Қаровсиз боғ, номсиз мақбара

13:00 - 11.05.2021

13

Халқимизда “Бўрини оёғи боқади” деган нақл бор. Бу нақл худди журналистлар ҳақида айтилгандек. Ҳамкасбларимиз билан Водилга йўлга отландиг-у бир талай мақолага мавзу топиб қайтдик.

Номи ўзига мос Водил чиндан ҳам очиқкўнгил кишилари, кўнгилни хуш қиладиган манзараси билан бизни ўзига мафтун этди.

Фарғона тумани марказининг қоқ юрагида “Чинор таги” истироҳат боғи жойлашган. Боғ чинорлар билан ўралгану, аммо ташландиқ ҳолга келиб қолганига гувоҳ бўлдик.

Бу ерга киришингиз билан Андижон, Жалолобод, Наманган, Хўжанд, Ўш, Фарғона вилоятлари ҳокимликлари томонидан дўстлик рамзи сифатида 1992 йилда ўрнатилган ёдгорлик тошига кўзингиз тушади. Арчалар орасида уч марта Меҳнат қаҳрамони Ҳамроқул Турсунқуловнинг ҳайкали бор. Боғда турли хил дарахтлар бўлиб, сизга қандайдир ёқимли ҳисни инъом этади. Бироқ, боғ қаровсиз, бегона ўт-ўланлар билан қопланган. Аттракционлар эса яроқсиз ҳолатда.

Бу ердаги мақбаранинг номи ёзилмаган. Сайр қилиб юрган икки йигитдан бу кимнинг мақбараси эканини сўрадик. – Билмасак, лекин ўрнатилганига анча бўлган, – дея жавоб беришди.
“Фарғона тумани тарихи” китобидан мақбара Ҳожа Аҳмад Валийга тегишли эканини ўқиб билдим. Ривоятларга кўра, у Ҳазрат Алининг жиловдори. Яна бир афсонада келтирилишича, Ҳожа Аҳмад Яссавийнинг авлоди бўлган. Буюк зотнинг мақбарасига лавҳа ёзиб қўйиш ёдларидан кўтарилган чоғи…

Мақбаранинг шундоққина ёнида жойлашган “Фарғона тарихи музейи” аҳволи ачинарли. Бино нураб кетаётганини сезиш қийин эмас. Шундай бўлса-да, музейдаги экспонатларни кўришга ошиқиб, қулф очилишини анча кутдик, аммо унинг ичидаги осори-атиқаларни дераза ортидан кўра олдик, холос.

Минг йилларни кўрган азим чинор ҳам айнан шу боғда. Маҳаллий аҳолининг айтишича, бу чинор мактаб вазифасини ҳам бажарган. Бироқ, қадимий чинор ҳам етарли даражада муҳофаза қилинмаган. Одамларнинг қўли тегмайдиган даражада атрофи ўраб қўйилиши керакмасмиди. Ҳозир эса унинг ичида болалар бемалол ўйнаб, пўстлоқларини кўчиришяпти. Яна катта-катта қилиб, “давлат томонидан сақланади” деб ёзиб ҳам қўйишибди. Муҳофазалаётгани шу бўлса…
– Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги “Ўзбекис тон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги маданий мерос департаменти фаолиятини ташкил этиш ҳамда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига биноан, ҳудудлардаги маданий мерос обеъктларини муҳофаза қилиш маҳаллий ҳокимликлар зиммасига юклатилган, – дейди Вилоят маданий мерос бошқармаси бош мутахассиси Акрам Эргашев.

Табиати сўлим маскандан қайтаётиб беихтиёр шоир Муқимий ҳазратларининг таърифи ёдимга тушди: “Водил” мақоми дилфизо, Кўчаларидур дилкушо, Анҳорида оби сафо, Себарга, обишор экан.

Биз Водил, хусусан “Чинор таги” истироҳат боғи шоир таърифига мос бўлишини жуда-жуда хоҳлардик.

Шоҳсанам ЭШМАТОВА,
журналист