Корхонадан бир млрд. сўм ундирган фуқаро

18:00 - 21.05.2021

19

Товон тўлаш шарти билан фуқароларнинг кўчмас мулкларини бузиб, ўрнига кўп қаватли уйлар қуриш учун «Absolute business trade» хусусий корхонасига Миробод туманидан ер ажратилган. Ер майдони 442 кв. метр, бино майдони эса 106 кв. метр бўлган, фуқаро А.Р.га тегишли уй қурилиш экспертизаси томонидан 832 906 827 сўмга баҳоланган. Лекин товон тўлашга келганда хусусий корхона фуқаро билан келиша олмаган. Шундан сўнг хусусий корхона баҳоси 593 205 000 сўмлик квартира ва 20 000 000 сўм товон пули бериш эвазига А.Р. ва унинг 4 нафар оила аъзосини уларга тегишли уйдан мажбурий чиқариш ҳақида судга даъво аризаси билан мурожаат қилади. Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судининг 2019 йил 29 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилади. Апелляция инстанциясида эса суд қарорининг фақат товон пули ундирувига оид қисми 86 999 946 сўмга ўзгартирилади.

Бош прокуратура томонидан фуқаронинг мурожаати тўлиқ ўрганилиб, суд қарорига нисбатан протест келтирилди. Низо Олий судда кўрилди. Бош прокуратура бошқарма прокурори ҳам иштирок этган мазкур ишда корхона А.Р.га 1 164 328 000 сўм товон пули бериши ҳақида келишув битими тузилишига эришилди. Ушбу битим Олий суднинг 2020 йил 7 декабрдаги ажрими билан тасдиқланди. Шу тариқа фуқаронинг ҳуқуқи ҳимоя қилинди.