Ҳасса таянган фирибгар

13:00 - 20.05.2021

20

Ҳар бир маҳалла ёки қишлоқда ўзининг қайсидир жиҳати билан ном таратган инсонлар бўлади. Агар унинг машҳурлиги фидокорона меҳнати, олийжаноблиги ва сахийлиги туфайли бўлса жуда яхши. Аксинча бўлса…

Олтиариқлик Раҳмонберди Тожибоев (исм-фамилияси ўзгартирилган) ҳам қора қилмишлари билан туманда, айниқса «ўтириб чиққанлар»
орасида ном қозонган. Чунки у дастлаб – бундан 27 йил аввал валютани қонунга хилоф равишда олиб сотиш ҳамда қотиллик жиноятини содир этган бўлса, ўтган давр мобайнида беш марта фирибгарлик қилди.

Буни қарангки, жазони ўташ мобайнида Раҳмонберди аканинг 2013
йилда содир этган яна бир фирибгарлиги фош қилинди.
Гап шундаки, Бешариқ туманидаги «Бек каратэ» клуби ҳамда сабзавотчиликка ихтисослашган «Ашурматов Бекмирзо орзуси» фермер хўжалиги раҳбари Даврон Ашурматов 2012 йилда Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида бўлиб ўтган каратэ мусобақасида тумандаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Дониёр Султонов билан танишиб қолади.

Кейинчалик иккала ҳамкасб каратэни ривожлантириш учун ҳамкорликда иш бошлайди. Бир куни Даврон ака Бешариқда юрган пайтда Д.Султонов унга қўнғироқ қилади.
– Эртага Тўйтепага етиб келинг.

Сизни бир қадрдоним билан таништириб қўяман. У киши юқори лавозимда ишлайди, вақти келиб сизга керак бўлиб қолади, – дея оғиз кўпиртиради Дониёр.

Шунга биноан, орадан бир-икки кун ўтгач фермер Тошкент вилоятига
келади. Салом-алик қилиб, ҳол-аҳвол сўрашиб ўтиришганда уларнинг олдига костюм-шим ва оқ кўйлак кийган бир киши кириб келади.
– Асли марғилонликман. Исм-фамилиям Нурмуҳаммадов Баҳодир Эргашович. Ҳозир Тошкентда, Миллий хавфсизлик хизматида ишлайман, –дея алдайди Р.Тожибоев.
– Мен ҳам танишганимдан хурсандман, – дейди Даврон ака.
Мана шу тариқа танишишгач, «МХХ ходими» ўзининг телефон
рақамини унга беради:
– Керак бўлсам, телефон қилинг.
Ҳар қандай муаммони ҳал қиламиз. Бунинг устига кейинги учрашувга у эгнида ҳарбий кийим билан келади. Мақсади тезроқ Даврон Ашурматовнинг ишончини қозониш эди. Кўп ўтмай улар яна телефон орқали боғланишади. Аниқроғи Р.Тожибоевнинг ўзи Д.Ашурматовга қўнғироқ қилади.
– Республика бўйича ЖИЭМларга куратор бўлдим. Яқинда Фарғонага текширишга бораман, кутиб оларсиз? – сўрайди фирибнинг ҳадисини
олган қаҳрамонимиз.

– Албатта, бемалол келаверинг. Биз ҳамиша тайёрмиз, – дейди мезбон.

Ваъда берганидек, Даврон ака Р.Тожибоевни илиқ кутиб олиб, қуюқ меҳмон қилади. Суҳбат асносида эса меҳмон яна фириб тўрини ёзади.
– Керак бўлса, сизга Тошкентдаги деҳқон бозорларидан бирининг раислигини олиб бераман. У ерда сизни Тошкент шаҳри прокурори қўллаб туради. Шунинг учун пойтахтга кўчиб келинг.

