Таътил кунлари ҳам қонуний белгиланиши керак

17:00 - 21.05.2021

24

Шуманай тумани прокуратураси бир қатор бюджет ташкилотлари ходимларининг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатлари бузилганини аниқлади. Хусусан, туман молия бўлими бошлиғининг 2020 йил 1 апрелдаги 35-буйруғи асосида бўлимнинг маҳаллий бюджетни тузиш ва бюджет ташкилотларини молиялаштириш бўлими бошлиғининг ўринбосари Т.Еримбетовага 21 кунлик меҳнат таътили берилган ва ишга чиқиш вақти 2020 йил 27 апрель деб кўрсатилган. Ваҳоланки, жамоа шартномасининг 3.9-бандида ҳар йилги асосий меҳнат таътили давлат ташкилотлари ходимлари учун 24 кун этиб белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 ноябрдаги «2020 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ бюджет ташкилотларида ушбу фармоннинг 1-бандида белгиланган қўшимча дам олиш кунлари ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини бир иш кунига қисқартириш ҳисобига қопланиши белгиланган.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги махсус қарори билан тасдиқланган «Табиий-иқлим ва маиший шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойларда ишловчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашга туман коэффициентларини, шунингдек, уларга ҳар йили бериладиган қўшимча таътилнинг энг кам муддатини белгилаш ва қўллаш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 1-иловасига асосан Шуманай туманида ишловчи ходимларга 2 кун қўшимча таътил бериш назарда тутилган.

Шунга қарамасдан, молия бўлими бошлиғи 35-буйруғида ушбу имтиёзларни қўлламаган. Натижада Т.Еримбетовага таътил 4 кун кам берилиб, ходимнинг ҳуқуқи бузилган. Айни ҳолатлар ташкилотнинг 34, 36, 37, 38, 39, 40, 41 ва 42-буйруқларида ҳам такрорланган.

Меҳнатга оид қонун талабларининг бузилиши туман халқ таълими бўлимининг 29 та, тиббиёт бирлашмасининг 31 та, мактабгача таълим ташкилотларининг 33 та, аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг 4 та буйруғида ҳам такрорланган. Улар туман прокуратурасининг протестига асосан бекор қилинди ва қонунга мувофиқлаштирилди. Натижада 106 кишининг ҳуқуқи тикланди.