Коррупцияга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар

10:45 - 19.05.2021

160

Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.

Давлат органлари зиммасидаги вазифа ва функцияларни бажаришда юзага келадиган коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат хизматига ҳалоллик стандартларини жорий этиш бугунги куннинг долзарб вазифасига айланди.

Шу жумладан, мамлакатимизда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш чоралари амалга оширилиб келинмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари”да амалга оширишга оид Давлат дастурини изчил рўёбга чиқариш, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигини ошириш, коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ва коррупцияга қарши курашиш тадбирларининг самарадорлигини ошириш бўйича устувор вазифалар белгиланиб олинган.

Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилади. Идоралараро комиссияни шакллантириш ва унинг фаолияти тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.[2]

 Аввало, коррупция сўзининг маъноси ҳақида гапирадиган бўлсак, “Коррупция” атамаси лотинча “орруптио” сўзидан олинган бўлиб, пора бериб сотиб олиш, бузилиш, ишдан чиқиш, аҳлоқий (маънавий) бузилиш деган маъноларни англатади. Одатда мансабдор шахс томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан, шунингдек, бу билан боғлиқ расмий нуфуз мақомидан, имкониятлар ва алоқаларидан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва ахлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатади.

Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунда коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш таърифи берилган.

Шуни айтиш жоизки, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга қарши фаол курашга қарамай, глобал муаммога айланди. Ушбу тушунча БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясини қабул қилишга олиб келди. Конвенцияга мувофиқ Коррупция энди маҳаллий муаммо эмас, балки барча мамлакатларнинг жамияти ва иқтисодиётига таъсир кўрсатадиган трансмиллий ҳодисага айланди ва коррупцияни олдини олиш ва йўқ қилиш барча давлатларнинг бурчидир.

Жамиятда коррупция оддий халқ вакилларининг юқори амалдорларга ёхуд давлат амалдорларининг ўзаро бир-бирларига бўлган муносабатидан келиб чиқади. Ушбу салбий ҳолатнинг ҳар қандай кўриниши жамиятни ҳалокат ёқасига олиб бориши муқаррардир.   

Коррупция нафақат давлатнинг ички сиёсатига, балки мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсига ҳам таъсир қилади. Коррупциянинг ҳолати халқаро алоқаларни яратиш, иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий-маданий соҳаларда салбий оқибатларга олиб келади. Шунинг учун халқаро рейтингдаги позицияларимиз яхши бўлиши учун ишлашимиз керак. Бу мамлакат тараққиёти ва демократиясининг барометри ҳисобланади.

 Коррупция ҳар қандай давлат ва жамият ривожига жиддий салбий таъсир кўрсатувчи хавфли омил, барча мамлакатларга таҳдид солувчи мураккаб ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳодисадир. Зеро, бу омил туфайли давлатнинг ривожланиши секинлашади, ҳукумат тизими ишдан чиқади, демократик институтларга путур етади. У сайлов жараёнларига салбий таъсир қилиб, қонун устуворлигига жиддий зиён етказади. Шу билан бирга, унинг таъсири остида фуқароларнинг ижтимоий адолатга, ҳақиқатга ва давлат органларига ишончи йўқолади. Ҳар қандай жамият учун ушбу жиноятга қарши курашиш энг долзарб масалалардан биридир. Бизнинг давлатимиз коррупциянинг олдини олиш ва унинг илдизларига барҳам бериш мақсадида кўпгина тадбирларни амалга оширмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилиши фикримизнинг исботидир.

Агентлик коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Агентлик президентга бўйсунади ва Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдор. Фармон билан агентликнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланди. Жумладан, Агентлик мамлакатда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилишни таъминлайди.

Агентлик коррупцияга оид, биринчи навбатда, Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига ва халқаро имиджига зарар етказувчи жиноятларни тергов қилиш натижаларини комплекс таҳлил қилади.

Агентликка, шунингдек, қуйидаги бир қатор ҳуқуқлар берилди:

  • бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат активларининг реализация қилиниши, давлат харидлари, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва давлат дастурлари бажарилиши билан боғлиқ материалларни талаб қилиш, олиш ва ўрганиш;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция масалалари бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш;
  • коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий суриштирувлар ўтказиш;
  • ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари қарорларида коррупция белгилари аниқланган ҳолларда уларнинг ижросини тўхтатиш ёки бекор қилиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни киритиш.

Агентликнинг огоҳлантириш, тақдимнома ва мурожаатлари ўн кун ичида кўриб чиқилиши ва натижалари юзасидан ёзма ахборот берилиши шарт.

