Бир йил еганини уч йил қусади

10:30 - 13.05.2021

16

Б.Юсупов касбига, ҳамкасбига, унга ишонган одамларга хиёнат қилди. У 2013 йилдан 2020 йил март ойига қадар Тошкент шаҳридаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирида бош ҳисобчи лавозимида ишлаган. Дастлаб ўзининг ҳалоллиги билан жамият раҳбари А.Ҳакимовнинг ишончини қозонди. Шундан сўнг раҳбар унга жамиятнинг банкдаги ҳисобрақамини масофавий бошқариш учун мўлжалланган «Bank client» электрон дастурига кириш ваколатини беради. Мазкур ваколатни қўлга киритгандан сўнг Беҳзоднинг нияти бузилди. У омонатга хиёнат қилишни ўйлади.

Б.Юсупов жамият раҳбари А.Ҳакимов номига «Ipak yo‘li» банки амалиёт бошқармасидан пластик карта расмийлаштиради. Бу жараёнда ҳам у бир неча кишининг ишончини поймол қилади. Банк ходимлари уни МЧЖнинг расмий бухгалтери деб танишидан фойдаланган ҳолда ўзининг раҳбари номига пластик карта очиб, уни қўлга киритади. Шундан сўнг 2019 йилнинг февраль ойидан 2020 йилнинг март ойига қадар мазкур картага бўлиб-бўлиб жами 486 млн. сўм пул ўтказиб, ўз эҳтиёжига сарфлаб юборади.

Қинғир ишнинг охири вой бўлиши барчага аён. Б.Юсуповнинг ҳам қилмишлари фош этилди. Суриштирув жараёнида у айбига иқрор бўлди. Суд томонидан Б.Юсупов айбдор деб топилди ва унга иш ҳақининг 10 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.