Орият

12:00 - 13.05.2021

22

Пойтахтда турадиган пенсиядаги синфдошим Аҳмадали қўнғироқ қилди. «Сабриддин бошпанасиз қолибди-ку, қанақа ўртоқсизлар, хабарларинг борми?».

Умр давомида кўплаб таниш-билиш, дўсту биродар орттирамизу, барибир болаликдан бирга улғайган ўртоқларнинг ўрни бошқа. Қирқ беш йилча бўлди. Ёз, таътил кунлари эди. Курсдошим Хуррамжон қўярда қўймай уйига бошлаб борди. Қишлоққа бирров келган министр отаси сўрида, ҳамқишлоқлари даврасида ўтирганининг устидан чиқдик. Олдига бориб «ассалому алайкум» деб сўрашдик. Бирпас пойгакда ўтирдик. Суҳбат асносида тенгқурларидан бири министр билан сенсираб гаплашгани мени ҳайратга солди. Уйга кирганимизда Хуррамжон «отамнинг болаликдан тепишиб катта бўлган синфдош ўртоғи-да» деди.

Дарвоқе, менга қўнғироқ қилган Аҳмадали каби болаликда орттирган ошналар яхши-ёмон кунингда ёнингда туради, қўллайди.
«Юраги санчиб оғриши тўхтамаётган Олимжонни чақириб олдим,
шифохонага ётқиздик, – дея давом этди Аҳмадали. – Топган-тутгани
етмасакан, Иномжон билан қўллаб, даволанишига ёрдам бераяпмиз. Сизларда Сабриддин қурган уйга укаси эга чиқибди. Укасини йўлга солиб кўринглар, гапга кўнмаса бир чорасини қилинглар, қариганда кўчада қолмасин».

Олтмишдан ўтиб, етмишни қоралаб бораяпмиз. Ҳафтада бир, якшанба куни етти-саккиз синфдош чойхонада жам бўламиз. Гап нонтузда эмас, дийдор ғанимат. Қолаверса, ҳар кимнинг ўзига яраша ташвиши бор. Ош баҳона кўнгил ёзилади. Сабриддин ўтиришнинг ташкилотчиларидан бири.

Агрономликка ўқиган. Шаҳар теварагини энлаган, мева-сабзавот
етиштиришга ихтисослашган давлат хўжалигида ишлаб юрган кезлари бошпана қуриб олиш учун ер беришларини сўраб бир неча
бор хўжалик маъмуриятига, юқори ташкилотларга мурожаат этган. Аризалари қаноатлантирилмасдан қолаверган. Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки йилларида ота ҳовлисида оилалари билан тиқилиб ўтирганлар қатори Сабриддинга ҳам шаҳар чети, собиқ ширкат хўжалигининг (аввалги давлат хўжалиги) еридан
участка ажратиб берилган. У билан доим бирга юрадиган адвокат
Раҳимжоннинг гапига қараганда участкадаги уйини укасидан қайтариб олиши даргумон.

Меҳр-оқибат қадрсизланмаган ўша кезларда Сабриддин акаси ёрдамида участкада катта уй қуриб олади. Оиласидан ажрашгани туфайли янги битган олди айвон олти хонали уйни Салайдин акасининг оиласига топшириб қўяди. Ўзи шу янги ҳовлидаги алоҳида икки хонали меҳмонхонада кекса ота-онаси билан туради. Бирин-кетин улар вафот этади. Сабриддин иккинчи марта уйланади. Бир ўғил, бир қиз фарзанд кўради. Ширкат хўжалиги тарқаб кетиб ўрнида фермер хўжаликлари ташкил топган кезлари ишсиз қолади. 2000-йилларнинг бошида Россияга кетиб, қурувчи, такси ҳайдовчиси бўлиб ишлайди-ю, бири-икки бўлмайди.

Салайдин акасининг ўғли эса Германияда университетни битириб, ишлагани қолади. Акаси ўғли жўнатган пулларни йиғиб, шаҳар
марказидаги эски ҳовлилардан бирини сотиб олади. Уйни бузиб ўрнида икки қаватли муҳташам иморат қуради. Янги уйга кўчиб, чет
элдан қайтган тўнғич ўғлини уйлайди. Сабриддиннинг ҳовлисига
эса кенжа укалари Муҳриддинни уйлашади.

