«Ё тўлайсиз, ё бўшайсиз…»

16:30 - 12.05.2021

18

Ўқитувчиликнинг машаққати кўп, шарафи ундан ҳам зиёда. Муаллимнинг юриш-туриши, феъли, гапириши шогирдлар учун ҳам, атрофдагилар учун ҳам ибрат. Бухоро шаҳридаги мактаблардан бирининг директори Икром Тоҳиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) таълим соҳасида 26 йилдан бери ишлаб келади. Директорликка 2019 йилда тайинланган. Аммо жаноб директорнинг феъли айниди.

Мазкур мактабнинг рус тили фани ўқитувчиси Ойгул Ҳабибова 2020 йил 3 январдан 10 январгача ишга келмаган. Директор бунинг сабабини суриштирди.

– Онам бетоб бўлиб қолди. Шунга Ғиждувонга кетишимга тўғри келди, – деди муаллим.

– Табелда прогул кўрсатсам, қонунга биноан синов даврида ишга келмаганингиз учун ё ишдан бўшатиласиз, ё интизомий жазога тортиласиз, – деди директор. Бундан О.Ҳабибованинг кўнглига ғулғула тушди.

Январь ойи якуни бўйича табел тўлдирилаётганда директор муаллимни чақиртирди.

– Ишдан бўшаб кетсам қийналиб қоламан, домла…

– Ундай бўлса келишайлик. Ишга келмаган кунларингиз эвазига 500 минг сўм келтириб берасиз. Мен эса табелни тўлдириб қўяман…

Табел тўлдирилди. Аммо келишилган пулдан дарак йўқ. 7 февраль куни муаллимни кўриб қолган директор унга келишувни эслатди.

Мактаб директори хизмат хонасида О.Ҳабибовадан 500 минг сўм пора олаётганида ушланди. Йиллар давомида йиғилган обрўга путур етди.

Суд ҳукми билан айбдор деб топилган И.Тоҳировга 3 йилу 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.