“Ваколати кенг” мудира

18:00 - 19.05.2021

15

2020 йил коронавирус пандемияси билан ёдимизда қолди. Мазкур жараёнда шифокорлар билан бирга санитария-эпедимология назорати ходимлари ҳам ҳаётини хавфга қўйиб, хатарга қарши курашиш, инфекция тарқалишининг олдини олишга муносиб ҳисса қўшди. Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, улар орасида ҳам қонунга хилоф иш қилганлар бор экан.

Ўтган йили Паркент туманида ҳам вирус тарқалиши авж олди. Ҳудудда карантин чоралари кучайтирилди. Жумладан, автотранспортларнинг ҳаракати чекланди. Фақатгина махсус стикерга эга бўлган автомашиналар ҳаракатига рухсат берилди. Ўша даврда С.Маматов карантинга риоя этмай, ўзининг автомашинасини ҳайдаб юраверади. Уни профилактика инспектори бир неча марта огоҳлантирса ҳам ўз билганидан қолмайди. Шундан сўнг инспектор Э.Имомов унга нисбатан маъмурий баён расмийлаштириб, санитария-эпидемиология назорати марказининг туман филиалига жўнатади. Қонунда белгиланишича, карантинга амал қилмай, автомобиль бошқарган фуқарога базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробаридан 30 баробаригача жарима тайинланиб, автотранспорт карантин тугагунча жарима майдонига қўйилади.

С.Маматов инспектор билан кўп талашмади. Бир неча кун ўтгач, СЭНМнинг туман филиали мудири Дилноз Рўзибоеванинг олдига бориб, у билан келишиб олади. Шундан сўнг Д.Рўзибоева ушбу ишни маъмурий жарималарни кўриб чиқувчи комиссия иштирокида кўриб ҳам чиқмасдан, С.Маматовга базавий ҳисоблаш миқдорида жарима қўллаб, автомашинасини жарима майдонидан чиқартириб юборади.

Мудир биргина С.Маматовнинг айбини хаспўшламаган экан. Карантин юмшатилгач, СЭНМнинг туман филиалига жўнатилган маъмурий баёнлар текширилганида Д.Рўзибоеванинг қонунга хилоф ишлари фош этилди. Хусусан, у 70 кишига нисбатан расмийлаштирилган баёнларни ҳам комиссия иштирокида кўриб чиқмасдан, қоидабузарларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробаридан беш баробаригача жарима қўллаб, автомашиналарини жарима майдонидан чиқартириб юборган. Оқибатда жарималарнинг 273 млн. 844 минг сўми ундирилмай қолган.

Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Юқоричирчиқ тумани судида кўриб чиқилиб, Д.Рўзибоевага жазо тайинланди.