Мафияни тиз чўктирган Жо

14:30 - 20.05.2021

53

ХХ асрнинг биринчи ярмида АҚШда Италия мафияси ҳақида фақат мишмишлар юрарди. Бундай аҳвол Дони Браско пайдо бўлмагунча давом этди –мафия доираларида уни шу ном билан аташарди. Аслида у федерал ходимлар орасида агент Жо Пистоне сифатида танилган эди. Жо Пистоне ўзига топширилган ролни қойилмақом тарзда ижро этди, аммо жиноий гуруҳлар уни ўз сафига осонликча қўшиб олганлари йўқ. Шунга қарамай Жо тўданинг энг яқин мулозимлари ишончига киришнинг уддасидан чиқа олди.

АҚШДА МАФИЯ ТЎДАЛАРИНИНГ ПАЙДО БЎЛИШИ

Итальян гуруҳлари АҚШда биргина мақсадни – таъсир доирасини кенгайтириш ҳамда трансмиллий жиноий корпорацияга айланишни кўзлаганди. Қўшма Штатларнинг йирик шаҳри бўлган Нью-Йорк улар учун имкониятлар тўлиб-тошган қулай марказга айланди.

«Катта олма»ни бешта асосий оила-тўда – Бонанно, Гамбино, Коломбо, Женовезе ва Лукезе ўзаро тақсимлаб чиқишди. Оилаларнинг ҳар бири шаҳарда ва ундан ташқарида ўзига ажратилган ҳудудни назорат қиларди. Улар биргаликда – италия-америка мафияси эди, бироқ бунақа «гангстерлик ҳукумати»-ни ҳар доим ҳам юзага чиқаришнинг иложи бўлавермасди.

Тўдалар ўртасида ҳудуд талашиб жанжал ва низолар келиб чиқмаслиги учун мафиячи Лаки Лучано комиссия деб номланган мажлисни яратди, унда мафия оилалари ўртасида юзага келадиган баҳсли масалалар ҳал этиларди.

Комиссия ҳақида маълумот. Мафиячи тўдалар босслари — отахонларининг машваратида нафақат пул масаласи, балки қотиллик, гангстерлар оилаларини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинарди. Комиссия илк марта 1935 йилда ғанимларни даф этиш масаласини муҳокама қилиш учун тўпланганди. Бунақа йиғинларга барҳам беришнинг ҳанузгача уддасидан чиқилгани йўқ.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар гангстерларга халақит беришга қанчалик уринмасин, барибир бундай йиғинларда мафия янгидан-янги режаларни ўйлаб топарди. Ҳуқуқ муҳофазачиларининг уринишлари ҳар сафар чиппакка чиқаверар, ҳаммасини бошидан бошлашга тўғри келарди.

Шундай вазиятда шунақа бир одамни топиш керак эдики, у мафия ичига кириб бора оладиган, яширин маълумотларни федерал тармоққа етказиб берадиган бўлсин деган қарорга келинди. Агент Жо Пистоне айни шу талабга мос келарди.

ПАНОҲ ОСТИДАГИ АГЕНТ

Пистоне яширин ном остида ишлаш тажрибасига эга бўлгани учун ҳам уни танлашганди. У 1974 йилда бегоналар ичига ўз одамидек кириб олиб, автоолибқочарлар тўдасини фош этганди. Олинган маълумот гуруҳларнинг барча асосий 300 дан зиёд аъзосини қўлга олиш ва тўдани йўқ қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди.

Тўдабошиларнинг барчаси симтўрлар ортига ташланди. Мафия билан ишлаш – айтишга осон. Бу иш мутлақо янгича ёндашувни талаб қилади. Тўғрисини айтганда, агар Жонинг асл башараси очилиб қолгудек бўлса, автоолибқочарлар уни пора билан оғдириб олишлари мумкин эди. Бунақа «ўйинлар» гангстерларга тўғри келмайди. Биргина хато қадам қўйдингми, тамом, бошим кетди деявер.

Ҳарқалай, Пистоне Нью-Жерсининг итальянлар туманида катта бўлгани учун ҳам мафия анъаналарини беш қўлдай яхши биларди. 1976 йилда у Федерал тергов бюроси (ФТБ) билан биргаликда ўзи ҳақида чўпчак тўқиди, яъниким, сох та ҳужжатлар ясаб, агентдан қимматбаҳо буюмларнинг туппа-тузук майда ўғрисига айланди.

