Тўрт жон қон қақшаган тун

12:00 - 19.05.2021

34

…У аввал бувисининг кетидан ҳовлига чопиб чиқиб кетаётган саккиз ёшли Моҳирани сочларидан ушлаб тўхтатади ва унга ҳам аёвсиз пичоқ санчади. Қизнинг жони узилгач эса хонанинг бир четида жажжи қўллари билан юзини беркитиб турган олти ёшли Алижонга ташланади. Бу норасида ҳам пичоқнинг зарбидан омон қолмайди. Ҳовлига чиқиб, «ёрдам беринглар» дея бақираётган қайнонасига яна ҳамла қилиб, уни ҳам ўлдиради ва қочиб кетади.

2020 йил 10 декабрь куни ижтимоий тармоқларда Яккабоғ туманида даҳшатли қотиллик содир этилгани, бир оиланинг тўрт аъзоси ўлдириб кетилгани ҳақида хабар тарқалганди. Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида яшовчи 28 ёшли фуқаро яккабоғлик 25 ёшли ҳомиладор хотинини, қайнонасини ҳамда оиланинг 8 ва 6 ёшли аъзоларини ҳам ваҳшийларча ўлдирган.

Мазкур қотиллик 2021 йил 19 апрель куни жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти судида кўриб чиқилди. Унда судланувчини мудҳиш жиноятга ундаган сабабларга ойдинлик киритилди. Гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди. Марҳумларнинг қонуний вакилларининг фикрлари эшитилди. Судланувчини қотилликка етаклаган ҳар бир омил муҳокама қилинди. Шундан сўнг суд ҳукмини эълон қилди.

2019 йил 22 декабрь куни Мунира Муроджонова (марҳумларнинг исм-фамилиялари ўзгартирилган) Яккабоғдан Қамаши туманининг Қизилтепа қишлоғига келин бўлиб тушади. У яхши ниятлар билан Абдимурод Ҳазратқуловга турмушга чиққан эди. Икки ёшнинг тўйи хурсандчиликда ўтди, лекин бу хурсандчилик уларнинг кейинги ҳаётида давом этмади. Келин ва куёв тез-тез гап талашиб, жанжаллашишар, оқибатда Мунира онасиникига кетиб қолар эди. Келин турмуш ўртоғидан аразлаб уйидан чиқиб кетгач, Яккабоғ туманидаги қизлик уйида ойлаб қолиб кетарди. Абдимурод орада келиб, олиб кетмоқчи бўлса ҳам у истамасди. Бу ҳолат эса оиланинг омонат пойдевор устига қурилганини англатарди.

Бахтга қарши Мунира ҳам ҳомиладор бўлавермайди. Хуллас, шу тариқа орадан беш ой ўтиб кетади. 2020 йилнинг май ойида Мунира турмуш ўртоғи Абдимуродга олти ҳафталик ҳомиладор эканлигини айтади. Бу хабар эса А.Ҳазратқуловни қувонтирмади. Аксинча, олти ҳафта аввал Мунира у билан эмас, онасининг уйида яшаганини эслаб, ғазабланди. Шу пайт оғзидан «Тўғри юрибсанми?» деган гап чиқиб кетади. Буни эшитган Мунира ва унинг онаси Нафиса Шерматова Абдимурод билан жанжаллашиб кетишади. Шундай ҳам омонат бўлиб турган оила ишонч ришталари бу гапдан кейин тамоман узилади. Сўнг Мунира Абдимуродга ажрашишини айтади ва уйидан барча нарсаларини олиб, қайтмайдиган бўлиб, қизлик уйига келади.

А.Ҳазратқулов ўша пайтнинг ўзида турмуш ўртоғини ўлдиришни кўнглига тугади. Шу ўйда бир неча ойни ўтказади. 2020 йилнинг декабрь ойида унинг телефонига нотаниш рақамдан эркак киши қўнғироқ қилиб, уни роса ҳақоратлайди. Абдимурод қўнғироқ эгасини Муниранинг жазманларидан бири деган хаёлга боради. Унинг миясида бир неча кун «Демак, бола шу одамдан, Мунира онасиникида юрган кезлари менга хиёнат қилган» деган ўй чарх урарди.

2020 йилнинг 10 декабрь куни А.Ҳазратқулов иккита пичоқ олиб, қайнонасининг уйи томон йўлга тушади. Манзилга етиб келганида соат 24 дан ошган эди. У девор ошиб ҳовлига тушади. Ичидан қулфланган дарвозани қочиб кетишга қулай бўлиши учун очиб қўяди. Шундан сўнг Мунира ухлаётган уйнинг деразасидан ичкарига киради. Деразадан кирган шарпани сезган Мунира уйғониб кетиб, Абдимуродни дарҳол танийди ва унга қўлидаги пичоқларни ташлашини айтади. Кўзи қонга тўлган А.Ҳазратқуловнинг қулоғига унинг гаплари кирмасди. Абдимурод ялинишига ҳам қарамасдан ҳомиладор аёлига ташланади ва уни пичоқлаб ўлдиради. Шовқинни эшитган Н.Шерматова югуриб келиб Абдимуроднинг қўлидаги пичоқларни тортиб олишга ҳаракат қилади, лекин унга ҳам кетма-кет зарба берилгач, ҳовлига қочиб чиқади.

Энг афсусланарлиси, Муниранинг Россияга ишлаш учун турмуш ўртоғи билан кетган акасининг икки фарзанди ҳам шовқиндан уйғониб, қотиллик содир бўлаётган хонага югуриб киришган эди. Абдимурод Мунирани айнан жиянларининг кўз ўнгида ваҳшийларча ўлдирганди. Нафиса опа жон ҳолатда ўзини ҳовлига уриб, бақириб қўшнилардан ёрдам сўрай бошлади. А.Ҳазратқулов эса ваҳшийлашиб борарди. У аввал бувисининг кетидан ҳовлига чопиб чиқиб кетаётган саккиз ёшли Моҳирани сочларидан ушлаб тўхтатади ва унга ҳам аёвсиз пичоқ санчади. Қизнинг жони узилгач эса хонанинг бир четида жажжи қўллари билан юзини беркитиб турган олти ёшли Алижонга ташланади. Бу норасида ҳам пичоқнинг зарбидан омон қолмайди. Ҳовлига чиқиб, «ёрдам беринглар» дея бақираётган қайнонасига яна ҳамла қилиб, уни ҳам ўлдиради ва қочиб кетади.

Афсуски, қўшнилар ёрдамга кечикишди. Улар уйга кирганида тўрт инсон қонга беланиб ётарди. Қотил эса узоққа қочиб кетолмади. Кийимларидаги қон доғлари кўчада хизмат вазифасини ўтаб юрган ички ишлар ходимларида шубҳа уйғотди. Уни тўхтатиб гаплашмоқчи бўлишганида Абдимурод улардан қочишга ҳаракат қилди. Уни ушлаб идорага олиб келганларида эса Қизилтепа қишлоғида тўрт киши ўлдириб кетилгани тўғрисида хабар келади. А.Ҳазратқулов гумонланувчи сифатида сўроқ қилинганида барчасига ойдинлик киритилади. Терговда Абдимурод қилмишига тўлиқ иқрор бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти суди А.Ҳазратқуловни умрбод озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.