Хавфли рецидивист яна жиноят қилди

14:30 - 18.05.2021

15

Наманган шаҳрида туғилган фуқаро – беш марта судланган хавфли рецидивист Отахон Камалов 2020 йил 29 сентябрь куни яна жиноят қилди. У куппа-кундузи Нукус шаҳридаги масжид олдида турган «Жентра» автомашинасининг эшигини бузиб очиб, салондаги 4 млн. 300 минг сўмлик иккита телефон ҳамда 2 млн. 300 минг сўм пулни ӯғирлаб кетди.

А.Камалов 3 октябрь куни Амударё туманидаги «Юсуп эшон бобо» масжиди ёнига келди. «Ласетти» автомашинасининг эшигини очиб, 750 минг сўмлик телефон ва 500 минг сўм пулни олиб кетди.

А.Камалов шундан кейин таниши, хавфли рецидивист Б.Муҳиддинов билан бирга жиноятга қўл урди. 7 октябрь куни Нукус шаҳрида Т.Аллаяровга тегишли «Нексия-2» автомашинасидан 12 млн. 500 минг сўм пулни ӯмарди.

Улар жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 9 октябрь куни Б.Исмоиловнинг «Юсуп эшон бобо» масжиди олдида турган «Ласетти» автомашинасидан 3 млн. 300 минг сўмлик иккита телефонни ӯғирлашди.

А.Камалов кейин ўғирликни ёлғиз давом эттирди. 10 октябрь куни Нукус шаҳридаги «Инфинбанк»нинг олдида турган К.Отамуратовга тегишли «Ласетти»ни нишонга олди. Унинг эшигини бузиб очиб, 220 минг сўмлик сумкани олаётганида автомашина сигнализацияси ишлаб кетди. Жиноятчини миллий гвардия ходимлари кўриб қолишди.

Шундай қилиб, бировларнинг мулкига кӯз олайтирган шахслар қӯлга олиниб, уларга нисбатан жиноят иши қӯзғатилди. Суд томонидан А.Камалов 3 йилу 6 ой, Б.Муҳиддинов эса 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.