«Қамоқхоналар бўшаб қолса эди…»

10:30 - 10.05.2021

45

Прокуратуранинг мажлислар зали, табриклаш навбати устоз Тугал Раджабовга берилди. У киши бироз нафас ростлаб, ҳар доимгидек залга синчковлик бир қараб олиб сўзлай бошлади:

– Она заминимизга қаранг, қанчадан-қанча масжидлар, черковлар, умуман олганда покланадиган, қалбни ғубордан тозалайдиган жойлар бор. Бу биноларнинг биронтаси қулфланмайди ёки қўриқланмайди. Таажжубки, аксарияти бўм-бўш.

Она заминимизга қаранг, қанчадан-қанча қамоқхоналар бор. Ҳаммаси мустаҳкам деворлар, қалин панжаралар, тиканли симлар билан ҳимояланган. Ҳатто қуролли соқчилар, итлар билан қўриқлашади. Таажжубки, барчаси лиқ тўла.

Сизу бизнинг мақсадимиз пок инсонларни кўпайтириш, биринчи бино тўлса-ю иккинчи бино бўшаб қолса…

Самарқанд вилояти прокуратураси органлари Тугал Раджабов билан ҳар қанча фахрланса арзийди. Чунки устоз ҳаётининг асосий қисмини прокуратура фаолиятига бағишлаб, энг юқори унвонларга эришди ва ёруғ юз билан пенсияга чиқди. Шундан сўнг ҳам йигирма йил давомида фахрийларни қўллаб-қувватлаш билан бирга ёшларга, шогирдларига устозлик қилиб, умрининг охиригача прокуратура органлари ривожига ҳисса қўшди.

Тугал Раджабов 1940 йилда Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида таваллуд топган. 1971 йилда Навоий вилояти Хатирчи тумани прокуратурасининг терговчиси лавозимида иш бошлаган. Кейинчалик шу туман прокурорининг ёрдамчиси, Самарқанд шаҳри прокурорининг катта ёрдамчиси, Самарқанд вилояти прокуратурасининг катта терговчиси лавозимларида ишлаган. 34 ёшидан бошлаб раҳбарлик лавозимларида ишлай бошлаган.

2002 йили пенсияга чиққан устоз уйида ўтиришни ўзига эп кўрмади. Салкам 20 йил давомида Самарқанд вилояти прокуратураси органлари фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик ҳудудий бўлимига раислик қилди. Шу даврда фахрийларни эъзозлаш, қўллаш, ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтказиш ва сиҳатгоҳларга юбориш, оилавий шароитидан хабар олиб туриш, ҳар байрамда йўқлаш анъана тусига кирди.

Тугал Раджабов фаолияти давомида бир неча марта Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Самарқанд вилояти прокуратураси раҳбарлари томонидан рағбатлантирилган.

Устоз талабчан раҳбар ва хушфеъл инсон сифатида ҳурмат қозонди.  Сермазмун ҳаёти давомида ўз касбига содиқ бўлиб, меҳнатсеварлиги ва ёшларга ғамхўрлиги билан барча ҳамкасбларимизнинг эъзозига сазовор бўлди. Бугун прокуратура органларида у кишининг юздан ортиқ шогирди фидокорона хизмат қилмоқда.  80 ёшида оламдан ўтган тажрибали мураббий, меҳрибон устоз Тугал Раджабовнинг хотираси ҳамиша ёдимизда.