Одамлар авайланг бир-бирингизни…

13:30 - 24.05.2021

26

Яқинда Бухоро вилоятида 51 ёшли аёл қурилиши тугалланмаган бинонинг 8-қаватидан ўзини ташламоқчи бўлганида бундан хабар топган профилактика инспектори фожианинг олдини олди – аёлни қутқарди. Хабар тарқалгач, инспектор шаънига кўпдан-кўп раҳматлар айтилди. Дарҳақиқат, бир инсонни ўлим чангалидан қутқариб қолишдан-да зиёдароқ одамийликни учратиш амримаҳол.

Шундай бўлса-да, сўнг ги пайтларда инсонни қутқариш, қадрлаш,
эъзозлашдан кўра кимнидир камситиш, таҳқирлаш каби чиркинликлар ҳақида кўп эшитаяпмиз. Булар оила ичида юз бераётгани эса янада даҳшатли. Узоққа бормайлик, май ойининг бошида пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида 87 ёшли онахонни қизи ва набираси ўласи қилиб калтаклади…

Бундай хабарлардан сўнг хаёлга келадиган илк фикр шу: одамлар нима учун меҳрсиз бўлиб кетаяпти? Жон қадар яқинларимиз – оиламиз аъзоларини хўрлашни кимдан ўрганаяпмиз? Ожиз кишига зўрлик ишлатиш номардлик эканини унутиб қўймадикми?..

Саволлар кўп. Таҳлиллар эса оилавий зўравонлик жабрдийдалари асосан ўзини ҳимоялашга ожиз аёллар, кучсиз инсонлар эканини кўрсатади. Зўравонлик ёш, ирқ, ҳудуд ва миллат танламайди деймизу, назаримда, ғарблик хонимлардан кўра Шарқ аёлларининг бу борада тазйиққа учраши эҳтимоли юқори.

Чунки бизда эркак кишининг мавқеи жуда улуғ. Қиз бола гўдаклигиданоқ ўқимишли бўлишдан кўра кўпроқ меҳнатга, хокисорликка ўргатилади. «Келин бўлдингми, уйдаги гап кўчага чиқмасин», «кулганда ҳам овозинг чиқмасин» қабилида тарбия топган қиз ўта итоаткор бўлиб ўсади. Нафақат эридан, ҳатто қайин-бўйинларидан ҳам «бир поғона паст бўлгани билан бирон жойи камайиб қолмайди»ган аёл ўзини қадрлайдиган оилага тушса-ку майли, акс ҳолда юрак ютиб фикрини айтишга ҳам ботинолмай, хўрликларга дош беришдан ўзга чораси қолмайди. Сабр косаси тўлганда эса…

Оғриқли жиҳати эркак кишининг ҳурматга қай даража лойиқ бўла олишидир. Чунки эркаклик мартабаси қанча юксак бўлса, масъулияти ҳам шу қадар залворли. Эр деган номни шунчаки кўтариб юриш ёки хотинига кунда мушт тушириб туриш билан киши эркак бўлиб қолмайди, бу ном шараф билан оқланиши керак. Баъзан эса урмай-сўкмай ҳам аёлига зуғум ўтказадиганлар бор. Назаримда, маиший зўравонликка қарши курашда бундайлар ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак.

«Шифокорлар орасида вафодорлари кам эмиш…»

Бир дугонамга бутун мактабимиз қизлари ҳавас қиларди: гўзал, аълочи, хушмуомала қиз эди. Мактабни битирган йили ТошМИнинг даволаш факультетига ўқишга кирди-ю унга ҳавасмандлар яна ҳам кўпайди. «Қанчалар бахтли-я» дер эдим унинг оқ халатда дарсга шошилаётганини кўрсам. Аммо бундай бўлмади. Етти йил ўқиб, таҳсилни қизил дипломга тугатгандан сўнг дугонамга оқ халатнинг умуман кераги бўлмай қолди: турмуш қургач, эри уни бир кун ҳам ишлатгани йўқ.

