Нақдлаштириш тадбиркорликми?..

15:00 - 12.05.2021

6

Ҳабибулла Наманган шаҳрида «Ecomax trade invest» масъулияти чекланган жамиятини рўйхатдан ўтказиб, раҳбарлик қила бошлади. У жамиятнинг низомида кўрсатилган ишни қилмай, пул кўчириб сотиб олинган маҳсулотларни нақд пулга сотиш билан шуғулланади. Дастлаб пул ўтказиш йўли билан олган маҳсулотларини турли шахсларга пуллаб, 16 млрд. 527 млн. 800 минг сўм тушумни банкка топширмайди.

Шунингдек, Ҳ.Акрамов Янгиқўрғон туманида «Apex best» масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилади. Унинг раҳбарлигини ҳам ўз бўйнига олади. Жамиятнинг низомига кўра бу МЧЖ улгуржи ва чакана савдо, қандолатчилик билан шуғулланиши лозим эди. Лекин Ҳ.Акрамовни ишлаб чиқаришдан кўра нақд пул кўпроқ қизиқтирарди. Шунинг учун пул кўчириш йўли билан сотиб олинган маҳсулотлардан бир қанчасини 13 млрд. 926 млн. сўмга сотиб, тушган пулни банкка топширмайди.

Бундан ташқари, Ҳ.Акрамов ўзи раҳбарлик қилаётган МЧЖларнинг даромадларини яшириб, бюджетга солиқ тўлашдан бўйин товлайди. Жумладан, у «Ecomax trade invest»нинг 2019 йил якуни бўйича солиқ идорасига тақдим этган ҳисоботида 1 млрд. 941 млн. 202 минг сўмлик солиқни яшириб, камайтириб кўрсатади. «Apex best»нинг солиқ идорасига тақдим этган ҳисоботида 2 млрд. 846 минг сўмлик солиқни яшириб, камайтириб кўрсатади. Оқибатда давлат бюджетига жуда кўп миқдордаги солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар тўланмайди.

Қонунга хилоф иш ошкор бўлмай қолмайди. Ҳабибулланинг ҳам қинғир ишлари фош бўлди. Жиноят ишлари бўйича Норин тумани судининг ҳукми билан у 4 йилга озодликдан маҳрум қилинди.