Чақмоқли кеча

10:30 - 17.05.2021

11

Рамазон шукуҳи кезаётган шу кунларда онам айтган гапни эсимга олдим: «Бу ой руҳан покланиш, нафсни тарбиялаш, феълни сайқаллаш мавсумидир. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадислардан бирида муборак ой ҳақида «У сабр ойидир, сабрнинг савоби эса жаннатдир. У кўнгил овлаш ойи дир. У мўминнинг ризқи зиё да қилинадиган ойдир» деганлар. Бу ойда Қуръони карим нозил бўлган. Унда минг ойга тенг кеча бор. Рамазонда ҳар бир яхши амалнинг ажри бир неча баробар кўпайтириб берилишини асло унутма, ўғлим».

Аслида ҳар сафар Рамазон бош ланди дегунча онам билан боғлиқ бир нохуш хотира ёдимга тушиб, виждон азобида қовриламан. Бу воқеа менга нафақат яхшиликнинг ажри, балки ёмон амалнинг жазоси ҳам бир неча марта кўпайиб қайтишини исботлаган.

…Адашмасам, рўзанинг учинчи куни эди. Машина олган кезларим. Улов эскироқ бўлсаям бир неча йил пул жамғариб, ниҳоят орзумга эришганимдан ўзимда йўқ шодман. Ишдан келиб машинамни ювдим, қоп-қора автомобилимнинг ювган сари ярақлашидан ҳузурланардим. Кечқурун онам шундай деб қолди: – Неъматжон болам, Бибисора холанг анча оғирлашиб қолибди. Эртага ишдан келсанг, бирга бориб кўриб келсак яхши бўларди. Сени жуда яхши кўради-ку…

Бибисора хола – отамнинг қариндоши. Болалигимда уларникига кўп борардим. Меҳнаткаш, болажон аёл эди. Фарзанди бўлмагани учун бизни жуда суяр, учрашиб қолгудек бўлсак совға, қанд-қурс бериб бизни хурсанд қиларди. Бир сафар отам «Хола, нега овора бўлаверасиз? Бунча харажат қилишнинг нима кераги бор?» деганида Бибисора хола «Ундай дема, жиян. Сизлардан бошқа кимим бор?! Эртага менга бир нарса бўлса, сўнгги йўлга кузатадиганлар шулар-ку!» деб синиққина кулимсираб қўйган эди. Холанинг оғриб қолганига бир йилдан ошди. Тўғри, бу орада мен ундан хабар ололмадим, аммо онам бир неча марта борди. Шуларни ўйларканман, бу сафар менинг ҳам борганим дурустлигини айтдим.

– Унда эртага тандирда сомса ёпаман, – деди онам. – Узоқяқин қариндошлар ҳам холанинг ёнида дейишаяпти. Борсак бироз ўтириб қайтамиз. Худога шукур, машинамиз бор, кеч бўлса-да келаверамиз, – деди онам машина олганимиздан қувониб. Дарҳақиқат, улов олаётганимизда онам беҳад севинган эди. Ҳатто «Имом Бухорийни зиёрат қилсам армоним йўқ» деб пенсиясидан йиққан озроқ пулини ҳам қўярда-қўймай машинамга қўшган, мен қаршилик қилсам, «ахир машинали бўлсак, зиёратга ўзинг олиб борасан» деган эди. Бу зиёратгоҳга бориш муаммо эмас, аммо онам бир умр оила, бола-чақа ташвишини деб ўзига ҳеч вақт ажратмаган. Раҳматли отам оламдан эрта ўтиб кетгач, икки-уч жойда фаррошлик қилиб, опаларим ва мени бировдан кам қилмай ўстирай, элга қўшай деб дам олишсиз ишлади.

…Эртасига азонда ишга йўл олдим. Ўша куни кун бўйи ҳавонинг авзойи бузилиб турди. Иш вақтим тугашига яқин шамол кучайди. Уйга қайтарканман, бугун Бибисора холаникига ўтишимиз кераклигини эсладим. Холанинг уйи анча олисда – қўшни туманнинг энг чеккасида жойлашган. Бунинг устига, кўчаси асфальтланмаган. «Бунақа ҳавода шариллаб ёмғир ёғворса, машинам расво бўлади-ку» дейман ўзимга ўзим. Ёмғир ёғмаса ҳам у ерларнинг чанги ёмон. Шамолда чанг-тўзон машинамга ёпирилади. Хуллас, боргим келмади, темир матоҳимни аядим.

