Вилоят прокуратураси тарихи тез орада китоб бўлади

16:00 - 18.05.2021

63

Мамлакатимизда қонун ҳужжатларининг бажарилишини назорат қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш прокуратура органлари зиммасидаги энг асосий вазифалардан.

Шу боис мазкур соҳада ишлаш ҳар бир ходимдан кенг қамровли ҳуқуқий билим ва маҳорат билан бирга жуда катта масъулият, фидойилик ва ватанпарварликни ҳам талаб этади. Буни прокуратура соҳасида фаолият олиб бораётган ёш ходимлар чуқур англаб етишлари лозим.

 Улар ушбу талабларни дилдан ҳис этишларида соҳада узоқ йиллар самарали меҳнат қилган фахрийларнинг ҳаётий тажрибалари асқатиши табиий. Ана шуларни назарда тутиб, вилоят прокуратурасининг мажлислар залида прокуратура органларида фаолият олиб бораётган ёш мутахассисларнинг тизим фахрийлари билан учрашуви ташкил этилди.

Вилоят прокурорининг ўринбосари Убайдулла Саъдуллаев бошқариб борган мазкур тадбирда прокуратура фахрийси, ёзувчи Сафар Каттабоев ва Ўзбекистон прокуратура органлари фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази вилоят бўлимининг бошлиғи Шомурод Қўшоқов иштирок этди. Тадбирда фахрийлар прокуратура органлари ходимларининг касб одоби, ўз вазифасини профессионал даражада ва виждонан бажариши мамлакатимизда қонун устуворлигининг таъминланишига, одамларнинг адолат тантанасига, давлатимиз сиёсатига бўлган ишончининг янада ошиши, пировардида буларнинг ҳаммаси мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилишини алоҳида таъкидлашди. Прокуратура органларида меҳнат қилаётган ҳар бир ёш мутахассис қонунларнинг ижросини назорат қилиш ва таъминлаш жараёнида, энг аввало, ўзи соҳа ходимларининг касб-одобига, қонун ҳужжатлари талабларига, белгиланган тартиб-интизом ва кўрсатмаларга қатъий риоя этмоғи ва бу борада бошқаларга ибрат бўлмоғи лозимлигини қайд этиб ўтишди.

Шунингдек, С. Каттабоев Республика Бош прокурорининг топшириғи билан вилоят прокуратураси тарихини ёзаётганлиги, шу ҳақда ким нима билса, китобнинг юзага келишига ўз ҳиссасини қўшган бўлишини ҳам таъкидлаб ўтди.

Ш. Қўшоқов эса ёшлардан ким қандай маслаҳат сўраса ҳар доим тайёрлигини, ҳозир ишлаш учун ҳамма шарт-шароит яратилганлигини, илгари бирорта туман билан телефонда боғланиш учун баъзан ярим кун вақт керак бўлганлигини, ҳозиргидай компьютер техникалари бўлмаганлигини, ёзув машинкасини чиққиллатиб баъзан тунни тонгга улаганликларини гапириб берди. У ўз сўзида ёш мутахассислар ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўйича жаҳон тажрибасини ва чет тилларни ўрганишлари лозимлигини ҳам қайд этиб ўтди.

Учрашув сўнгида фахрийлар ёш мутахассисларнинг барча саволларига атрофлича жавоб қайтаришди.

Жасур ШУКУРОВ,

Қашқадарё вилояти прокурорининг катта ёрдамчиси.