Мармарга бой ерлар машмашаси

18:00 - 17.05.2021

16

Навоий вилояти прокуратураси маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш гуруҳи томонидан суднинг ноқонуний қарорларига протест келтирилиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилмоқда.

«Прокуратура тўғрисида»ги қонунининг 35-моддасига кўра прокурор процессуал қонунда белгиланган тартибда ўз ваколатлари доирасида суднинг ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ва қарорига протест келтиришга ҳақли. Зарур ҳолларда у протест келтириш тўғрисидаги тақдимнома билан юқори турувчи прокурорга мурожаат этади.

2020 йилда вилоят маъмурий судида биринчи инстанция суди қарорларининг 6 таси апелляция, 10 таси кассация тартибида келтирилган прокурор протестларига асосан бекор қилинган.

Жумладан, Хатирчи тумани ҳокимининг 2020 йил 4 мартдаги қарори билан «Шерали Бобур 2018» фермер хўжалигининг ери захирага олинган. Фермер М.Муҳаммадиевнинг ҳоким қарорини ғайриқонуний деб топиш ҳақидаги аризасини Хатирчи тумани маъмурий суди рад қилган.

Ҳокимлик Ер кодексининг 36-моддасига биноан ижара шартномасини бекор қилмасдан ерни захирага қайтариб олгани сабабли суд қарорига нисбатан вилоят прокуратураси томонидан кассация тартибида протест келтирилиб, ноқонуний қарор бекор қилиниб, ер фермер хўжалигига қайтарилиши таъминланди.

Бош прокуратурага назорат тартибида протест келтириш ҳақида 3 та тақдимнома киритилган бўлиб, барчаси қаноатлантирилган. Хусусан, «Jom marble» МЧЖ шаклидаги хорижий корхонаси раҳбарининг Навоий вилояти прокуратурасига қилган мурожаатини ўрганиш натижасида Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан берилган лицензияга кўра мазкур корхонага ажратилиши лозим бўлган мармар қазиб олиш участкасининг бир қисми Нурота тумани ҳокими томонидан «Gasgan granite» МЧЖга ноқонуний ажратиб берилгани аниқланган ва вилоят прокуратурасининг протестига асосан ер захирага қайтарилган.

Нурота тумани маъмурий судининг 2020 йил 6 январдаги ҳал қилув қарори билан «Gasgan granite» раҳбарининг аризаси қаноатлантирилиб, прокуратура протестини қаноатлантириш ва ерни захирага қайтариш ҳақидаги ҳоким қарори бекор қилинган.

Суднинг қарорига нисбатан келтирилган кассация протести вилоят судида рад қилингач, вилоят прокуратурасининг тақдимномасига асосан Бош прокуратура томонидан келтирилган назорат тартибидаги протест Олий судда қаноатлантирилиб, қуйи инстанция судининг қарорлари бекор қилинган ва «Gasgan granite» раҳбарининг аризасини рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Натижада «Gasgan granite»га ноқонуний берилган 8 гектар ер туман захирасига қайтарилган. «Jom marble» корхонасига мармар ҳамда гранит кони очиш мақсадида 15 гектар ер ажратилиши таъминланган.