Киссавурликнинг сирларини дурустроқ ўзлаштириш учун заргарлик дўконидаги танишидан махсус йўл-йўриқ олди. У қалбаки зеб-зийнатни аслидан қандай ажратишни, қимматбаҳо тошларни қай тариқа тўғри сотишни ўргатди. Заргарнинг ҳар қайси тош хусусиятлари хусусида айтганларини миясига жойлаб олди.

Пистоненинг шахсий делосидан аслида кимлигига ва оиласи – аёли ва болаларига оид барча маълумотлар йўқ қилинди.

Ҳаммаси 1976 йилнинг кузида бошланди. Операцияга бир вақтнинг ўзида иккита йирик шаҳарда (Майами ва Нью-Йоркда) киришилди. Шунинг учун ҳам баъзан уни Sun-Apple (таржимаси – «қуёшли олма») деб аташади.

Мафиянинг ишончига кириш учун Донига ярим йил муҳлат беришди, шундан сўнг операцияни ҳеч ким сезмаслиги мумкин эди. Бироқ ҳали ҳеч ким ана шу олти ой узоқ давом этадиган олти йилга айланиб кетишини билмасди ҳам. Браско бар ва пабларга тез-тез борар, ФТБ хабарларига кўра бу жойларга АҚШнинг жиноятчиликка алоқадар тўдабошилари танда қўйишганди.

МАФИЯ БИЛАН ЮЗМА-ЮЗ

Қарийб олти ойда у мафия ишончини қозониш учун не-не қадаҳлар уриштирди, ниҳоят бу интилиши беҳуда кетмади. Дони билан биринчи бўлиб Коломбо оиласига мансуб гангстерлар алоқа боғлашди. Улар Сицилиядан АҚШга наркотик моддалар келтириш йўлларини топишга уринишарди. Бу иш ФРБ учун турган-битгани ғурбат эди, чунки 1970 йилларда италияамерика мафияси наркобизнесни унчалик хушламас, бунинг ўрнига тинчгина казино, клублар ва қимор бизнеси билан шуғулланишни афзал кўрарди.
– Наркотиклар бизнеси қора, ифлос ишлигини барчамиз яхши билардик. Уларни сотиш болангни шулар эвазига боқиш билан баробар. Мабодо бу ишга бурун тиқдингми, барибир қўлга тушишинг аниқ, – деганди собиқ гангстер Фрэнк Кулотта. Коломбо тўдасидаги ҳаддидан ошган шафқатсизлик уни бу доирадан кетишга мажбур қилди. Наркосавдони деб улар йўлига тўсиқ бўлган барчани аямай ўлдиришарди. Бу воқеалар Дони Брасконинг кўз ўнгида содир бўлар, «ўзимизнинг одам» деган сўзни исботлаши учун унга ҳам кимнидир ўлдиришни буюришарди. Аммо ФТБ агенти бундай ишларни қилишга қодир эмасди.

Шу важдан ҳам у наркосавдо шайдоларидан узоқлашиб, бошқа мафияни излашга тушди. 1977 йилда унда Бонанно оиласининг капорежими (мафия тузилмасидаги унвон) – гангстерлар отрядининг бешафқат қўмондони Энтони Мирра билан танишиш имконияти пайдо бўлди.

Мирранинг обрў қозониш тарихи ҳам узоқларга бориб тақаларди. У ҳам наркобизнесга алоқадар шахс эди, лекин асосий эътиборини кўпроқ клублар ва қиморбозликка қаратарди. Браско билан яқиндан танишганидан сўнг Мирра уни ортидан эргаштириб ҳамма жойга олиб борадиган бўлди. Жо Пистоненинг жиноят оламидаги йўли шу тарзда бошланди.

БОНАННО ОИЛАСИДА

Жиноий тўда бошлиғи Кармин Галанте (Бонанно) ҳақида маълумотларга эга бўлиш учун Мирра шунчаки бир чиптадай гап эди.

ФРБ ўзининг агенти мафиячи ишончига киришга муваффақ бўланидан хабар топгач, унга топшириқ юклашди. Ичкарига кириб ис олиш, гангстерлар отахони ҳаётини ўрганиш лозим эди.