Дугонамдан «Нега шунчалар машаққат чекиб ўқиган соҳангда ишламайсан?» деб сўраганимда, у оғир хўрсиниб, бу эрининг қарори экани, «Касалхонада ишлайдиган аёллар орасида вафодорлари кам» деган фикр турмуш ўртоғининг онгига ўрнашиб қолганини афсусланиб сўзлаб берганди. Жони оғриганда ҳузурига югургилаб, бош қа пайт аёл шифокорларга лой чаплаш – ўтакетган номардлик ва бу алоҳида мақолага мавзу. Аммо оғриқлиси – эркакнинг хотинини ишлатмасликка қанчалик ҳуқуқи бор? Ўша эркак аёлини моддий жиҳатдан таъминлаб қўйган бўлса-да, бир инсонни орзу-ҳавасли соҳасидан юлқиб олиши, ҳаётига мазмун берадиган ишидан ажратиши золимлик эмасми?

Нима учун аёлнинг орзуларига бегоналар эмас, айнан ўз яқинлари тушов солаверади? Аввалига отаси қизининг ўқишига қарши бўлса, турмуш қургач, умр йўлдоши аёлнинг қалбидаги туйғуларини топтайди. «Қиз бола ўқиб шаҳар олиб берармиди?», «Ўқишга борган қизларда ҳаё қолмайди» каби нотўғри қарашлар, гумон, шубҳа, ўринсиз рашкни деб аксарият аёлларнинг қалбини армон кемиради. Ахир қиз бола ҳам дунёга бир мартагина келади, холос.

«Ойликни чиқар, хотин!»

Оилавий зўравонлик деганда кўпчиликнинг кўз ўнгида қаҳри қаттиқ, қамчисидан қон томадиган тажанг эркаклар гавдаланади. Бу табиий, чунки билагидаги кучи билан ожиз хотинини қўрқитиб, бундан гердайиб юрадиганлар ҳамма маҳаллада топилади. Аёлни урмай-сўкмай ҳаётдан бездирадиганлар ҳам ўта хавфли кимсалар. Оддий мисол: айрим қайноналар келинини дугоналари, қариндошлари билан учраштирмасликка уринишади.

Тенгқурининг тўйига боришига қаршилик қиладиган, бундай мулоқотлар келинчакни «ўзгартириб юбориши»га ишонадиган эркаклар ҳам қўли югурик зўравонлардан кам айбдор эмас. Ахир келин бўлгунича у ўз оламида, кўз очиб кўрган қадрдон муҳитида униб-ўсган. Табиийки, бу муҳит уни ўзига тортади, соғинтиради. Юраги талпиниб турса-ю, ота уйи га рухсат ололмаса, сирдош дугонасининг тўйига айтишса-ю «Бориб келавер» деган жавоб ўрнига «Уйда ўтир!» деган тақиқ эшитса, бу келин қай аҳволга тушади? Тақиқ такрорланаверса, келинлик уйидан, ҳатто ҳаётидан совуй бошламайдими? Хоразмда ота уйига боргани учун таҳқирланган ва ўзини ўлдирган 19 ёшли келинчакнинг тақдири бунга мисол.

Шу боис кўнгилни кенгроқ қилиш, навниҳол келинчакнинг дилини оғритаверишдан ти йилиш керак. У ҳам бировнинг жигарбанди. Ҳали унинг қалбини болалик тарк этмаган, у онасига талпинади. Шу ҳақиқатни тўғри қабул қилсак кифоя.

Маҳалла тизими билан боғлиқ кўп тадбирларда қатнашиб, очиғи, яна бир тоифа эркаклар борлигидан ёқамни ушлаганман. Қизиғи, бундайларнинг барча «ҳунари» аёлининг ойлик оладиган куни юзага чиқади: хотин бечоранинг иш ҳақини тийин-тийинигача ҳисоблаб, нега чўғи камлиги, ишхонасида кимнинг туғилган куни ёки тўйига қанчадан ушлаб қолишганигача суриштиради.

