Вазиятдан “унумли” фойдаланган адвокат

14:30 - 19.05.2021

13

Диёр билан Асқар (исмлар ўзгартирилган) бир маҳаллада улғайишган. Биргаликда тадбиркорлик билан шуғулланади. Бир куни Асқар таниши Элбек билан сен-менга бориб, келишмай қолди. Тортишув жанжалга айланиб, Асқар Элбекни уриб жароҳат етказди. Шундан кейин ҳолат юзасидан Каттақўрғон тумани ички ишлар бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов бошланди. Кейинчалик терговни Иштихон тумани ички ишлар бўлими давом эттирди. Асқар эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди.

Зоҳид адвокатлик фирмасида ишлайди. У Асқарнинг опасига қўшни. Шу танишлик туфайли Асқар уни ўзига адвокатлик қилишга чақирди. Асқарнинг ўзига тўқлигини билган адвокат ҳалол ишлашни эмас, унинг бойлигидан фойдаланиб қолишни кўзлади. Асқарга юридик ёрдам кўрсатиш ҳақида шартнома тузди. Адвокатнинг асл ниятидан бехабар Асқар унга:

– Бориб жабрланувчи билан гаплашинг, кечирим сўраганимни айтинг, қанча пул сўраса ҳам бериб рози қилинг. Дўстим Диёрга учрашинг, тайинлаб қўйганман, қанча бўлса пул беради. Етмаса уйимда ҳам пул бор, – деди.

Бу адвокат учун айни муддао бўлди. Диёр ҳар куни ИИБга келиб, Асқарга тушлик ва кечки овқат етказиб турганди.

Бир куни ИИБ биносидан чиққан адвокат шу ерда турган Диёрга учрашди:

– Эҳтиёт чорасини ўзгартириш учун катталарга пул бериш керак. Мен келишиб чиқдим.

– Қанча керак бўларкан? – деди Диёр.

– 8000 АҚШ доллари керак. Асқар ака айтди, пулни сиздан оларканман.

Диёр адвокатнинг гапига ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмай иккиланиб қолди. Асқарнинг олдига кириб сўраб бўлмаса… Охири рози бўлди. Икки кун ичида сўралган пулни Асқарга тегишли жамиятнинг савдо пулидан тайёрлаб қўйди. Ўша куни ҳам тушлик олиб келиб, ичкарига бериб юборди. Зоҳиддан Асқарнинг аҳволини сўради. ИИБ биносига кириб чиққан адвокат Асқарнинг соғлиғи яхшилигини айтди. Кейин Диёр машинасидан пулни олиб адвокатга берди. Уддабуронлигидан мамнун бўлган Зоҳид пулни ўз эҳтиёжига сарфлади.

Уддабурон адвокат Асқарнинг хотинини ҳам алдади. Дастлаб бир неча марта келиб ҳаммаси яхши бўлишини айтиб юрди. Бир куни шоша-пиша келиб Асқарнинг хотинидан эрини қамоқдан чиқариш учун деб 3000 доллар олиб кетди. Пул олганини ҳеч кимга айтмаслигини тайинлади.

Бир неча кун ўтиб Диёр келди. Тадбиркорликни юритиш учун пул сўради. Асқарнинг хотини пулни адвокатга берганини айтди. Орадан бир-икки ой ўтиб Асқарга озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, уйига қайтди. Шундан сўнг адвокатнинг ёлғонлари фош бўлди. Асқар Зоҳидни излаб борди. Зоҳид пулни кимга ва қанча берганини исботлаб беролмади. Тортишувга қонун ҳимоячилари аралашди. Шундан кейин Зоҳид алдаб олган пулларини қайтариб берди. Жиноятга жазо муқаррар. Суд ҳукми билан Зоҳид 1 йил муддатга адвокатлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Унга ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.