Аҳоли бандлигидан барча бирдек манфаатдор

10:00 - 20.05.2021

9

Аҳоли бандлигини таъминлаш, моддий манфаатдорлигини ошириш энг устувор вазифалардан ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастури тўғрисида»ги қарори мазкур йўналишда қилинаётган ишлар кўламини кенгайтиради.

Ушбу қарор билан тасдиқланган «2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастури»да бу йил 457 127 та доимий иш ўрнини ташкил этиш, тармоқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳисобига яратиладиган иш ўринлари, кичик корхона ва микрофирмалар ташкил этиш ҳисобига яратиладиган иш ўринлари, шунингдек, тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобига яратиладиган иш ўринлари бўйича прогнозлар акс этган.

Қарор талабидан келиб чиқиб, бу йил меҳнат органлари 513 575 кишининг бандлигига кўмаклашади, иш берувчиларни рағбатлантиради. Ишсизларни бўш ва захира иш ўринларига жойлаштиради. Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан аҳоли бандлигига кўмаклашиш учун субсидия, нафақа ва микрокредитлар ажратилади.

Яъни, 92,3 млрд. сўм субсидия, 65,1 млрд. сўм ишсизлик нафақаси тўлаб берилади, 40,6 млрд. сўм касбга тайёрлаш ва малака ошириш харажатлари қопланади, янги иш ўринлари ташкил этишни назарда тутувчи кичик лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банкларига 125 млрд. сўм ресурс ажратилади.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари икки ҳафта ичида давлат дастури доирасидаги прогнозларни ишлаб чиқиб, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари муҳокамасидан ўтказади. Шунингдек, янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш тўғрисидаги ҳудудий дастур тўғрисида қарор қабул қилиниши таъминланади.

Аҳамиятли жиҳати, қарорда давлат дастурини ўз вақтида ва сифатли бажариш юзасидан идора раҳбарлари тегишли йўналишлар бўйича масъул этиб белгиланди. Бундан ташқари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ҳузурида фаолият юритаётган вақтинча бир марталик иш билан таъминлаш бюролари «Кунлик меҳнат марказлари» сифатида қайта ташкил этилади ва уларга қуйидагилар асосий вазифа этиб белгиланади:
– иш изловчиларни рўйхатга олиш, улар тўғрисидаги маълумотлар базасини юритиш, иш берувчи жисмоний ва юридик шахслардан фуқароларни вақтинча ишга ёллаш бўйича буюртма олиш;
– вақтинча ишларни бажарувчиларнинг ўзини ўзи банд қилган
шахс сифатида рўйхатдан ўтиши ва электрон (қоғоз) шаклдаги маълумотнома олишига шароит яратиш;
– иш изловчиларни корхона ва ташкилотлардаги бўш иш ўринлари билан мунтазам таништириб бориш ҳамда доимий ишга жойлашишига кўмаклашиш;
– вақтинча ишлар билан шуғулланувчи шахсларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш, касбга тайёрлаш;
– иш берувчилар ва иш изловчилар иштирокида бўш иш
ўринлари ярмаркаларини ташкил этиш;
– вақтинча ишлар билан шуғулланувчиларга меҳнат қуроллари, шахсий ҳимоя воситалари ва махсус кийимларни ижарага бериш.

Мазкур марказда вақтинча ишларни бажарувчиларга уларнинг доимий яшаш жойидан қатъи назар, иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган ҳолда бандлик хизматлари кўрсатилади.

Марказда туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори томонидан тайинланадиган мутахассислари фаолият юритади. Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директорининг ўринбосари бир вақтнинг ўзида ушбу ҳудуддаги «Кунлик меҳнат маркази»нинг раҳбари ҳисобланади. Ўз навбатида, жамоат тартибини сақлаш учун марказга туман ички ишлар бўлимининг масъул ходими доимий равишда бириктирилади.

Қарор талабига кўра Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги 2021 йил 1 июлга қадар янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича ҳисоботларни юритиш, уларни реал вақт режимида Давлат солиқ қўмитасининг ягона интеграция лашган ахборот-ресурс базаси билан мониторинг қилишга мўлжалланган электрон дастур ишлаб чиқади. Уч ой муддатда аҳолининг эҳтиёж манд тоифалари, жумладан, ногиронларни ишга жойлаштириш учун туман ҳокимларининг қарори билан белгиланган иш ўринларининг энг кам сони ва иш берувчилар томонидан иш ўринлари захирага қўйилгани тўғрисидаги маълумотларни «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралар аро дастурий-аппарат комплексида акс эттиради. Икки ой муддатда ногиронлар ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун бандлик соҳасида интерактив хизматлар доираси кенгайтирилади.

Бу каби чоралар аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириб турмушини яхшилаш учун мустаҳкам пойдевор бўлади. Зеро, аҳолини иш билан таъминлаш нафақат иқтисодий, балки катта ижтимоий аҳамиятга эга масала ҳисобланиб, унинг ўз вақтида ҳал этилишидан барча бирдек манфаатдордир.

Ойбек СУЛТОНОВ,
Бош прокуратура бошқарма
прокурори