Ҳовлимда машина қўйишга жой йўқ, ҳали гараж қуришга улгурмагандим. Шу боис машинамни уйимиз олдидаги қари терак тагига қўярдим. Бу сафар ҳам шундай қилдим. Машинанинг товушидан келганимни билган шекилли, онам тезда тоғорасини кўтариб чиқиб қолди.
– Неъматжон, кетдикми?
– Онажон, ҳавони қаранг. Бошқа сафар бора қолайлик, – дедим унга.

– Биламан, чарчагансан. Аммо бормасак бўлмайди, болам. Машинангда ғир этиб ўтиб келамиз. Пиёда юрмаймизки ёмғирда ивисак. Савоб бўлади ахир!

– Гап бундамас, – дея минғирладим. – Эринаётганим йўқ… Биласизми, шу… Бензин тополмадим. Аксига олиб, ҳеч қаерда йўқ. Ўйлаб топган баҳонам ишончли чиқди шекилли: – Шундайми?.. — деди онам бўшашиб. Кейин тезда дадиллашди. – Кун ботмасидан йўлга чиқа қолай бўлмаса. Бугун холаникида тунаб, эртага қайтарман.

Тоғорани кўтарганча хиёл оқсоқланиб кетаётган онамнинг ортидан қараб, тўғриси, раҳмим келди. Ҳаво сал тундлашса, тамом, оёғи зирқираб оғрийди. Шунинг учун уни йўлдан қайтармоқчи бўлдим.

– Йўқ, ўғлим, – деди онам кес кин бош чайқаб. – Бечоранинг аҳволи оғир эмиш. Бормасам, бирор гап бўлиб қолса, армонда қолиб юрмай дейман-да. Ахир бизга озмунча меҳр берганми?!

Ўғил-қизи йўқ муштипар аёл бўлса, рози-ризолик сўрашиб қолиш бурчимиз, болам… Сен хавотир олма, бормай юрган жо йиммас. Ҳозир автобусга ўтирсам, ифторгача етиб оламан. Сомсадан сенга ҳам қўйганман. Саҳарликда ухлаб қолма тағин.

Онам кетгач, ифторгача машинам атрофида парвона бўлдим. Ифтор маҳали телевизорни қўймоқчи эдим, бирдан ток ўчиб қолди. Шамол кучайса, доим шундай. Майли, қайтанга овқатланиб эртароқ дам оламан дедим-да, шам ёруғида чой дамлаб, сомса едим. Ётоққа кирганимда атроф зимзиё эди. Ўрнимга чўзилдиму кўзим илинди. Қанча ухлаганимни билмайман, бир маҳал қаттиқ қарсиллаш овозидан чўчиб уйғониб кетдим. Ташқарида шамол забтига олар, хонамдаги дераза очилиб кетган, пардалар ҳилпираб учарди. Шу пайт қаердадир ойна чилчил синди, кучук лар ҳурди. Бояги қарсиллаш ниманинг товуши экан дея ташқарига чиқдим. Атроф тим қоронғи. Кўзим ҳеч нимани кўрмасди. Негадир машинам томон бурилдим. Бир пайт чақмоқ чақиб, олам ёришиб кетди. Шунда… шунда қулаб ётган теракка кўзим тушди-ю юрагим шув этиб кетди. Ахир унинг тагида машинам бор эди-ку! Жон-жаҳдим билан югуриб дарахт яқинига бордим. Не кўз билан кўрайки, севимли машинам теракнинг остида пачоқланиб ётарди…

Хаёлимга келган илк фикр шу бўлди: агар ёлғон ишлатмаганимда бу ҳол рўй бермасди! Чунки онам билан кетганимда, эҳтимол, машинам омон қолармиди…

Эртаси пешинда Бибисора хола қазо қилганини айтишди. Мен боролмадим… Маъракалар ўтгунча онам уйга келмади. Машинамнинг аҳволидан кўра мени мушфиқ онамнинг юзига қандай қараш чўчитарди. У келгунча пачоқланган машинамни бир ёқли қилмоқчи ҳам бўлдим. Аммо на таъмирлата олдим, на ярим нархига бўлсин харидор топилди.

Айни пайтда онам йўқ. Онамнинг зиёрат ҳақидаги ниятини ҳам амалга оширолмадим. Чунки янги машина олишимдан сал олдин қазо қилди. Онани хушнуд этиш, дуосини олиш энг катта савоб эканини ҳеч бир фарзанд унутмаслиги керак экан…

Неъматжоннинг ҳикоясини
Юлдуз ҲОЖИЕВА оққа кўчирди.