди. Бир кечани икки чироқчилик ижара уйда ўтказишди. Отабек эрталаб ўзини ташвишлари бошидан ошган корчалондай тутган ҳолда Жасурбекка деди:

– Мансур деган шеригимнинг тоғасида пулимиз бор. Пулингни қайтариб бермоқчиман, фақат менга танишларим билан гаплашиб олишим учун телефонингни ва озроқ пул бериб туришинг керак…

Унинг жон куйдириб гапиришига маҳлиё бўлган Жасурбек қандай қилиб 1 млн. 200 минг сўмлик телефонини ва 200 минг сўм пулни тутқазиб юборганини сезмай ҳам қолди.

– Ҳозир бир жойга ўтиб, дарров қайтаман, – деди Отабек. – Сен ўтириб тур…

Шундай деб Жасурбекни ижара уйда қолдирди-ю, ўзи Нукус бозорида телефонни 500 минг сўмга пуллаб, уйига жўнаб кетди.

Суд ҳукми билан Отабек Нормаматовга 3 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, Жасурбек Бобоқуловга етказилган зарар ҳам ундан ундириб олинадиган бўлди.