Фаолият соҳасига қараб коррупцияни қуйидагиларга ажратишимиз мумкин: давлат бошқарув соҳасидаги коррупция, парламент соҳасидаги коррупция, корхоналардаги соҳасидаги коррупция. Давлат бошқарувида юзага келадиган коррупция аввало, давлат хизматчиси (мансабдор шахс) бўлиши ва ресурсларни бошқариш ва қарорлар қабул қилишда, ўз шахсий манфаатларини ўйлайди. Парламент соҳасидаги коррупция аввало сайловчи, конституцияга мувофиқ, ҳокимият кучи эга (қонунларни қабул қилиш ресурсларига) бўлади.

Корхоналар ҳам ўзлаштириш ёки растрата йўли билан тегишли ресурсларни йўқ қилишлари мумкин. Ноқонуний ҳаракатлар орқали бойишга ёки ўз манфаатларини қондиришга интилишлари ҳисобланади.

Коррупцияга оид жиноятлар рўйхатига қуйидагилар киради: хизмат ваколатини суистеъмол қилиш; жиноят йўли билан сотиб олинган моддий бойликларни легаллаштириш, мансабдор шахс ўз лавозим ваколатларидан фойдаланган ҳолда содир этиш; ғаразли ёки бошқа шахсий манфаатлар туфайли хизмат ёки ҳокимият ваколатлар орқали ҳаракатсизлик оқибатида мансаб суистеъмол қилиш; нақонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш; пора олиш; пора бериш; пора беришда воситачилик қилиш; ноқонуний мукофатлар олиш.

 Шунингдек, биз амалиётда шундай муаммоли вазият билан тўқнаш келдикки, ҳатто ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида ҳам коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга нисбатан турли хил ёндашувлар мавжуд. Баъзи идоралар қайсидир ҳуқуқбузарликларни коррупция деб билишади, баъзилари эса йўқ. Шунинг учун аввало қайси ҳуқуқбузарлик ёки қайси ҳаракат коррупциявий ҳолат эканлигини аниқлаш керак.

Шундай қилиб, коррупцияга қарши курашишда қуйидагиларни амалга ошириш лозим саналади:

Биринчи навбатда очиқлик, шаффофликни йўлга қўйишимиз лозим. Шу мақсадда оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат секторнинг бошқа вакиллари билан самарали ҳамкорликни амалга ошириш каби вазифалардир. Хорижий тажриба шуни кўрсатадики, ошкоралик коррупциянинг олдини олувчи биринчи омиллардан саналади. Aгар давлат идораси ёки мансабдор шахс жамоат олдида ўз фаолияти тўғрисида — молиявий масалалардан тортиб ишга қабул қилинишгача ҳисобот берса, бу коррупцияни камайтиришга ёрдам берувчи очиқлик бўлади.

Иккинчидан, фуқаролик жамияти иштирокини таъминлаш. Бунинг учун эса кучли фуқаролик жамияти зарур. Давлат фуқаролик жамиятига кўпроқ суяниши, унга ёрдам бериши ва рағбатлантириши керак.

Учинчидан, жазо чораларини кучайтириш.

Тўртинчидан, электрон ҳужжатларни айланишини таъминлаш. Айрим рухсат олиш ва лицензиялаш электрон мурожаатларини йўлга қўйиш. Коррупцияни сезиларли даражада камайтиришимиз керак.

Бешинчидан, ҳуқуқий бўлиқларни бартараф этиш лозим.

Олтинчидан, фуқароларимизда ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш етарли даражада бўлмоғи лозим.

Еттинчидан, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда мамлакатнинг имижини мустаҳкамлаш ва унинг халқаро рейтинглардаги ўрнини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш.

Саккизинчидан,  вазирлик ва идораларнинг коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг ушбу масалалар бўйича биргаликдаги самарали фаолиятини ташкил этиш.

Демак, бугунги кунда ушбу муаммо иқтисодий соҳа билан боғлиқ.    

Унинг иқтисодий таркиби қисми иқтисодиёт билан, молиявий оқимлар ва савдо билан боғлиқ. Коррупция давлатнинг иқтисодий ўсишига тўсқинлик қиладиган асосий салбий механзимлардан биридир.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳатлар, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш масаласида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва самарали амалга ошириш бўйича сиёсий ва функционал жиҳатдан мустақил тизим шаклланишига хизмат қилади.

Адилжон БАБАЕВ,

Мирзаобод  тумани прокурорининг

катта ёрдамчиси лавозимида

иш ўрганувчи.