Эркалик ҳам эви билан: қоровулдан бадиий раҳбарликка

15:30 - 19.05.2021

5

Вали Намозов (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) устидан икки марта жиноят иши қўзғатилиб, Жиноят кодексининг 661-моддасига (Ярашилгани муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш) асосан тугатилган.

У Бухоро шаҳар маданият бўлими бошлиғи лавозимида 2017 йилдан иш бошлади. Фуқаро Иззат Рўзиевни 2018 йил март ойидан маданият бўлимига қарашли «Дўстлик» дам олиш марказига қоровулликка қабул қилди. И.Рўзиев аввалига ишга келиб-кетиб юрган бўлса-да, кейинчалик келмай қўйди. Ходим ишга келмаётганини кадрлар ишлари бўйича масъул М.Қобилова бошлиққа бир неча марта эслатди. В.Намозов қоровул нега ишга келмаётганини аниқлаш ёки унга бирор чора кўриш ўрнига М.Қобиловага бошқа топшириқ берди.

– Рўзиев ишга келмаса ҳам майли. Табелга ишга келаяпти деб ёзиб қўяверинг.

– Бу қандай бўлади?

– Яхши бўлади. Пулини корхонанинг транспорт харажатлари учун сарфлаймиз.

Шундан кейин 2018 йилнинг март ойидан 2018 йилнинг декабрь ойига қадар эрка қоровул номига пластик карта очилиб, маош тушиб турди.

Айни шу пайтга келиб «Дўстлик»да қоровул штати қисқаргани боис И.Рўзиев вазифасидан озод қилинди. Бироқ 2019 йилнинг март ойида у қоровул эмас, бадиий раҳбар сифатида ишга қабул қилинди. Бадиий раҳбар худди аввалгидек ишга келмаса-да, бошлиқнинг кўрсатмасига асосан 2020 йилнинг 1 февралига қадар иш ҳақи пластик картасига тушиб турди. Ишга келмаса-да, табелга тиркаладиганлар сони кўпайди. Рақс саҳналаштирувчиси вазифасида ишга қабул қилинган Орзугул Шерова ҳам ишга келмай қўйди. Бироқ табеллар чиройли қилиб тўлдириб борилди. Шу тариқа маданият бўлими бошлиғининг ноқонуний кўрсатмаси билан бюджетнинг 54 млн. 326 минг сўм пули талон-торож қилинди.

Суд ҳукмига биноан айбли деб топилган В.Намозовга  ойлик маошининг 15 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.