Муаммо — набира ва буви

10:30 - 24.05.2021

5

2020 йилнинг ноябрь ойи. Тўрткўл туманида истиқомат қилувчи Акрам Жапаров (исм-фамилиялар ўзгартирилди) мактабда ўқитувчилик қилар, оилавий тадбиркорликни ҳам йўлга қўйганди: озиқ-овқат ва қурилиш моллари дўкони бор эди.

Ўша куни уйда унинг онаси ва қизи қолишганди. Акрам озиқ-овқат дўконига бориб, савдо-сотиқ, ҳисоб-китоб ишлари билан машғул бўлди. Бир пайт унинг телефони жиринглади. Қўшниси Шукур ака экан: “Зудлик билан уйинга етиб кел!”, деди шошилинч. Акрам ҳайрон. Тезда ўз машинасида уйига қайтди. Дарвозаси олдидаги одамларни кўриб, юраги орқасига тортиб кетди. Унинг онаси ва қизини пичоқлаб кетишганини айтишди… 

1940 йилда туғилган С.Калжанова ва 1998 йилда туғилган Х.Жапарова жуда оғир аҳволда касалхонага етказилди. Шифокорлар бор имкониятларини ишга солишса-да жабрдийдаларни сақлаб қолишнинг иложи бўлмади. Бўйнидан уч марта пичоқланган онахон шу куннинг ўзида, танасининг тўққиз жойидан жароҳат олган навниҳол қиз эса орадан бир кун ўтиб ҳаётдан кўз юмди.

Ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан тузилган тергов гуруҳи ҳар бир ашёвий далилни синчковлик билан ўрганди. Хонадон аъзоларига ҳаётига суиқасд, уй ичкарисидаги тартибсиз ҳолат, пул ёки қимматбаҳо нарсалар сақланиши мумкин бўлган жойларда юзага келган бетартибликлар, табиийки, жиноятчининг хонадон эгаларига тегишли мулкни босқинчилик билан қўлга киритишни ният қилганидан дарак берарди. Ҳаракатлар самарасиз кетмади. Орадан икки кун ўтиб, калаванинг учи топилгандек бўлди.  Ўта оғир жиноятни содир этганликда гумон қилинаётган йигит 1991 йилда Тўрткўл туманида туғилган Жасурбек Сейилханов эди. Йигит бир-икки йил бурун ишлаш учун Россияга кетган, у ерда ўғирлик қилиб, озодликдан маҳрум қилинганди. Жазо муддатини ўтагач Тўрткўлга қайтганди. Ҳуқуқ-тартибот ходимларида айнан шу йигитнинг кейинги уч-тўрт кунлик юриш-туриши кўпроқ шубҳа уйғотди. У икки-уч кундан бери кайфу сафо қилиб юрарди. Ж.Сейилханов ўзига берилган бир-икки саволдан кейиноқ ҳаммасини тан олди.

“Автомашинамни маст ҳолда ҳайдаб кетаётсам, ЙҲХБ ходимлари тўхтатиб, 5 млн. 575 минг сўм жарима солишди. Менда бунча пул йўқ эди.. Жарима тўлаш илинжида «Матиз»имни тоғамга сотиб, пулини олдим”, дейди қотил. Қизиғи шундаки, у жаримани барибир тўламади. Аксинча, қабиҳ қарорга келди. 29 ноябрь куни эрталаб Жапаровларнинг уйдан чиқиб кетганига ишонч ҳосил қилгач орқа эшик орқали уйга кирди. Жасурбек бу уйда кундузи саксон яшар онаси ёлғиз ўзи қолишини биларди. Лекин орқа эшикдан кираверишда унга Х.Жапарованинг рўпара келиши кутилмаган ҳолат бўлди. Дарҳол қизга ташланиб, уни ўлдириш билан қўрқитиб, уйда сақланаётган пулларни топиб беришини талаб қилди. Қиз жонҳолатда айвон томонга қочди. Қотил орқасидан қувиб етиб, қизнинг дуч келган жойига пичоқ ураверди. Неварасига ёрдам бермоқчи бўлган С.Калжановага ҳам ташланиб, уни тинчитди. Кейин пул ва қимматбаҳо нарсалар қидирди. Шкаф ичидан 300 АҚШ доллари, бошқа хонадаги сумкадан 4 млн. 500 минг сўм пул ва ўта оғир аҳволда ётган жабрдийдаларнинг телефонларини олди.

Қотил жиноятни яшириш учун уйни ёқиб юбормоқчи бўлиб, ошхонада турган суюлтирилган газ баллони жўмрагини буради ва ундан бутун хона бўйлаб газ ҳиди тарқала бошлади. Сўнг хонадаги пардага ўт қўйди. Шундан сўнг қочиб кетди. Аммо  ёнғин чиқмади. Пардадаги олов аланга олмай сўнди…

Жиноятни содир этишда гумон қилиниб ушланган Ж.Сейилханов терговда ўз айбини тўлиқ бўйнига олиб, воқеа қандай бўлганини айтиб берди. Судда унга 25 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.