«Каналлари» ҳам ҳунарлари каби кўп

18:00 - 12.05.2021

5

Олий маълумотли Диёр (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Қўштепа тумани халқ таълими бўлимида ишлаб юрган кезлари одамларнинг эътиборига тушиб қолганди. Гарчи ишдан кетган бўлса-да, ҳалиям ўз фаолиятини давом эттираётгани, барча соҳаларда «каналлари» борлигини айтиб, Алдаркўсага айланди.

Хусусан, таниши Ҳидоят бир неча марта ҳужжат топшириб, университетга ўқишга кира олмаган экан. 2019 йилнинг март ойида Диёр унга қўнғироқ қилиб, Фарғона давлат университетининг жисмоний тарбия факультетида ўқиётган бир йигит вафот этгани, ўқув шартномасидан қарзи борлиги, ушбу қарзни тўласа, унинг ўрнига 2-босқичдан ўқишни давом эттириши мумкинлигига ишонтиради. Ҳидоят дастлаб унга 400 АҚШ доллари, сўнг 850 минг сўм беради. Орадан бир ҳафтача ўтиб телефонда «ўқишга қачон бораман?» деб сўрайди. Диёр «ўзим айтаман» дейди-ю қайтиб қўнғироқ қилмайди. Аёлнинг қўнғироқларига жавоб бермай қўяди.

9-синфни тамомлаб, коллежда ўқишни давом эттирмаган Сожида 2020 йили олий ўқув юртига ўқишга киришни ихтиёр этади. Университетга ўқишга кириш учун 11-синфни тамомлагани ҳақида аттестат зарурлиги туфайли май ойида ўқишни давом эттириш учун туман халқ таълими бўлимига учрайди. Ҳужжат қабул қилиш 1 май куни якунланганини билиб тарвузи қўлтиғидан тушганда Диёр билан танишиб қолади. У «сизга Фарғона шаҳридаги танишларим орқали аттестат олиб бераман» деб ваъда қилади. Сожида ҳожатбарорга ҳужжатларига қўшиб 125 минг сўм бериб қўяди. Орадан бир ҳафта ўтиб уйига келган Диёр тағин 270 минг сўм сўраб олади. Сожида шериклари билан аттестат олгани Фарғона шаҳридаги 13-мактабга борганида алданганини англайди.

Одамларни лақиллатиб пулини олиш бобида тажриба орттирган фирибгар энди йирикроқ луқмага қармоқ ташлайди. Томорқа олмоқчи бўлиб юрган таниши Ойжамолга «Деҳқонобод маҳалласида оғайнимнинг 10 сотих ери бор, 40 млн. сўм берсангиз, сизга расмийлаштириб бераман» дейди. Аёл ўзи яшайдиган кўчанинг бошидаги ушбу ерни олишга жон деб рози бўлади. 2018 йилнинг май ойидан 2019 йил июнь ойига қадар Диёрга жами 2600 доллар ва 15 млн. сўм ҳамда «онамнинг номига оламиз» дея онасининг паспортини бериб қўяди. Диёр Ойжамолга гўё ер онасининг номига ўтгани ҳақида архитектура идорасининг муҳри босилган ҳужжатни кўрсатади. Ерга солиқдан 3 млн. сўм қарз бор экан, тўлаб ҳужжатларингни тўлиқ қилиб бераман» дея алдаб юради. Ойжамол ернинг эгаси томорқани бошқа бировга сотганини эшитиб, Диёрдан пулини қайтариб беришни талаб қилади. Фирибгар эрта-индин дея алдайди. Ойжамолдан ташқари яна икки кишининг  Диёр Тиллаевдан пулини ундириб беришни сўраб департаментнинг туман бўлимига қилган мурожаати ўрганилди ва жиноят иши қўзғатилди. Тергов давомида учала жабрланувчига ҳам пулини тўлиқ қайтариб берган фирибгарга суд ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.