Баъзан хотинига ишонмай ишхонасига бориб, бухгалтерини сўроққа тутадиган эркаклар ҳам бор. Шу йўлни ўзига эп кўрган, хотинини моддий жиҳатдан қарамликда сақлаган ҳам зўравон. Бир ёстиққа бош қўйган аёлига бундай муносабат шафқатсизликнинг, ҳурматсизликнинг ифодаси.

Юқоридаги сабаблар кимлар учундир арзимасдек, кимлар учундир одатийдек туюлар, аммо айнан шунга ўхшаш бир қарашда арзимасдек кўринган омиллар одамнинг дунёқараши, эътиқоди, ҳаётга муносабатини ўзгартириб юбориши мумкин.

«Маҳалла қаёққа қараяпти?»

Кимдир жонига қасд қилса ё оиласида зўравонликка дуч келиб, азият чекса, кўпчилик «Хотин-қизлар қўмитаси ёки маҳалла қаёққа қараяпти?», «Ёшлар ишлари агентлиги нима иш қилаяпти?», «Партия -чи?», «Сектор мутасаддилари хабар олишмабдими?» деб жамиятдаги ижтимоий институтларни айблашга тушади.

Масалага чуқурроқ разм солсак бундай муаммолар илдизини ижтимоий институтлардан кўра ички муҳит ва инсоний муносабатлар таранглашувидан излаш ўринли бўлади. Тўғри, оилавий зўравонликка қарши бирлашиб курашмоқ керак. Ижтимоий инсти тутлар ҳам фақат тадбирбоз лик эмас, бош қа таъсирчан чораларни қўллаши даркор.

Мисол учун маҳаллада кўчалар бўйича, келинлар орасида, қайноналар ўртасида турли мусобақалар, танловлар ўтказиш, ёшларни спортга жалб қилиш ва тадбирлар якунида ҳар хил номинациялар бўйича совғалар бериш ҳам одамларга мамнуният бағишлайди.

Имкон борича бутун маҳалла қамраб олиниши, қатнашчиларнинг моддий ё маънавий рағбатлантирилиши ҳаётсеварликни оширади. Совға олган инсон ўзидан ғурурланади, ҳаётдан мамнун бўлади, атрофдагиларнинг эътиборидан маънавий рағбат олади.

Оилани асраш – келажакни асраш

Қизим ва ўғлимни тўрт-беш ёшликларида кўп кузатардим. Қизим ҳовли бурчагида доим кичик «хонача» ҳозирлар, у ерни безатар, супуриб-сидирар, қўғирчоқлари «ухлаётганда» секин гапирарди. Бу билан у оналикни, ҳаёт муҳитини шу бир парча жойга жамларди гўё.

Оҳисталикни ёқтирмайдиган, кенглик, хилма-хиллик, шовқин-суронни севадиган ўғлимдан фарқли равишда қизим ҳар куни бир хил сценарийли ўйини – «уйи» ва «болалари»дан бошқани хаёлига келтирмасди.

Демак, оналик, рўзғор масъ улияти аёлнинг ҳар бир ҳужайрасига ана шундай чуқур синг ган, аёл учун ўз уйидан афзал жой йўқ. Бировнинг ундовисиз ҳам аёл оила, бола, рўзғор ташвиши билан бирга нафас олади. Энди ўзингиз ўйланг, ўз уйи аёл учун зиндонга айланса у қандай яшайди? Юраги тўлганида дардини айтишга ҳамдард, тўйиб йиғлаганда бошини силайдиган ғамхўр бўлиши керак бўлган яқинларидан туртки еса, минг бир жони ҳам тўкилиб тушмайдими?

Шундай экан, аёлни авайлаш, ҳисларига ҳурматда бўлишдан тийилмайлик. Имкон берайлик, у ҳам ўз сўзини айтсин, юксакларга интилсин. Бунинг учун қанот бўлиш эса чин марднинг иши.

Оилада ожизлар устидан ҳоким бўлиш эмас, уйни чинакам бахт ошиёнига айлантириш – олийжаноблик. Зеро, шоир таъбири билан айтганда «Одамлар авайланг бир-бирингизни, авайланг келажак тақдирингизни…».

Юлдуз ҲОЖИЕВА,
«Huquq»