“Мазза қилиб реклама кўриб ўтирсак…”

12:00 - 24.05.2021

16

Таниқли қизиқчи Ҳожибой Тожибоевдан бетакрор лутфлар қолди. Айниқса, реклама тўғрисидаги латифасини кўп қўллаймиз. Телевидение орқали кўрсатиладиган фильм, сериаллар орасида кетадиган реклама ҳаётимизга сингиб кетди. Қизиқчи айтганидек,
баъзи сериаллардан кўра рекламада мазмун кўпроқ. «Мазза қилиб
реклама кўриб ўтирсак, сериал бошланиб қоладими-ей?!».

Аксар ҳолларда четда ишланган реклама роликлари шунчаки таржима қилиб узатилади. Банкка ўғирликка кирганларнинг қоровулга «Биз ветеринармиз, йўлбарсга келдик» дейишида мантиқ борми? Айниқса, бир финжон ширин сув рекламасида сув идиши ўнтача одамнинг қўлида алмашади. Бир-биридан устомонлик билан ўзлаштирилган сувни уялмай сипқоришади.

«Orbit» сақичининг рекламасини олайлик. Бир йигит қизга ёқиш учун антиқа рақсга тушади. Яна унинг орқасидан товус патларининг кенг ёйилиб туриши негадир тушунарсиз туюлди.

Буни кўрган қиз унинг тишининг оқига эмас, ўша ортидаги патларни силаб, ёққанини намойиш этади. Бу рекламани қандай тушунишни ҳам англай олмадим.

Буюртмачилар ҳам, ишлаб чиқарувчилар ҳам рекламанинг маданиятимизга, ўзбекчилигимизга тўғри келиш-келмаслигини бироз ўйлаб кўриши керак эмасми?!

Манфаат устунми ёки маънавият?

Реклама бевосита инсон онгига таъсир этиш қудратига эга экан, у нафақат тижорий, шу билан бирга, ижтимоий, маънавий, тарбиявий талабларга ҳам мос бўлмоғи лозим. Ўз даврида машҳур фин ёзувчиси Мартти Ларни «Реклама – одамларни ўзи истамаган нарсаларни олишга мажбур қиладиган восита» деб ёзган эди. Дўконга кирганимизда рекламада бот-бот такрорланган бирор буюм ёки нарсани олишга ошиқамиз. Чунки у бизга «қадрдон»-да. Шунинг учун бугун тижорат билан шуғулланувчилар ўзининг маҳсулотини реклама қилади.

У сифатсиз бўлса ҳам. Яна оддий мисол: бозорга борганимда «Омад шоу» теледастури маҳсулотларининг бозори чаққонлигига кўзим тушди. Мен ҳам «Элси» кир ювиш кукуни сотиб олдим. Уни ишлатганимда эса сифатсизлигига гувоҳ бўлдим. Лекин мана шу ўйин учун барча уни сотиб олиш дардида. Нима ҳам дердик, рекламанинг натижаси бу. Энг олий мақсадларимиздан бири ёшларимизни жисмонан соғлом, маънан етук авлод сифатида камол топтириш. Бинобарин, биз бугун оммавий ахборот воситалари орқали ҳар куни, ҳар лаҳза кўрадиган, ўқийдиган, эшитадиган реклама ҳам ана шу мақсадимизга, маданиятимизга мос бўлиши керак. Бироқ баъзи телеканалларда айлантирилаётган, интернет сайтларига жойлаштирилаётган айрим рекламалар одоб, ибо, ор, ҳаё, андиша, ғурур каби фазилатларимизни нурсизлантиришга ундаётгандек тасаввур уйғотади.

Рекламадашарм-ҳаё борми?

Айрим реклама роликлари дилни хира қиладиган даражада сохта, савиясиз ёки бирёқламаки, тоқат қилиш қийин.
Уларнинг баъзиларини оила ва ёш болалар даврасида кўришга уяласан киши.

Совунни кўрсатиб, бадан кўз-кўз қилинаётган ҳолатларни кўрганда шарм-ҳаё, ибо сингари тушунчалар қаерда қолди деган ўй ўтади. Масалан, телевизорда намойиш этиладиган «Palmolive» рекламасини кўриб, унда совун реклама қилинаяптими ё аёллар дея таажжубланасан.

– Яқинда синфимдаги бир неча ўқувчи қизнинг ноодатий рақсга тушаётганини кўриб қолдим. Идиш ювиш воситаси бўлган «Fairy»нинг рекламасидаги аёлларнинг ўйинига тақлид қилишаётганини айтишди, – дейди Бағдод тумани 1-ИДУМИ тарбиячиси Шоира Холмирзаева.

Реклама нафақат телевизор, радио, матбуотда, балки ижтимоий тармоқларда ҳам сизни таъқиб этади. Маълумот олиш учун айрим сайтларга кирсангиз турли беҳаё рекламалар балои азим бўлиб қаршингиздан чиқади. Бундай вазиятда ҳар бир ота-она ўз фарзандини назорат қилмас экан, бола онгини ахлоқсизлик таъсиридан ҳимоя қилиш мушкул.

Шоҳсанам ЭШМАТОВА,
журналист