«Учинчи фарзандинг мендан эмас!»

10:30 - 12.05.2021

9

Олим Обидов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2005 йилда Гулчирой билан бир-бирига кўнгил қўйиб турмуш қурганди. Олим ҳарбий соҳада ишлар, шу боис улар яқинларидан узоқда – Фарғона водийсида яшарди.

Ҳаммаси Олимнинг 2010 йилда хизматдан кетиб, оиласи билан Қизилтепа туманига қайтганидан сўнг бошланди. Рўзғордаги етишмовчиликлар ортидан муроса қочди. Эр-хотин ўртасидаги муносабатлар таранглашиб борар, жанжалларни рашк ўти баттар алангалатарди.

Боғда бирга ишлаб юрган кезлари хотинини Ҳумоюн деган киши билан автомашинасида ва боғда бирга кўрган йигитнинг ичини ит тирнайди. Шундоқ ҳам жанжал аримай қолган оилада келишмовчилик кучайди. Бундай пайтларда қўлига эрк берган Олим участка нозирининг назоратига тушди, улар нотинч оилалар рўйхатига кирди.

Айтганча, О.Обидов 2019 йилда туғилган учинчи фарзандини тан олмади. Чунки боланинг отаси ўзи эканлигига шубҳаси бор эди. Мана шу ҳам эр-хотинни боғлаб турадиган ҳеч нарса қолмаганидан далолат берарди. Бундай ҳолатда ҳар икки томон ҳам ажрим ҳақида ўйлай бошлайди. Аммо Гулчирой осонгина таслим бўлишни истамасди, эрининг устидан судга ва ИИБга қилган шикоятлари натижасида Олим катта ўғли Орифни олиб уйидан чиқиб кетади.

Шундан кейин ўғли билан опасининг хонадонида вақтинча яшаб юради. 2020 йил 17 июнь куни маҳаллага уйини бўлиш ҳамда кийимларини олиб бериш ҳақида мурожаат қилади. Икки кундан сўнг эр-хотин маҳалла биносига чақиртирилади. Маҳалла вакиллари Г.Эминовага низоли хонадонни бўлиш ва эри ўзининг кийим-кечагини олиши кераклигини тушунтиришади. Бироқ Гулчирой уларни эшитишни хоҳламасдан бақир-чақир қилиб кетади. Бу жанжал О.Обидов маҳалла вакиллари билан бирга ўзига тегишли мулкларни хатлаш ва олиб кетиш учун уйига борганида баттар авжига чиқади. Гулчирой унинг нарсаларини олишига қаршилик қилади, жаҳл устида «сендан ҳам яхши эркаклар бор» дейди. Табиийки, хотиннинг бундай маломати ҳар қандай эрнинг юрагини тешиб ўтади. Олим ҳам бу гапдан дарғазаб бўлиб, агар уйига бошқа эркаклар келса уни ўлдиришини айтиб, ҳовлидан чиқиб кетади.

Опасининг уйига қайтиб, аламидан пиво олиб келиб ичди. Ичкарига кириб ётди. Қулоғининг остида турмуш ўртоғининг «сендан ҳам яхши эркаклар бор» деган сўзлари жаранглайверди. Олим ўзини камситилган, ғурури оёқости қилинган билиб, хотинидан қасд олишни дилига тугди. Молхонадаги темир-терсаклар орасидан ломни суғуриб олиб, соат 22 ларда ўзининг ҳовлисига қараб от солди.Дарвозадан кириб борганида ташқари чироқлар ўчирилган, Гулчирой ҳовли чеккасида, чап томонга қараб ўтирган эди. Кароватда укасини олиб ўтирган Комила отасига кўзи тушиб, «Она, қочинг, отам келаяпти» деб бақирди. Аммо Г.Эминова қочишга улгурмади. Олим турмуш ўртоғига яқинлашиб бориб қўлидаги лом билан бошига икки марта урди. Буни кўрган ўн яшар қизалоқ укасини кароватга қўйиб, ёрдам сўраш учун қўшнининг уйига чопди. Аммо… Жаҳл ва алам устида яхши ният билан бир ёстиққа бош қўйган жуфтининг умрига зомин бўлган О.Обидов жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти судининг ҳукми билан 18 йилга озодликдан маҳрум қилинди.