Қаерда олий жазога ҳукм қилинади?

16:00 - 19.05.2021

13

Айни пайтда дунёнинг 106 мамлакатида ўлим жазоси қўлланмайди.
Бунинг иккита асосий сабабини кўрсатиш мумкин: биринчиси, бу жазо усули инсонпарварлик тамойилига зид; иккинчиси, ҳукм қилиш ва уни ижро этиш жараёни жуда қимматга тушади ҳамда узоқ вақт талаб этади.

Масалан, АҚШда умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган жиноятчи учун давлат 740 минг доллар сарфлайди, ўлим жазоси эса миллион доллардан ортиқроққа тушади. Ушбу маблағ нафақат жиноятчини ўлдирадиган ўқ ёки инъекция, балки апелляция, адвокатлар ва маҳбусни сақлаш учун сарфланадиган харажатларни ҳам ўз ичига олган.

Сиёсий майдон айни пайтда ўлим жазоси ҳақида бонг уришдан тўхтамаяпти. Чунки ҳанузгача ушбу жазодан фойдаланаётган давлатлар бор. Жумладан, Хитойда зўравонлик билан содир этилган қотиллик учун ўлим жазоси берилса, Ҳиндистонда болаларни зўрлаганлар шундай жазога тортилади. Эронда эса динга хиёнат қилганлар, гомосексуаллар қатл этилади.


Айни пайтда 100 дан ортиқ мамлакатда ўлим жазоси бекор қилинган.
Ушбу жазони бекор қилган охирги давлатлар Қозоғистон, Малайзия, Мўғулистон, Гватемала ва Гвинея бўлди.

Деярли 40 та давлатда мазкур жазо фақатгина ўта оғир жиноятлар учунгина қўлланади. Ўлим жазоси умрбод қамоқ жазосига алмаштирилган Япония, Кувайт, Эрон, Ироқ, Ливия каби 50 та давлат мавжуд.

АҚШдаги ҳолат АҚШнинг 31 та штатида ўлим жазосига рухсат этилади. 2017 йилда уларда 23 киши қатл қилинган. «Айнан нима учун?» деган саволга жавоб шуки, ўлим жазоси қўлланишига доир аниқ умумий мезон йўқ, бундай қарорни ҳар бир штат алоҳида қабул қилади. Аризона штатида ўлимга ҳукм қилинган маҳбуслар камерасига ҳукм ижро этилишидан 30 кун олдин маҳбуслар олиб келинади. Бу ерда улар назорат қилинади ва ҳукмга тайёрланади.

2018 йилги маълумотга кўра ўлим жазосига Алабама, Айдаҳо, Аризона, Арканзас, Вайоминг, Вашингтон, Виржиния, Жоржия, Индиана, Калифорния, Канзас, Кентукки, Колорадо, Луизиана, Миссисипи, Миссури, Монтана, Небраска, Невада, Нью-Ҳемпшир, Оҳайо, Оклаҳома, Орегон, Пенсильвания, Шимолий Каролина, Теннесси, Техас, Флорида, Жанубий Дакота, Жанубий Каролина, Юта штатларида ҳам рухсат этилади.

Аксинча Аляска, Коннектикут, Ҳавайи, Иллинойс, Айова, Мэн, Мэриленд, Массачусетс, Мичиган, Миннесота, Небраска, Нью-Жерси, Нью-Мексико, Нью-Йорк, Шимолий Дакота, Род-Айленд, Вермонт, Ғарбий Виржиния, Висконсин штатларида ушбу мудҳиш жазони қўллаш эса тақиқланган.

Аризона штатидаги қамоқхона бошлиғи Чарльз Райан Романенко гувоҳлар учун махсус ажратилган жой борлигини таъкидлайди. Гувоҳлар бу ердан туриб маҳбуснинг ўлим инъекциясини қабул қилиш жараёнини кузатишлари мумкин.

Лонни Девид Франклин қисмати Ўлим жазоси ҳам ўз-ўзидан ижро этилмайди. Масалан, лос-анжелеслик собиқ чиқинди йиғувчи Лонни Девид Франклин 1985 йилдан 2007 йилгача 10 нафар аёл ва 15 ёшли қизни зўрлаб ўлдирган.

2010 йилдагина уни ушлашга муваффақ бўлишган. Аммо маҳбус ўз айбини 2016 йилгача тан олмаган. Айбига иқрор бўлгач, Лонни ўлимга ҳукм қилинган. Ҳукм ижро этилишини Сан-Квентин қамоқхонасида кутган маҳбус 2020 йилнинг 28 мартида ўз камерасида ўлик ҳолда топилган.


Ҳозир дунёда ўлим жазосини ижро этишнинг асосан иккита усулидан фойдаланилади, булар: отиб ўлдириш ва ўлдирувчи уколлар. Илгари мазкур усуллар орасида 2700 вольтлик электр курсига ҳам рухсат этилган. Электр стулдан охирги марта АҚШда 2010 йилда фойдаланилган. Эрон, Покистон ва Ҳиндистон каби мамлакатларда эса жиноятчилар билан анча шафқатсиз муомала қилинади. Уларда ўлимга ҳукм қилинганлар шаҳарнинг асосий майдонига олиб борилади ва тошбўрон қилинади, калтакланади. Омма олдида осиб қўйиш ёки бошини танасидан жудо қилиш ҳам учрайди.

  1. Отиш
  2. Инъекция.
  3. Электр курси.
  4. Осиш.
  5. Бошни танадан жудо қилиш.

Ўлим жазосига рухсат этилган мамлакатлар орасида Эрон, Саудия Арабистони, Ироқ ва Покистон ҳам бор. Уларда ҳар йили 100 нафардан 500 нафаргача одам ўлимга ҳукм қилинади. Асосан наркотик моддалар олди-сотдиси ҳамда бошқа оғир жиноят содир қилган шахслар қатл қилинади.
Ушбу рўйхатга Хитойни ҳам киритиш мумкин. Лекин Хитой ҳукумати ўлим жазоси билан боғлиқ маълумотларни асло ошкор этмайди. Норасмий маълумотларга кўра Хитойда йилига 2-3 минг одам қатл қилинади. Ўлим жазосига қарши курашиш нима учун зарур? Жаҳон ўлим жазосига қарши кураш куни 10 октябрда нишонланади. Ушбу кун 2002 йилда Жаҳон ўлим жазосига
қарши кураш коалицияси ташаббуси билан эълон қилинган.
«Amnesty International» халқаро ташкилоти нима учун кўп мамлакатлар ўлим жазосига қарши эканини қуйидагича тушунтиради:
– ўлим жазоси – қайтариб бўлмайдиган жазо. Чунки янглиш ҳукм чиқариш ҳолларидан қочиб бўлмайди;
– бундай жазо жиноятчиликка таъсир кўрсатмайди. Ўлим жазоси жиноятчиликни камайтиришда умрбод қамоқ жазосидан самаралироқ эканига доир биронта далил йўқ;
– «Amnesty International»нинг таҳлилига кўра баъзи ҳолатларда одамлар адолатсиз судлар туфайли қатл қилинади.

Юлдуз ҲОЖИЕВА
таржимаси