«Доимо ҳақиқат тарафидаман!»

12:00 - 10.05.2021

31

Эзгу ишлари билан эл орасида ҳурмат қозонганлар ҳеч қачон унутилмайди. Одил Амирқулов ана шундай инсонлардан эди. 1957 йилда оддий ишчи оиласида таваллуд топган О.Амирқулов ўқишга қизиқиши, тиришқоқлиги билан тенгқурлари орасида ажралиб турарди. 1974 йилда мактабни аъло баҳоларга тамомлагач, Душанбе давлат университетининг юридик факультетига ўқишга кирди. 1979 йилда таҳсилни тугатгач, Қашқадарё вилояти прокуратураси умумий назорат бўлими прокурори лавозимида иш ўрганувчи сифатида иш бошлади.

Вилоят прокуратурасида бўлим прокурори лавозимида иш ўрганувчи вазифасида иш бошлаган ёш мутахассис Одил Амирқулов «Доимо ҳақиқат тарафида собит туриб, адолатни ҳимоя қиламан!» деб дилида ўзига сўз берди. Қаерда ва қайси лавозимда ишламасин, аҳдига содиқ қолди. Шу йўлда собитқадамлик билан ишга киришар экан, билимдонлиги, интилувчанлиги билан ҳамкасбларининг назарига тушди. 1989-1994 йиллардаги ўтиш даври – оғир ва таҳликали даврда ҳам ҳеч кимга ноҳақлик қилмади.

Билмаганларини устозларидан сўраб билди. Улардан касб сирларини ўрганди. Сермулоҳазалик, етти ўлчаб бир кесиш, мардлик ва сўзида собитлик каби фазилатлар ҳам унга устозлар ўгити билан ўтди.

Одил ака ўттиз саккиз йиллик фаолияти давомида кўплаб ёшларга устозлик қилди.

– Прокуратура ходими иш жараёнида вазифасини тўлиқ бажариш учун олий ўқув юртида олган билимларига таянади, албатта, – дейди Ғузор тумани прокурори Баҳодир Эркаев. – Ҳар бир соҳанинг ўзига хос хусусияти, нозик жиҳатлари борки, амалиётда айрим муаммоларнинг ечимини топиш учун катта тажриба ва билимга эга бўлган кишиларга мурожаат қилишга тўғри келади. Шу тарзда устоз-шогирдлик анъанаси вужудга келади. Мен ҳам Одил акадан кўп нарса ўрганганман.

– Отам 64 ёшида вафот этди, – дейди Одил аканинг ўғли, вилоят прокуратураси бўлим катта прокурори Диёрбек. – У ҳаёти давомида бизга ибрат бўларли эзгу ишларни қилди. Прокуратура ходими сифатида эл-юрт корига яраш, муаммоларини бартараф этишни инсоний бурчи деб билди. Мен ҳам отамдек прокуратура ходимиман. Доим отам сингари халқимга, ватанимга сидқидилдан хизмат қилишга ҳаракат қиламан. Бундан у кишининг руҳи шод бўлади деган умиддаман.

Ҳа, Одил Амирқулов ана шундай ажойиб хислатларга эга инсон эди. Инсоннинг умри қанча яшагани билан эмас, қандай яшагани билан ўлчанади дейишади. Юртга садоқат билан хизмат қилгани, муносиб шогирдлар тайёрлагани, оқил ва қобил фарзандлар тарбиялаб элга қўшганининг ўзи Одил Амирқуловнинг чироғи ҳар доим ёниқлигининг белгиси эмасми? Устознинг охирати обод бўлсин, чироғи ҳеч қачон ўчмасин.