Битта қабристондан — 120 тонна чиқинди

11:30 - 22.05.2021

91

Бухоро вилояти прокуратураси органлари томонидан дафн этиш жойларини сақлаш, улардан фойдаланиш ва қабр усти ёдгорликларини ўрнатиш борасидаги ишлар ўрганилди. Таҳлилларда айрим ҳокимликлар, ободонлаштириш бошқармалари, ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг масъулиятсизлиги оқибатида қабристонлар ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги маълум бўлди. Жумладан, вилоятдаги 970 та қабристоннинг 490 тасида кадастр гувоҳномаси мавжуд эмас. Аксарият қабристонларда «Дафнларни рўйхатдан ўтказиш дафтари» йўқ ёки тўлиқ юритилмаган. 469 та қабристон девор билан ўраб олинмаган. 389 тасининг йўлаклари бетонлаштирилмаган, манзарали дарахтлар экилмаган.

Вилоят прокуратураси томонидан 3-8 апрель кунлари қаровсиз ҳолатга келиб қолган Бухоро шаҳридаги Тали асбоб қабристони ҳашар билан тартибга келтирилди. Ундан 120 тоннага яқин чиқинди олиб чиқилди, йўлакларга шағал тўкилди, 140 та гужум, 30 та қайин ва гул кўчатлари экилиб, кўкаламзорлаштирилди.

«Обод қабристон» ойлиги давомида қабристонларда 20851 та гужум, қайин дарахтлари ҳамда 26881 та гул кўчати экилди. 217 та қабристон йўлаги бетонлаштирилиб, 96 тасининг девор билан ўраб олиниши таъминланди. Ободонлаштириш ишлари асосан ҳашар ва ҳомийлик асосида ташкил қилиниб, маҳаллий бюджетдан 165 млн. сўм сарфланди. Шунингдек, қабристонларнинг 34 тасига янги кадастр ҳужжати ҳамда 236 тасига гувоҳнома расмийлаштирилиб берилди. Қабристонларнинг обод манзилларга айланиши ўтганлар хотирасига ҳурматдан далолатдир.