У шундай деб ўзини аввалгидан ҳам ҳожатбарор, ҳамма жойга қўли
етадиган қилиб кўрсатади. Д.Ашурматов эса бу гапларни эшитгани сайин нақадар улуғ инсон билан танишиб қолганидан мамнун бўлади. Шунинг учун 2013 йилнинг февраль ойида Раҳмонберди ака телефон орқали 10 000 АҚШ доллари қарз сўраб, 10 кун ичида қайтаришини айтганда ҳам ҳеч иккиланмай пул беради. Р.Тожибоев ҳам унинг ишончини қозониш мақсадида олган қарзини айтган вақтида қайтаради.

Буни қарангки, орадан салкам 9 ой ўтгач, аниқроғи 2013 йил ноябрь ойида сохта амалдор аввалдан режалаштирган ишига қўл уради. Яъни Нидерландиядан зотдор қорамоллар келаётгани, агар пул берса, олиб келиб бериши мумкинлигини айтади.

Даврон ака Раҳмонберди акага чиппа-чин ишонади. Оила аъзоларининг гувоҳлигида Р.Тожибоевга 200 та қорамол учун 1 000 800 000 сўм пулни санаб беради. Бунинг учун эса у Яккатут қишлоғидаги ҳовлисини сотибгина қолмай, қариндош ва дўстларидан қарз ҳам олади. Бироқ ваъда қилинган муддат яқинлашади ҳамки қорамолдан дарак бўлмайди. Д.Ашурматовнинг кўнглига ғулғула тушиб, дасти узун оғайнисига қўнғироқ қилади.

– Зотдор молларимиз қачон келади? – деб сўрайди ўшанда. Лекин
Раҳмонберди Тожибоев энди турли баҳоналар ишлатишга ўтади. Кўп ўтмай телефонини буткул ўчириб қўяди. Шунинг учун ҳақдор уни 2014 йил август ойига қадар қидиради. Аммо фирибгарни топа олмайди. Боз устига уни Риштон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими ходимлари ҳам чақиришади.

– Баҳодир Нурмуҳаммадовни танийсизми? – деб сўрайди терговчи
йигит.

– Албатта, мен у ярамасни қидириб юрибман-ку, – дейди Даврон ака.
– Ҳозир унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Асли исми Раҳмонберди Тожибоев, айни пайтда қидирувга берилган, – дея сўзини давом эттиради терговчи.

Ана шундагина Д.Ашурматов ўзининг алданганини англаб етади. Бироқ Р.Тожибоев ўша пайтда жазони ижро этиш муассасасида бўлиб, бошқа фирибгарликлари учун тайинланган жазони ўтаётган эди. Бинобарин, янги мурожаат асосида айбдорга олтинчи марта жиноят иши қўзғатилади.

Натижада у жиноят ишлари бўйича Беш ариқ тумани судига жазони ижро этиш муассасасидан олиб келинади.

Энг эътиборлиси, судланувчи ҳасса таянган ҳолда судга келади. Лекин қонун барчага баробарлиги инобатга олиниб, суд уни айбдор деб топди.

Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон тумани судининг 2017 йил 26 сентябрдаги ҳукмига биноан тайинланган жазони қисман қўшиш йўли билан унга узил-кесил 6 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва 11 938 500 сўм жарима жазосини тайинлади. Жазо тайинлашда фирибгар отахоннинг ўта хавфли рецидивистлиги ҳам инобатга олинди. Озодликдан маҳрум қилиш жазосини махсус тартибли колонияда ўтаттириш белгиланди.

Агар жиноят иши ҳужжатларига эътибор берилса, Раҳмонберди Тожибоев шу йилнинг 20 май куни 70 ёшга тўлади. Инсон учун ана шу табаррук ёшда оиласи, набиралари қуршовида эмас, темир панжаралар ортида ўтириш нақадар ачинарли.

– Қамоқдан чиққанимдан кейин тўлайман зарарни, – дея кўрсатма берди у суд мажлисида.

Бироқ озодликка чиққач чиндан ҳам унинг бир миллиард сўмдан ортиқ зарарни тўлай олишига ишониб бўладими?

Музаффаржон ЭГАМОВ,
Бешариқ тумани прокурори