Бу ёғи қизиқ бўлди-ку! Кармин Галанте жиноят оламида довруқ қозонган шахс. Бонанно оиласининг тўдабошиси. Италияамерика мафиясини героин олди-сотдисига жалб қилишга уриниши ортидан танилган.

Аслида-ку, гангстерлар топган даромадларини ўзаро тақсимлаб олишга одатланган, Галанте эса наркотиклар савдосида фақат ўзининг шахсий манфаатларини кўзларди. Унинг миясида қандай режалар бор, бизнесни қай тартибда юритади, мафия тузилмаси қандай шаклда – бу каби топшириқларнинг тагига етиш осон эмасди, албатта. Ахир Браско ҳали тўданинг тўлақонли аъзоси эмас, шунчаки унга яқин бир одам эди, холос. Мафия сафига кириш учун сен «ўзимизники» эканлигингни исботлашинг керак. Жиноят олами тилига ўгирилса, бу «одам ўлдириш» демакдир.

Аммо янги келган бегонани тўдага қабул қилишга ҳеч ким ошиқмасди. Даставвал у барча синовлардан ўтишга муносиблигини исботлаши лозим. Кармин Галанте номидан бериладиган бўлмағур топшириқларда ҳам бу нарсага ишора йўқ эди.

Мафия сафидаги ишончли аъзо номини олиш учун фойда келтириш, қандайдир йўл билан бўлса ҳам пул ишлаб топиш лозим эди. Бу иш Доненинг қўлидан келар, чунки ҳарқалай «қимматбаҳо буюмлар ўғриси» деган номи бор эди. Тўғри, у умрида ростакам босқинчилик билан шуғулланмаган, унга «нақдини» ФРБ ходимлари етказиб туришарди.

Бу сумма махфийлиги учун олти йилда федерал бюро қанча сарфлаганини билиб бўлмайди. Яширин ном олганлар бу ишни ими-жимида қилишган. Шуни фараз қилиш мумкинки, сарфланган пуллар ҳазилакам эмас. Улар Дони тўда сафидан қувиб юборилмаслиги учун маблағни аяшмаган. Мафия эса, аксинча, фойдани кўриб, унга янада кўпроқ ишона бошлаган. Браско мафия оиласи ҳарбийлашган иерархик тузилмага эгалигини билиб олди.

Аён бўлишича, энг қуйи поғонадаги даража эгалари ўзларини ким бошқараётганини ҳатто билишмас ҳам экан. Боз устига яна маълум бўлдики, гуруҳ бошлиғини қотилликларда айблаш мумкин эмас. Негаки, у бу ишга шахсан қўл урмаган, комиссия мажлисига эса ҳеч кимни киритишмайди.

Мафия етакчиларини (боссларини) ҳибсга олиш ФТБ учун ҳал қилувчи масала эди. Гарчанд Жо Пистоне бу масалада ҳеч нарса қила олмаса ҳам махсус хизмат бўлинмаларига муҳим маълумотларни мунтазам етказиб турарди.

«У ким қанақа ишга аралашганига, гангстерлар рэкетнинг қайси турлари билан шуғулланганига оид маълумотларни жўнатиб турарди. У нафақат келгусидаги режалардан, ҳатто кимни нима сабабдан ўлдиришмоқчи эканлигидан ҳам хабардор эди», – дейди ФТБ агенти Жеймс Каллстром.

1979 йил давом этарди. Пистоне уч йилдирки, оиласини кўргани йўқ – байраму туғилган кунларни ўтказиб юборарди. ФТБ бир неча ойда бир марта ҳимояланган телефон тармоғи орқали оиласи билан гаплашишга рухсат берарди. Тўқилган чўпчакка кўра бир қиз билан ёмон юриш-туришини демаса, Дони Брасконинг оиласи ҳам бўлмаган.

Шу туфайли у мафиянинг оддий аъзолари оилалари ва уларнинг командирлари билан чиройли муомала қилиб, ишончларига кирди. Улар Браскога ишонишар, унинг учун янги оила қурамиз деб ўйлашарди. У бир томондан сўққабош ўғри, иккинчи томондан қаҳрли гангстер бўлиб кўринарди.

Давоми бор…
Бахтиёр НАЗАРОВ таржимаси