Яхши таклиф фирибгарликка йўл очди

17:30 - 20.05.2021

22

Ҳамидулла мансаб пиллапояларидан илдамлаб, «Агробанк»нинг Бувайда филиали бошқарувчиси лавозимига тайинланганида ота-онаси фарзандининг камолидан севинганди. Бироқ узоғидан севинтирсин деганлари чин экан.

2018 йили мансаб курсисини суднинг қора курсисига алмаштирган Ҳ.Мамадалиев 2 йил молия-банк соҳаларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, жаримага тортилди ва унга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Ҳали жазони ўтаб улгурмаган шоввоз 2019 йилнинг охирларида таниши М.Сатторов билан учрашиб қолади. М.Сатторов собиқ банкирга болалар оёқкийими ишлаб чиқармоқчилигини айтиб, банкдан кредит олиш борасида маслаҳат солади. Гап орасида уни ҳисобчи лавозимига ишга олишини ҳам қистириб ўтади. Аслини олганда бу ишсиз юрган Ҳамидулла учун яхши хабар эди, ҳаёти изга тушади, ҳалол ишлаб рўзғор тебратади. Аммо у тавбасига таянмаган экан. Танишининг бу таклифи Ҳ.Мамадалиев учун янги фирибга йўл очиб берди.

М.Сатторов аввалига оёқкийим ишлаб чиқаришга мўлжалланган жамиятни давлат рўйхатидан ўтказади. Сўнг Ҳамидулланинг собиқ ишхонасига кредит масаласида мурожаат қилишади. Уларнинг мурожаати банк томонидан ўрганилиб, дастгоҳ ва хомашё сотиб олиш учун 3 йилда 78 фоиз устама тўлаш шарти билан 1 млрд. сўм кредит ажратилади. Шундан сўнг Ҳ.Мамадалиев жамият таъсисчиси М.Сатторов ва раҳбари С.Сатторовнинг хабарисиз 989 млн. сўмни дастгоҳ ва чарм сотиб олиш учун деб «Comfort life city» МЧЖга, 11 млн. сўмни чарм сотиб олиш учун деб «Фрукты ягоды долина» МЧЖга ўтказиб, катта миқдордаги маблағни фирибгарлик билан қўлга киритади.

Шунингдек, у С.Сатторовнинг дастгоҳ ва хомашё етказиб бериш ҳақидаги шартнома ва ҳисобварақ-фактурадаги имзоларини сохталаштириб, қалбаки ҳужжатларни «Агробанк»нинг Бувайда филиалига тақдим қилган. Шу тариқа такроран жиноятга қўл урган фирибгар яна суднинг қора курсисига ўтирди. Мазкур иш 2021 йил 26 март куни жиноят ишлари бўйича Тошлоқ тумани судида кўрилиб, Ҳ.Мамадалиевга 4 йил 2 ой 25 кун озодликни чеклаш жазоси тайинланди.