Овсинлар, аканинг хотини ва янги келин орасида гап қочади. Хорижда юрган Сабриддиннинг хотини Сиёсатхон «мен икки болам
билан икки хонали уйда турсаму, сизлар эру хотин олти хонали уйни
эгаллаб оласизларми?» дея турар жойларини алмаштиришни талаб
қилади. Салайдин акаси, маҳалла оқсоқоллари орага тушиб икки тарафни инсофга чақиришади, яраштириб қўйишади.

Кенжа укаси Муҳриддин янгасини аврайди. «Қишда газ, ёзда сув
танқис ҳовлида ўзингизни қийнаб нима қиласиз? Ана янги уйнинг
иккинчи қаватидан хонадон олиб қўйганман, ҳамма қулайликлари
бор уч хонали квартирада мазза қилиб турасиз» дея у енгидан кириб бу енгидан чиқади. «Менинг ишим юришиб турибди, ўзим янги участка олиб уй қурганимдан кейин ҳовлини сизларга бўшатиб
бераман» деган гапига ишонган аёл кўпқаватли уйдаги хонадонга
кўчиб ўтади. Сўнг Муҳриддин хориждан қуппа-қуруқ қайтган акасининг қарзларини тўлашга қарашиб юборади. Шу орада уни авраб, бошини айлантириб ҳовлини нотариал тартибда ўзининг номига расмийлаштириб олади. Акаси ҳовлига қайта кўчириб келган оиласи билан икки хонали меҳмонхонада туриши ҳам малол кела бошлайди. Ўртада гап қочиб, ака-ука гаплашмай қўйишади.
Низо газаклаб, кичик қайноғаси, овсинининг камситишларига
чидамаган Сабриддиннинг хотини Сиёсатхон яна кўпқаватли уйдаги
ўша хонадонга кўчиб ўтади. Сабриддиннинг ўзи кетишни хоҳламайди-ю, ноилож хонадонга бориб ётиб юради. Меҳнат стажини
тасдиқловчи иш ҳақи ведомостлари аввал ишлаган корхона ва хўжаликда тўлиқ сақланмагани туфайли оз пенсия тайинланган Сабриддинни бозорда мева олиб сотадиган Сиёсатхон жеркиб, беҳурмат қилиб бездиради. Ҳовлига бир ўзи қайтса ҳам укаси киритмайди. Участка унинг номига олингани, уйни биргалашиб қурганини яхши билган марҳум акасининг турмуш ўртоғи, хорижда ўқиб-ишлаб қайтган жияни орага тушиб Сабриддинни ҳовлига киритиб қўйишади. Битта ҳовлида турган, ҳар жума намозига масжидга қатнашни канда қилмайдиган, афтидан иймонли, саховатпеша кўринадиган Муҳриддин каби унинг хотини, болалари Сабриддиндан бир пиёла чой тугул, салом-аликни ҳам қизғанишади.
– Шунақа гаплар, – деди якунда адвокат синфдошимиз Раҳимжон.
– Қиргулидаги хонадон ҳам, ҳовли ҳам уканинг номида. Сабриддиннинг ўзи икки қўллаб бериб қўйган. Судда ютиб чиқа олмайди.

Шундай бўлса-да, таваккал судга даъво аризаси тайёрласам, ўқиб
кўриб, имзо қўйишни истамади. Ор қилди. Ака-ука уй талашаяпти
деган гапга қолишни истамади. Охирги якшанбаликка Сабриддин келмади. Бир неча кундан бери телефоннини ҳам кўтармайди. Сабабини Раҳимжондан билдик. «Ўтган куни ўзинг боравер-да десам,
қўярда қўймай марказий шифохонага бошлади, – деди у. – “Нексия“ машинасида авария қилиб синган икки оёғи сонигача, битта
қўли тирсагигача гипс қилинган Муҳриддинни кўргани палатага
кирдик. Бир ўзи ётибди, ёнидаги кароват бўш. Кўзида ёш милтиллади. “Худойим мени жазолади, ака, кечира олсангиз кечиринг” деб
юзини деворга бурди. Сабриддин “ёшсан, ҳали кўрмагандай бўлиб
кетасан, ҳаммаси яхши бўлади” дея кўнглини кўтарди. Уларни холи
қолдирдим. Бугун эрталаб телефон қилдим. Улана олмай буёққа келаётиб уйига учрасам, муомаласи 180 даража ўзгарган келинининг айтишича, укасининг олдида экан». «Укаси ва келин инсофга келгани рост бўлсин» дейишди ошналар.

Исроил ИБРОҲИМОВ,
«Huquq»