Ўринбосар – нопок йўлда

13:34 - 12.05.2021

10

Коррупция – жамият тараққиётига рахна солувчи иллат. Мамлакатимизда бу иллатга қарши қатъий кураш олиб борилмоқда. Шунга қарамай, орамизда бу балога гирифтор бўлаётганлар учраб туриши ачинарлидир.

Ойбек Ўлмасов (исм-фамилияси ўзгартирилган) 2017 йилда Мажбурий ижро бюросига ишга қабул қилинди. Самарали меҳнати туфайли ижрочиликдан тезкор ходим ва туман бўлими бошлиғининг ўринбосари лавозимигача кўтарилди. Аммо амал юкини кўтара олмади шекилли, нопок йўлга кирди.

Маълум бўлишича, масъулияти чекланган жамият раҳбари Аслиддин Умрзоқов бўлим бошлиғининг ўринбосарига илтимос билан мурожаат қилади. Яъни, жамиятга ҳисобланган салкам 900 млн. сўмлик солиқни ёпиб бериш ёки йўқ қилишни сўрайди. Ойбек бу ишни 3000 АҚШ доллари эвазига ҳал қилишини айтади. Бунга рози бўлган жамият раҳбаридан дастлаб 1000 доллар ва 2 230 000 сўм пулни олиб ишлатиб юборади. Қолган пулни ҳам тезроқ беришини сўрайди. Аммо ниятига етолмайди. Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган тадбирда жамият раҳбаридан 2000 доллар олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ушланади.

Жиноят ишлари бўйича Наманган тумани судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида Ойбек Ўлмасов айбли деб топилди. Суднинг ҳукми билан унга 2 йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.